Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Словенияда коронавирусга чалинди. Шу сабабли, у Дубайда бўлиб ўтадиган йиғинда қатнаша олмайди, унинг ўрнига ёрдамчи мураббийлар машғулот ўтказади. Қолаверса, жамоа ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркиновда ҳам COVID-19 аниқланиб, карантинга олинган.
Сешанба куни Ўзбекистонда 604 та янги коронавирус инфекцияси аниқланган ва 4 киши вафот этган. Бундай кўрсаткич охирги марта сентябрь ойида қайд этилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият хавотирли бўлиб бораётганини маълум қилди.
Душанба куни 425 кишида коронавирус аниқланди. Яна 4 киши касалликдан вафот этди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтган Республика махсус комиссияси йиғилишида ниқоб тақмаганлар жаримага тортилмаслиги, аксинча огоҳлантирилиши таъкидланганини маълум қилди. «Йўлда тўхтатган милиция, Миллий гвардия ходими ўзи ниқобни „илтимос шуни тақиб олинг“ деб беради. Ҳеч қандай жарима тўғрисида гап йўқ», — деди у.
Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш даражаси ошгани туфайли қатъий карантин жорий этиш режалаштирилгани йўқ. Оммавий тадбирлар бекор қилинмаган, аммо эпидемиологик вазиятга қараб чоралар кескинлашиши мумкин, дея таъкидланди пойтахтда ўтган ССВ ва СЭО матбуот анжуманида.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев илк «омикрон» аниқланган бемор билан бирга самолётда 130 нафар ўзбекистонлик, 70 нафар чет эл фуқароси бўлганини ва уларнинг барчаси карантинга олинганини маълум қилди. У шунингдек, Ўзбекистонда омикрон 7 январь куни аниқланса-да, 8 январь кунги хабарда омикрон аниқланмагани айтилганига изоҳ берди.
Ўзбекистонга COVAX глобал дастури доирасида беғараз ёрдам сифатида 500 минг дозадан ортиқ Moderna вакцинаси олиб келинди.
Ўзбекистонда якшанба куни деярли 390 кишида коронавирус аниқланди, 3 нафар коронавирус бемори вафот этди.
Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини тугаши биланоқ кунлик коронавирус ҳолатларида яна кескин ўсиш кузатилди. 8 январь куни пандемия бошидан буён қиш мавсумидаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди, кейинроқ мамлакатда омикрон штамми аниқлангани айтилди. Ҳозиргача Ўзбекистонда коронавирус тўлқинлари асосан баҳорнинг охирида бошланиб, қишгача давом этаётган эди.
ССВ 7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланганини маълум қилди. 8 январь ҳолатига COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари рекорд даражада қайд этилиб (369 та ҳолат), умумий касалланишлар сони 200 мингдан ошди.
COVID-19`га қарши кураш бўйича махсус комиссия карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Барча ташкилотларга ходимларни фақат эмланганидан кейин иш жойига киритишга рухсат берилади. Давлат органларига ҳар қандай тадбир ўтказиш тақиқланади. Аҳолини тўлиқ эмлаш жараёни жадаллаштирилади.
Сўнгги икки кун ичида Ўзбекистонда 397 киши коронавирус юқтириб олди, уч киши эса вафот этди. 5 январгача COVID-19`га чалинганлар сони 100 кишидан ошмаётган, 9 кундан бери эса ўлимлар қайд этилмаган эди.
Буюк Британия 10 январдан Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларини расман тан олишни бошлайди. Эндиликда вакцина олган ўзбекистонликлар Англияга кириш учун ПЗР тестини тақдим этишлари шарт бўлмайди.
2021 йилда коронавирусга қарши 39,2 млн доза вакцина қўлланилган. Жумладан, 13,5 млн нафардан ортиқ фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ эмланди. Вакцина олганларнинг энг катта қисми Самарқанд вилоятида.
«ПСЖ» нинг тўрт нафар футболчиси — Лионель Месси, Хуан Бернат, Серхио Рико ва Натан Битюмазала коронавирусга чалинди. Улар навбатдаги бир нечта учрашувларни ўтказиб юборади.
Жаҳон банки 2021 йил бўйича берган шарҳида, пандемия фонида кечаётган глобал миқёсдаги нотекис иқтисодий тикланиш, вакциналардан фойдаланиш имкониятининг тенгсизлиги, даромад йўқотилишидаги фарқлар ва таълимдаги тафовутларни қайд этиб, ўтган йилни «тенгсизликлар пандемияси» деб атади. Банк маълумотларига кўра, пандемия сабаб дунё миқёсида ўта қашшоқликда кун кечираётган аҳоли сони қарийб 100 миллионга етган.
Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими 1 ноябрдан ниқоб тақиш бекор қилинганлигини айтган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги «Газета.uz»га тиббий ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинмаганлигини маълум қилди. Ходимнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
29 декабрь куни охирги 6 ой ичида биринчи маротаба коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмади. Касаллик юқтирганлар сони эса яна 100 нафардан ошиб кетди.
Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical биофармацевтика компанияси улар яратган вакцина коронавируснинг омикрон штамидан ҳимоя қила олишини билдирди. Қайд этилишича, тадқиқотлар компаниянинг рекомбинант вакцинаси ҳар қандай даражадаги коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш самарадорлигини 81,43% кўрсатган.
Ўзбекистонга Хитойдан 1 млн доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилди. ССВ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар сони 49 млн дозадан ошди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг