«Ўзбекэнерготаъмир» АЖ АҚШнинг General Electric Global Parts and Products GmbH корпорацияси билан 60 млн долларлик шартнома имзолади. Шартнома доирасида Ўзбекистондаги электростанцияларнинг энергоблоклари модернизация қилинади ва янги эҳтиёт қисмлари етказиб берилади.
Хитойнинг King Long компанияси «Тошшаҳартрансхизмат»га 18 метрли электробусни топширди. Хабар қилинишича, у яқин кунларда йўналишлардан бирида ҳаракатлана бошлайди.
«Ўзбекистон темир йўллари» холдинг компаниясига айлантирилади. Президент аҳоли чипта сотишдаги коррупция, вагонлардаги шарт-шароитлар ва хизмат кўрсатишдан норозилиги ҳамда соҳага ислоҳотлар зарурлигини маълум қилди. Юк ташувчи темир йўл станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш таклиф этилмоқда.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда 2023 йилда иқтисодий ўсиш прогнозини 5 фоиздан 5,5 фоизга яхшилади. Банк иш ҳақи ва пенсиялар ошишига қарамай, аҳолининг реал даромадлари камайгани сабабли истеъмолнинг секинлашишига ишора қилмоқда. Инфляция кутилмалари эса МБ прогнозидан анча юқорилигича қолмоқда.
Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси Деҳли-Тошкент-Деҳли йўналиши бўйича мунтазам қатновларни йўлга қўйди. Парвозлар ҳафтасига тўрт марта амалга оширилади.
Ўзбекистон Марказий банки томонидан доллар курси ўзининг тарихий максимал қийматини янгилади ва 12 200 сўм чегарасидан ўтди. Йил бошидан буён миллий валюта 8,6 фоизга қадрсизланди.
Ўзбекистонда 1 кВт/соат электр энергияси таннархи 970 сўмни (2022 йил май ойидан +21,2% ошган), газнинг бир кубометри 1890 сўмни (+35%) ташкил қилмоқда, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги. Куни кеча Энергетика вазири бир кВт/соат электр энергияси нархи 800 сўмдан ошганини айтганди.
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга сафари давомида у ердаги ўзбекистонликлар билан учрашганди. Учрашувда қатнашган иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Қобилов тадбир тафсилотларини маълум қилди. Давлат раҳбари уларни кузатиб боришини таъкидлаган ва уларни «очиқ гапиришга» чақирган.
Фарғона вилояти Фурқат туманида Хитой компанияси билан йиллик қуввати 1000 дона бўлган электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, электромобилларни қувватлаш ускуналарини ва электробусларга аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Бир қисми Ўзбекистонга ўтган Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиб келинади. Бу бўйича келишувга Фарғона вилояти ҳокимининг Хитойга ташрифи давомида эришилди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонга импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати кенгайтирилди. Унга минора кранлари, ўзгарувчан ток генераторлари ва бошқалар киритилди.
Марказий Осиёда 30 йилдан ортиқ фаолият юритаётган Visa рақамли тўловлар компанияси Тошкентда ўз офисини очди. Компания раҳбарлари мазкур янгилик мамлакатда барча молия институтлари ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналари учун ёрдамнинг кучайишини қайд этди.
Citibank Ўзбекистонда шўъба банки офисини очишни режалаштирмоқда. Шавкат Мирзиёев бу таклифни Citigroup молиявий корпорацияси раиси Жон Дуган билан учрашувда маъқуллади.
«Шарқ» нашриёт-матбаа ижодий уйи ва ЎзА кўчирилади, уларнинг Тошкент марказидаги 1975−1979 йилларда қурилган бинолари сотувга қўйилади. Бу ерда «замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган ягона мулкий мажмуа»ни яратиш режалаштирилмоқда.
Иқтисодиёт вазирлиги олти ойда 2,6 млрд куб метр — 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 баробар кўп газ импорт қилганини билдирди. Бу Статистика агентлиги маълумотларидан фарқ қилади ва МБ раҳбарининг газ импорти туфайли бюджет тақчиллиги ошгани ҳақидаги сўзларига қисман ойдинлик киритиши мумкин.
Йилнинг биринчи ярмида Россиянинг «Лукойл» компанияси газ қазиб олиш бўйича маҳсулот тақсимлаш битимига биноан Ўзбекистонга 103,1 миллион доллар тўлади, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги. Бошқа МТБ лойиҳалари учун маълумотлар берилмаган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти прогнозига кўра, 2023 йилда глобал иқтисодий ўсиш ўртачадан паст даражада — 3 фоиз бўлиб қолади. Экспертлар аксарият мамлакатларда инфляция марказий банклар мақсадли кўрсаткичларидан юқори бўлишда давом этишини кутмоқда.
UZINFOCOM ягона интегратори K-root DNS серверини ишга туширди. Ўзбекистонда илдиз серверни жойлаштириш веб-ресурсларга кириш жараёнини тезлаштириши ва хорижий серверларга тобеликни камайтириши айтилмоқда.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги 26 та электр тақсимлаш подстанциясини рақамлаштириш учун 200 миллион доллар, Франция тараққиёт агентлиги эса 70 миллион евро ажратди. Бу экстремал об-ҳаво ҳодисалари пайтида минтақавий электр энергияси узилишларининг олдини олишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Ўзбекистон президенти Нью-Йоркда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори билан учрашиб, ташкилотга аъзо бўлиш бўйича ишларни муҳокама қилди. Унда ишчи гуруҳ йиғилишига тайёргарликни тезлаштириш, мутахассислар малакасини ошириш ва қонунчиликни ЖСТ талабларига уйғунлаштириш юзасидан келишувга эришилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг