Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airways ва Silk Avia компанияларини устун мавқега эга деб топди. Иккита компания маҳаллий авиаташувлар, бундан ташқари, Uzbekistan Airways халқаро йўналишларда йўловчи, юк ва почта ташувлари бозорининг 40 фоиздан ортиғини эгаллайди.
Беш йилда кичик ва ўрта бизнеснинг кредит портфелидаги улуши 40 фоиздан 28 фоизгача пасайди. Президент кичик бизнес субъектлари ҳисобидан йирик лойиҳаларни молиялаштириш амалиётидан воз кечиш кераклигини айтди. Кредит тарихини баҳолашда солиқ, электр, газ тўловларини ҳисобга олиш таклиф қилинмоқда.
Озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов Шавкат Мирзиёевга Чорвоқ бўйида жойлашадиган Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм маркази лойиҳасини тақдим этди. У 500−700 гектар майдонда дам олиш масканлари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, турар жой мажмуалари ва бошқаларни ўз ичига олади.
Стратегик ислоҳотлар агентлигида тунги иқтисодиётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. ИМВ вакили тунги вақтда ишлашнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш, ИИВ уни назорат қилувчи алоҳида орган тузиш, ССП ва РТВ вакиллари эса бунинг учун ихтисослаштирилган ҳудудлар ажратишни таклиф қилди.
Президент туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифини маъқуллади. Улар маҳалла бизнес имкониятларини ўрганади, аҳоли ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Банклар, шунингдек, резидентларни кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш ва маҳсулотини сотишга ўргатади.
Ўзбекистонда 9 та давлат банкига 2025 йилда оилавий тадбиркорлик дастурини амалга ошириш учун 1 млрд доллар миқдорида кредит жалб этиш тавсия этилди. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида банклар томонидан 300 млн сўм миқдорида шартсиз кредитлар ҳам ажратилади.
Президент банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилишини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев ҳозирда банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк борлиги, улардан тезроқ қутилса, қўшимча ресурс ва 150 минг иш ўрни яратиш учун захира пайдо бўлишини айтди.
Ўзбекистон иқтисодий комплексидаги 297 нафар раҳбар маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича ишларда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ишдан олинди. «Маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Энергетика вазирлиги биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми тўрт баробар оширилганини маълум қилди. 6 декабргача 2000 тонна Аи-80 бензини чиқариб келинган бўлса, 12 декабрь куни бу миқдор 8000 тоннадан ошди. Шунга қарамай, бензин нархи деярли ўзгармаяпти.
Президент қарори билан 2025 йилдан бошлаб икки йил давомида белгиланган талабларга жавоб берувчи комбайнлар ҳамда кўчат кўмиш ва очиш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улуши 54 фоизга етказилишини маълум қилди. Давлат раҳбари, шунингдек, 2025 йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилишини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида қиймати 3,7 млрд долларлик 18 та янги қувватни ишга туширди. Янги лойиҳалар орқали 4 миллиондан ортиқ хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланиши таъкидланди.
«Ҳудудгазтаъминот» иссиқхоналарга газ етказиб беришга вақтинчалик чекловлар киритмоқда. Чекловлар ҳаво ҳарорати кескин пасайган вақтда қўлланилиб, қувурларда газ босими барқарорлашганда бекор қилинади.
Президент йиғилишида айтилишича, чарм саноатида бичувчи, тикувчи, косиб каби ўрта бўғин кадрлари етишмаяпти, йилига бор-йўғи 167 нафар мутахассис тайёрланмоқда. Давлат раҳбари пойабзал соҳаси ривожланган вилоятларда корхоналарни техникумларга боғлаб, дуал таълимни йўлга қўйишни буюрди.
Марказий банк банклар эски намунадаги 100 долларлик банкнотлар билан операцияларни тўхтатгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди. Регулятор бундай купюраларни айирбошлашда қийинчиликларга дуч келинса, ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди.
Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши соҳасидаги инсофсиз бизнесга тўлов тизимининг тартибсизлиги, рақамлаштириш ва ошкоралик йўқлигини сабаб қилиб кўрсатди. У банклар қурувчи ва харидор ўртасида кафил бўлиб, аҳоли маблағларини кафолатлайдиган эскроу тизими бўйича ҳуқуқий асос яратиш топшириғини берди.
Ноябрда Ўзбекистон аҳолиси орасида сезилган инфляция даражаси 14,1 фоизгача кўтарилди, дея хабар берди Марказий банк. Бу охирги 15 ойдаги максимал кўрсаткич ҳисобланади. Респондентларнинг аксарияти гўшт, сут, бензин, ёқилғи, электр энергияси ва газ нархлари кескин ошганини қайд этган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун Давлат бюджетида кўрсатилган маблағ янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беришини таъкидлади. Вазирликка кўра, ота-оналардан ижара учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолди. «Аҳоли бирламчи эҳтиёжлари бўйича айрим харажатлар ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши инфляцион кутилмаларда ҳам намоён бўлмоқда», — дея қайд этган регулятор.
МҲТИ таҳлили натижаларига кўра, ноябрь ойида ҳам иккиламчи автомобиль бозорида ўртача нархлар пасайишда давом этди. Жумладан, кам фойдаланилган Onix`нинг ўртача нархи 5,4 фоизга пасайди. Маҳаллий люкс автомобиллар ва электромобиллар нархларида эса сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг