2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Шундан, давлат ташқи қарзи 30,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 41 фоизни ташкил этади. 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг 66 фоизи ташқи манбалар ҳисобидан қопланиши мўлжалланмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 19,72 сўмга пасайиб, 10 745,40 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Президент қарори билан Қорақалпоғистоннинг айрим туманлари ва Хоразм вилояти тадбиркорларига қатор имтиёз ва преференциялар берилди. Мазкур ҳудудларда 85 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,09 сўмга кўтарилиб, 10 765,12 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Ўзбекистон январь-октябрь ойларида Хитойга умумий қиймати 601,3 млн долларга тенг 2,6 млн тонна газ экспорт қилган. Бу Ўзбекистон 10 ой давомида экспорт қилган жами газ нархи билан деярли тенг.
Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни миллий валютада (сўмда) амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Бироқ, норезидентларга криптоактивларни фақат хорижий валютага сотиш мумкин. Шунингдек мулкий таъминотга эга токенлар эмиссиясига ҳам рухсат берилди.
Ўзбекистон Буюк Британиянинг кенгайтирилган GSP тизими бенефициари мақомини олди. Шунингдек, ушбу тизим Ўзбекистонга умумий қиймати 437 млрд фунт стерлингдан (тахминан 585,5 млрд доллар) ортиқ истеъмол ва чакана савдо бозорига кириш имкониятини яратади.
Январь-октябрь ҳолатига Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,6 млрд долларни ташкил этиб, ўн ойлик даврда 7,8 млрд долларлик пассив ташқи савдо баланси кузатилди. Ташқи савдо айланмаси ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ошганига қарамай, 2019 йилдаги кўрсаткичга (34,3 млрд доллар) етиб келганича йўқ.
2022 йилда «снос"лар туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш мақсадида давлат бюджетидан 500 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,70 сўмга кўтарилиб, 10 756,03 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса пасайди.
Президент қарори билан Тошкент вилоятидан пойтахт туманларига ўтказилаётган суғориладиган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари плантация усулида жойлаштирилади. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилади. Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташкил этилади.
Сурхондарё вилоятида «Зарчоб-2» кичик ГЭСни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Станция 40 минг аҳолини электр энергия билан таъминлаш қувватига эга. «Ўзбекгидроэнерго» раиси Абдуғани Сангинов келгусида яна 2 та лойиҳа — Тўпаланг ва Мизоп-Киштут станцияларини ишга тушириш орқали дарё сувидан 5 маротаба фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади.
UzAuto Motors компанияси Chevrolet Captiva 5 автомашинасини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатганини маълум қилди. «Жаҳон автомобиль саноати оғир кунларни бошдан кечирмоқда ва бизнинг компаниямиз ҳам бундан мустасно эмас», — дейилади хабарда.
Марказий банк 1HLSW ва GlobalPay электрон пул тизимлари фаолиятига рухсат берди. Иккала тизимнинг ҳам эмитенти сифатидаги пулларни «Алоқабанк» АТБ чиқаради. Бу икки тизим билан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган электрон пул тизимлари сони 10 тага етди.
Франция, Қатар ва Япониянинг «EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation» компаниялари консорциуми Сирдарёда 1600 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуради. ИЭС 2025 йил ўрталарида ишга туширилиши режалаштирилган. Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Ўзбекистонга меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилда қарийб 7,6 млрд долларни ёки мамлакат ЯИМнинг 11,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Глобал макроиқтисодий прогнозларга мувофиқ, 2022 йилда пул ўтказмалари ҳажми 2,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 26,77 сўмга пасайиб, 10 741,33 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа идораларнинг аралашувидан сўнг Аи-80 русумли бензиннинг биржа нархлари пасая бошлади. Уч кун ичида ёқилғи нархи 9 фоизга арзонлашди, харидорлар сони эса кескин ошди.
Россиянинг ВЭБ.РФ ривожланиш корпорацияси ОКМК таркибида мис бойитиш фабрикаси қурилиши қуриш учун давлат кафолати ва таъминотисиз 712 млн евро миқдорида кредит ажратмоқда. Янги иншоот ҳисобидан завод 2028 йилга бориб катодли мис ишлаб чиқаришни йилига 400 минг тоннага етказишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон ва Россия ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, рублга ўтиши мумкин. Россия иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетниковнинг маълум қилишича, президент Путин бошқа давлатлар билан ҳисоб-китобларда рублдан фойдаланишни кенгайтириш бўйича тошпириқ берган. Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур механизм амалиётга жорий этилса, Россия билан ташқи савдо салбий сальдоси ошиши мумкинлигини қайд этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг