Ўзбекистонда расман қайд этилган коронавирус ҳолатлари сони 55593 тага етди. Якшанба куни 448 кишининг инфекцияга чалингани тасдиқланди.
26 сентябрь куни Ўзбекистонда 491 кишининг коронавирусга чалингани тасдиғини топиб, аниқланган барча ҳолатлар сони 55 мингтага яқинлашди.
COVID-19 га антитана ва антигенга экспресс тестларни сертификатлаштирмасдан Ўзбекистонга импорт қилишга рухсат берилди. Грипп ва коронавирусга қарши вакциналар соддалаштирилган тартибда олиб келинадиган дорилар рўйхатига киритилди.
25 сентябрь куни Ўзбекистонда 496 кишида (бир кун аввал — 519 та) коронавирус аниқланиб, жами ҳолатлар сони 54462 тага етди. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони эса 450 нафарга етди.
Россия Ўзбекистонга 2020 йилда 10 миллион доза, 2021 йилда 25 миллион дона коронавирусга қарши вакцина етказиб бериши кутилмоқда. Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (РТИЖ) ва Laxisam фармацевтика компанияси Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасини юборишга келишувга эришди.
Ўзбекистон аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 54 мингтага яқинлашган бўлса, касалликдан соғайганлар сони 50,4 мингдан ошди.
Қашқадарё вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Азизов 45 ёшида коронавирусдан вафот этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги кун давомида 590 та янги коронавирус ҳолати қайд этилганини маълум қилди. Умумий кўрсаткич 53,4 мингдан ошди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, шунингдек, унинг ўринбосарлари Ботир Парпиев ва Азизбек Икромов коронавирусга чалинди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова эса COVID-19 билан касалланиб, даволанган ва ҳозирда ишга чиққан.
Ўзбекистонда коронавирус бўйича расмий статистика маълумотлари юзасидан саволлар бор. Daryo.uz нашрининг беморлар 2−3 кун ичида «тузалиб кетаётгани» тўғрисидаги мақоласидан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудлар бўйича батафсил статистикани эълон қилишни тўхтатди. Олдинроқ вафот этган коронавирус беморларининг жинси, ёши, исм-шарифининг бош ҳарфлари ва яшаш (даволаниш) жойлари бўйича маълумотларни очиқлаш ҳам тўхтатилган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 юқтириш ҳолатлари бўйича ҳафталик рекорд ўрнатилганини эълон қилди — бир ҳафтада 2 млн киши инфекция юқтирган. Касалланганларнинг катта қисми Шимолий ва Жанубий Америкага тўғри келади.
Ўзбекистонда 21 сентябрь куни 619 кишида коронавирус инфекциясини аниқланиб, жами ҳолатлар сони 52259 тага етди. Вафот этганлар сони эса 438 (+5) нафарни ташкил этмоқда.
Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси Севара Убайдуллаева эмлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, ОИТС касаллигининг турли босқичларида, вакцинанинг асосий воситасига аллергия бўлса ва болаларда баъзи неврологик касалликларни зўрайиб бориши даврида эмлашга рухсат берилмайди.
Роспотребнадзор Ўзбекистон коронавирусга қарши «Вектор» маркази ишлаб чиқарган вакцинани ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.
Ўзбекистонда 20 сентябрь куни 648 та коронавирус ҳолати аниқланди (бир кун олдин- 614 та). Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19−19 статистикасига сўнгги ҳафтада Германияда даволанган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг ўлими ҳақида маълумотни ҳам киритди.
Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди. Аввалроқ унга коронавирус ташҳиси қўйилган эди. Сиёсатчи охирги вақтларда Германияда даволанаётган бўлган.
Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 50 мингдан ошди. 18 сентябрь куни 617 та янги ҳолат қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябрда коронавирусдан вафот этди, дея хабар қилган 11 ёшли бола 5 сентябрда оламдан ўтгани маълум бўлди. Унда қатор оғир ёндош касалликлар бўлиб, диспансер назоратида турган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябрь куни Ўзбекистонда 599 та янги коронавирус ҳолати қайд этилгани, вафот этган 6 кишидан бирининг ёш бола эканини маълум қилди.
1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон карантин ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаво, темир йўл ва автомобил транспорти орқали мамлакатга кириш ва чиқишда чекловларни бекор қилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг