Қозоғистон Россиядан Ўзбекистонга газ транзитини режалаштирилганидек 1 октябрдан эмас, октябрь охирида бошлашни режалаштирмоқда. Қозоғистон энергетика вазирининг маълум қилишича, газ қувурида таъмирлаш ишлари давом этмоқда, етказиладиган газ ҳажми ҳам келишиб олинмоқда.
Марказий банк Банк назорати қўмитаси AVO bank`га (собиқ «Ўзагроэкспортбанк») устав капиталини талаб қилинган даражага — 200 млрд сўмга етказмагани учун кредитлаш ва бошқа харажатларни молиялаштириш ҳамда депозит операцияларини амалга оширишни тақиқлади.
Янги тартибга кўра, майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга рухсат берилади.
Ўзбекистонда Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда. Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорларини яратиш, электр энергиясини етказиб бериш ва тақсимлаш тарифлари ва тўлов ҳажмларини тасдиқлаш кабилар регуляторнинг вазифалари ҳисобланади.
Ўзбекистонда электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи «Ўзэнергосотиш» компанияси ташкил этилади. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» электр энергиясини етказиб бериш ва транзит қилишга жавобгар бўлади.
Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбарияти октябрь охирида бўлиб ўтадиган ICTWeek Uzbekistan 2023 ҳафталигида «мобил қуллик»ка барҳам берилишини эълон қилади ва рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш тартибини намойиш этади, дея хабар қилди вазирлик «Газета.uz»га .
Россиянинг «Герофарм» компанияси ва маҳаллий Zuma Pharma корхонаси инсулин препаратларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. «Герофарм»нинг қайд этишича, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича режалар сақланиб турибди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, «Яшил энергия» сертификати биржа савдоларига регистрант томонидан стандарт лотлар асосида сотувга қўйилади.
Ўзбекистонда электр ёқилғи қуйиш шохобчаларида электр энергиясига янги тарифлар жорий қилинганидан кейин нархлар кўтарилди ёки ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, TokBor компанияси нархларни бир кВт/соат учун 700 сўмга оширди.
Ўзбекистонда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган кам таъминланган оилаларга ипотека кредитлари учун давлат субсидиялари бериш яна бошланди.
Шавкат Мирзиёев Қатарда бир қатор йирик компания ва ташкилот раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, Al Mirqab Capital холдинги Ўзбекистонда логистика маркази, Nebras Power 1 ГВт қувватга эга шамол станцияси ва энергия сақлаш тизимини қуришни режалаштирмоқда.
Қатарнинг энг йирик миллий холдинги — Power International Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини қуришни режалаштирмоқда. Компания, шунингдек, тез орада мамлакатда ўз офисини очишини маълум қилди.
Сентябрь якунлари бўйича Ўзбекистонда 1,2 фоиз инфляция қайд этилди, йиллик инфляция эса 9,2 фоизгача тезлашди. Ўтган ойда Қозоғистондан ун импорти тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ушбу маҳсулот, шунингдек, тухум, сабзи ва картошка нархи кескин кўтарилди. Бензин ва метан нархи ҳам ўсмоқда.
Сармоя етишмаслиги сабаб Европа ва Марказий Осиё давлатлари иситиш сектори кўпинча стандартларга мос келмайдиган хизматлар кўрсатади ва харажатини тўлиқ қоплай олмайди, дейилади Жаҳон банкининг янги ҳисоботида. Банк таҳлилчилари ҳукуматларга барқарор иситиш тизимига ўтиш стратегиясини таклиф қилди.
МҲТИ Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасидан энг кўп даромадни Мирзо Улуғбек туманидаги уйлар келтираётганини маълум қилди. Уйлар нархи эса энг кўп Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманида қимматлаган. Ижарадан даромад ва уйлар нархи баландлиги аҳоли жамғармаларини кўчмас мулкка йўналтиришини рағбатлантиради.
Тошкентдаги омборхонада юз берган портлашда шикастланган автомобиллар утилизацияга юборилади, деб хабар берди BYD. Автомобилларни етказиб бериш бўйича барча мажбуриятлар шартномада кўрсатилган муддатларда бажарилади, дея таъкидлади компания.
Тунда портлаш кузатилган Тошкентдаги омборхонанинг очиқ ҳудудида ўнлаб янги импорт автомобиллар, жумладан, электромобиллар бўлган. Улардан баъзилари шикастланган. Божхона қўмитаси ходими омбор хўжалик субъектига тегишли бўлиб, божхона органларининг иншоотлари сирасига кирмаслигини қайд этди. Фото.
Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари ҳамда Майами халқаро аэропорти (АҚШ) маркетинг бўйича директори Тошкент ва Майами аэропортлари ўртасида мунтазам қатновларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Хитойнинг BYD компанияси Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, унинг қувватини 300 минг донага етказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш кўзда тутилган.
Геосиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, савдо ҳамкорлигида фақат битта давлатга таяниб бўлмайди — бу ишончли эмас, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон савдо шериклари ва инвестицияларини, жумладан, «иқтисоднинг нозик тармоқларида» диверсификация қилишга интилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг