Пойтахтга янги ҳоким, яқин кунларда зилзила қайта бўлмаслиги, 4 йилга қамалган Қарши шаҳри собиқ ҳокими, референдум ўтказувчи округ комиссиялари таркиби, жарималар бўйича чегирмалар 50 фоизгача оширилгани, айрим товарлар хариди учун қайтариладиган ҚҚС ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкентда 27 мартдан 5 апрелга қадар иссиқ сув таъминотида бир кунлик узилишлар кузатилади. Бу кунларда иссиқлик тармоқлари синовлардан ўтказилади.
Тожикистонда тунда содир бўлган зилзила эпицентрига яқин жойлашган бир қанча қишлоқларда маҳаллий аҳолининг уйлари ва автойўллар қисман зарар кўрди. Бироқ асосан пойдеворсиз хўжалик иншоотлари шикастланган. Инсонлар ўртасида қурбонлар қайд этилмаган.
36 ёшли хонанда Дилмурод Далиев ўзи билан бирга яшаб юрган аёлни ўлдирганликда гумонланиб, қўлга олинди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, санъаткор аёлга бир неча марта пичоқ уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган.
Пойтахтнинг электр энергиясига бўлган 75 фоизлик талабини қондириш мақсадида Тошкент вилоятида умумий қуввати 2400 мегаватли 4 та қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилади. Уларнинг 3 таси Хитой компаниялари иштирокида қурилади.
Қамчиқ довонида калава ип ортилган IVECO русумли юк машинаси кабина қисмида ёнғин содир бўлди. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмади.
Президент 2024 йилгача 34 турдаги озиқ-овқат ва товарлар — пишлоқ, творог, шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок, беҳи, йогурт, кефир, сут маҳсулотлари, макарон, чўчқа гўшти импортига 2024 йилгача ноль ставка жорий этилишини тасдиқлади. Пиёз, салат барги импортига ҳам имтиёзлар жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 23 март куни референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди ва уларнинг таркиблари тасдиқлади.
«Ўзавтосаноат» компанияси раиси, Бош прокуратура департаментининг собиқ раҳбари Шавкат Умурзоқов Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, дея «Газета.uz»га ҳукуматдаги манбалари маълум қилди.
Ўзбекистонда яқин кунларда яна зилзила кузатилиши ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз. Сейсмология институти ходими Қаҳарбай Абдуллабеков бир ҳудудда бўлган зилзила иккинчисини келтириб чиқармаслиги, фақат унинг ортидан айрим афтершоклар кузатилиши мумкинлигини маълум қилди.
Қурилиш вазирлиги ва First Developing Group компанияси Тошкентдаги Parkent Plaza турар жой мажмуаси фасадининг ёрилишига зилзила сабаб бўлганини рад этди. Ёриқлар 2020−2021 йилларда ёмғир ва сифатсиз ғишт маҳсулотлари туфайли юзага келгани ва компания етказиб берувчини судга бергани маълум бўлди.
2016−2019 йилларда Қарши шаҳрига ҳокимлик қилган Жамшид Фозилов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У Жиноят кодексининг 4 та моддаси билан айбли деб топилди. Шунингдек, 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Вазирлар маҳкамаси қарори билан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа ҳамда парваришлаш нафақаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «проактив шакл»да тайинланади.
Жамият ва давлат тараққиёти, эртасининг қандай бўлиши сифатли таълимга боғлиқ. Ўттиз йилдан ошди — нега ҳамон ўзимиз истаган таълим тизимини ярата олмаймиз? Қачон ва қай тариқа мақсадга эришиш мумкин? «Газета.uz» жавобни таълим эксперти, масъул ходим ва ўқитувчидан эшитишга қарор қилди.
UzAuto томонидан Нурафшонда байрам сайли ташкил қилиниб унда меҳмонлар кўнгилларини шод этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Ўзбекистонда 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Шунингдек, аҳолига берилган ерларда кўчат, уруғ, ўғит ва техника етказиб бериш учун жами 500 миллиард сўм берилади.
1 майдан ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарималарга 15 кун ичида тўланса, 50 фоиз, 30 кун ичида тўланса, 30 фоиз чегирма берилади. Тартиб суд қарорларига асосан қўлланадиган жарималар учун ҳам амал қилади.
Ўзбекистон ва Малайзия ислом молияси бўйича мутахассисларни тайёрлаш доирасида ҳамкорлик қилади. 2023 йил Малайзия Ютара университети ҳузуридаги ислом бизнес мактаби делегацияси Ўзбекистонга амалий сафар уюштиради ва республика мутахассислари учун семинар ҳамда тренинглар ўтказади.
23 мартдан Ўзбекистон бўйлаб таровеҳ намозларини адо этиш бошланди. «Газета.uz» Тошкент, Андижон, Наманган ва Термиздаги масжидлардан фоторепортаж тайёрлади.
Жаҳон банки, Европа комиссияси ва БМТ ҳамкорлигида ўтказилган янги ҳисоб-китобларга кўра, Украинани урушдан кейин тиклаш учун камида 411 млрд доллар керак бўлади. Харажатларнинг энг катта қисми энергетика секторига тўғри келмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг