Ўзбекистонда 2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божи бекор қилинади. Шунингдек, юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади.
Чироқчи туманида 52 ёшли эркак меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани айтилмоқда. Олий суд ҳолат бўйича жиноят иши 7 апрель куни ёпиқ суд мажлисида кўрилишини маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси референдум учун хориждан 26 нафар, жумладан, Грузиядан 3 нафар, Озарбайжондан 2 нафар, Индонезия ва Нидерландиядан 1 нафардан кузатувчи аккредитациядан ўтганини маълум қилди.
Тошкент аэропортида шарқона кўринишдаги меҳмонхона очилади. Унга ташриф буюрувчилар учун маълумот таблоси, ҳаммом ва душ хонаси тақдим этилади, қабулхона кечаю кундуз ишлайди ва ҳар бир йўловчига самолётга чиқиш учун индивидуал таклифнома тақдим этилади.
1 майдан даромади етарли бўлмаган аҳоли ҳам ипотека кредити олиши мумкин бўлади. Тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллар ҳисобга олинади. Аҳолига ҳовлисини кенгайтириш ва уй сотиб олиш учун 3,2 трлн сўм кредит ажратилади.
Буюк Британия бокс федерацияси май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилди. Бундай қарорга Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз мамлакат байроқлари остида мусобақада қатнашиши сабаб бўлган.
Президент «Янги Ўзбекистон» массивлари бўйича уйларни топшириш ишлари чўзилиб кетгани учун 9 та вилоятда ҳокимларнинг қурилишга масъул ўринбосарлари ва Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилди.
30 апрелда бўладиган референдумда овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқлади. Унда янги «Конституцияни қабул қиласизми?» деган саволга «ҳа» ёки «йўқ» жавоблари акс этган. Бюллетенларни кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Санкт-Петербургдаги кафеда «ҳарбий офицер» Максим Фомин (Владлен Татарский) ҳалок бўлган портлашга алоқадорликда гумонланган Даря Трепованинг турмуш ўртоғи Дмитрий Рилов Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмагани ва шунга кўра мамлакатда бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилди.
26 апрель куни Тошкентда афсонавий Пласидо Домингонинг Алессандро Сафина ва бошқалар иштирокидаги фусункор опера кечаси бўлиб ўтади.
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп 4 апрель куни Нью-Йорк судига келди ва у ерда ҳибсга олинди. Унга ҳисоб-китобларни сохталаштириш бўйича 34 та банд бўйича айблов қўйилди. Тингловдан кейин Трамп Флоридага қайтди.
Индонезияда 4 нафар ўзбекистонлик «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террор ташкилотининг ташвиқотини ижтимоий тармоқларда тарқатганликда гумонланиб, қўлга олинди. Гумонланувчиларнинг буюмлари далил сифатида олинган.
Шухрат Даулетияров Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар қурилиш соҳасида бир қатор лавозимларда фаолият юритган.
Президент қарорига кўра, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади. Шунингдек, ўзганинг товар, хизмат кўрсатиш белгисидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.
Жанубий Кореядаги автомобилсозлик корхоналарига чарм етказиб берувчи JM компанияси Тошкент вилоятида қўшма корхона очиши мумкин. У ердаги чарм Корея компанияларига етказилади. Шунингдек, компания Ўзбекистондан тайёр ва яримтайёр чармни харид қилишни бошлайди.
Ўзбекистон президенти БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гаргавий билан технологиялар, сунъий интеллект, рақамлаштириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, кадрлар тайёрлаш бўйича лойиҳаларни муҳокама қилди. Вазирга «Дўстлик» ордени топширилди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўрганишларига кўра, 86 фоиз ота-оналар фарзандларининг касб бўйича танловини маъқулламоқда. Қизлар кўпроқ шифокор ва ўқитувчи касбини танлаган бўлса, йигитлар IT мутахассислиги, шифокор ва иқтисодчи касбларини афзал кўрган.
Тижорат банклари 5 апрель куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 325 — 11 370 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 395 — 11 460 сўм.
Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси 6 апрель куни чақирилади. Унда давлат чегарасини қўриқлаш, Озарбайжон билан ҳарбий ҳамкорлик, Қозоғистон билан маҳкумларни топшириш ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳақидаги қонунлар кўриб чиқилади. Ташқи ишлар вазирлиги ва омбудсман ҳисоботи эшитилади.
Таниқли журналист, МТРКда масъул лавозимларда фаолият олиб борган Соҳибжон Алижонов 55 ёшида вафот этди. Унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлгани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг