Uzcard 7 мартдан «Мир» тўлов тизими карталарини қабул қилиш тикланганини маълум қилди. Тўлов тизими карталари Uzcard тизими ҳамкор банкларининг барча қурилмалари томонидан қабул қилинади.
Ҳар қандай сиёсий зиддият, қуролли тўқнашув ва урушлар ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келиб, инсоният тараққиётининг бир неча йиллар ортда қолишига сабабчи бўлади. Уруш натижасида халқ камбағаллашади, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш таназзулга юз тутади, бутун бошли авлодлар, умрлар бой берилади. Урушнинг иқтисодиёт ва инсон капиталига салбий таъсири ҳақида — «Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи Муқаддамхон Саидрасулова мақоласида.
Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25% га қисқариши кутилмоқда. Мазкур тенденция Россия-Украина ўртасидаги сиёсий зиддиятлар сабаб Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва рубль курсининг кескин қулаши билан изоҳланган. Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21% га қисқариши кутилмоқда.
Россиянинг Smartavia ва iFly авиакомпаниялари Ўзбекистон шаҳарларига парвозлар тўхтатилганини маълум қилди. Жумладан, iFly 5 мартдан бошлаб компания мамлакатга барча йўналишлар бўйича барча режали рейсларни номаълум муддатга тўхтатади. Бекор бўлган рейсларда учишни режалаштирганларга чипта харид қилган авиакассаларига мурожаат қилишлари тавсия этилди.
Жума куни жисмоний шахслар банклардан 86,5 млндан ортиқ миқдорда Россия рубли харид қилган бўлса, 7,3 млн миқдорида рубль сотишган. 3−4 март кунлари ўзбекистонликлар томонидан банклардан жами 146,7 млн миқдорида Россия рубли сотиб олинди ва 12,8 млн рубль сотилди. Орадаги фарқ 11 баробардан ортиқроқни ташкил этди.
UzAuto Motors янги автомобилларига шартнома тузиш бошланган илк кундаёқ, сотилган машиналарнинг 52 фоизи қайта сотиш эҳтимоли билан харид қилинганини маълум қилди. Хусусан, бир шахс томонидан 35 та автоуловга шартнома тузилгани аниқланди. Компания қайта сотувчилар учун етказиб бериш муддатини яна 120 кунга оширишини эслатиб ўтди.
Марказий банк тижорат банклари рубль курсини мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгилаётганини маълум қилди. Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан хорижий валютани (нақд ва нақдсиз шаклда) олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича махсус тартиб ўрнатилгани айтилди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, «рубль учун имтиёзли коридор бекор қилинган».
АҚШнинг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни истисно қилди. OFAC ҳужжатига кўра, санкциялар тадбиркор 50 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қиладиган компанияларга қўлланиламайди. Ушбу истисно илгари бошқа сабабларга кўра чекланган Алишер Усмоновга тегишли активлари ёки компанияларнинг молиявий операцияларига тааллуқли эмаслиги айтилди.
Қашқадарёда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи шериги билан пора олаётганда қўлга тушгани айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Антикоррупция агентлиги Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси фаолиятида 1,2 млрд сўмдан кўпроқ молиявий хато ва камчиликларни аниқлади. Бирлашмада аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлангани, тиббиёт техникалари қиммат нархда сотиб олингани, пуллик тиббий хизматдан тушган маблағлар мақсадсиз сарфлангани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 10,18 сўмга кўтарилиб, 10 910,43 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, рубль курси ҳам кўтарилди. Евро курси эса пасайди.
Марказий банк маълумотларига кўра, пайшанба куни жисмоний шахслар банклардан 60 млн рубль харид қилган бўлса, қарийб 5,5 млн Россия валютасини сотган. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни «Россия-Украина ўртасидаги можарога қадар рублда импорт шартномаси тузганлар тезроқ эски нархларда тўловини амалга ошириш манфаатига эгалиги» билан изоҳлади.
Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинги Ўзбекистондаги «Капиталбанк» акцияларини сотилганини эълон қилди. Холдинг таркибидаги «Телекоминвест» (Россия) ва FINANCE TCI (Ўзбекистон) компаниялари февраль ойида «Капиталбанк»даги улушини 61,54 фоизга етказган эди.
Президент «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, тадбиркорлар ўз товарларида ишлаб чиқарилган жой номини кўрсатиши мумкин. Талабгорлар географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилиши лозим. Ҳуқуқ 10 йил давомида амал қилади, географик кўрсаткични бошқа давлатларда ҳам рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Самарқанд вилоятида фуқарони Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ноқонуний тарзда ишга киритиб қўйишга уринган шахс 50 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда. Қолаверса, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида ҳам ички ишлар идоралари ва Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишга ваъда берган шахслар қўлга олинди.
Apple, BMW, Lego, Ikea, Canon, FedEx каби логистика, рақамли технологиялар, онлайн-дўконлар, етказиб бериш хизматлари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи глобал компаниялар Украинадаги уруш ортидан Россияда ўз фаолиятини тўхтатмоқда.
Ўзбекистонда банклар ўзининг валюта айирбошлаш шохобчаларида Россия рублини алмаштиришни бошлади. Марказий банк уларга валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги «мақбул бўладиган фарқ даражасини» сақлаб қолишни тавсия қилди.
3 мартдан бошлаб Uzauto Motors Chevrolet Traverse ва Tahoe автомобилларининг янги моделларини харид қилиш бўйича аризаларни қабул қилишни бошлади. Traverse нархлари 469,2 млн сўмдан бошланса, Tahoe нархлари 597,6 млн сўмдан бошланади.
Рублнинг сўмга нисбатан расмий курси 15,38 сўмга пасайиб, 99,73 сўмни ташкил қилди. Рубль курси 2017 йил 5 сентябрдан буён илк бор 100 сўмдан пасайди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, доллар курси эса кўтарилди.
Европа Иттифоқи ВТБ (Россиядаги иккинчи йирик банк), Россия банки, «Открытие», Совкомбанк, Новикомбанк, Промсвязьбанк ва ВЭБ банкларини SWIFT тизимидан узиб қўйди. Шунингдек, ЕИ Россияга евродаги банкнотларни сотиш, етказиб бериш ва экспорт қилишни ҳам тақиқлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг