Бунёд Абдуллаев орадан қарийб 1 йил ўтиб, Экология давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимига қайта тайинланди. У 2021 йилнинг февралида ишдан бўшатилганди.
Президент қарорига асосан мактаблардаги ёшлар етакчилари штат бирликлари қисқартирилиб, унинг ўрнига республикадаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Уларга маҳалладаги хонадонлар сонига қараб, 4 млн сўмдан 5 млн сўмгача маош тўланади. Ҳар чоракда энг илғор 100 нафар етакчи эса бир ойлик маошга тенг пул мукофоти ҳамда «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.
«Вақф» хайрия жамоат фонди ўтган йили хайрия, закот, диний ташкилотлар, акциялар, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлардан келиб тушган 69 млрд сўмдан ортиқ маблағни хайрияга йўналтирди. Шундан 36 млрд сўмдан кўпроғи масжидлар ва зиёратгоҳ ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга, қарийб 7 млрд сўми ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам беришга, яна 10 млрд сўми пандемия даврида диний соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлашга сарфланган.
Кетма-кет иккинчи кун антирекорд янгиланди, чоршанба куни яна 1307 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди. Яна 4 нафар бемор вирус асоратлари оқибатида вафот этди.
«Ўзбекнефтгаз» жамияти тизимида 2021 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 717,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 91,9 млрд сўм камомад ва ўзлаштиришлар, 57,8 млрд сўм жамиятга зарар, 219,9 млрд сўм бошқа хато ва камчиликларни ташкил қилди.
Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Абатбай Данияров Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
«Сиёсий буюртма» га учраган пойтахтлик депутат, қайта кўриб чиқиладиган Тошкент жамоат транспорти концепцияси, танқидлар остида қолган «Сабрия» сериали, Ўзбекистон ва Тожикистон авиатехникаларни Афғонистонга қайтармаслигини айтган Пентагон, мижозларга магнитоласиз етказиб бериладиган Lacetti ва Cobalt, ишдан четлатилаётган эмланмаган ишчилар, Миразиз Бозоров иши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 19 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси бор-йўғи — 21 фоизни ташкил қилади, тизимда қарийб 400 та автобус етишмайди. Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун қулай эмас, бунинг оқибатида ЙТҲлар кўп содир бўлмоқда, дея таъкидланди президент иштирокидаги тақдимотда. Шавкат Мирзиёев янги автобус ҳамда электробуслар харид қилиш ва умуман, жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш бўйича кўрсатма берди.
Суд 20 январь куни тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга нисбатан жиноят ишини кўришни бошлайди. Жабрланувчилар 4 кишидан иборат бўлиб, улар орасида блогер Шухрат Мусаев ҳамда Аброр Мухтор Алий ҳам бор.
Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 45−50 минг нафар фуқаро коронавирусни аниқлаш мақсадида ПЗР-тест топширмоқда. Декабрнинг сўнгги ҳафтасида ушбу кўрсаткич 15−20 мингтани ташкил қилганди. Қолаверса, пойтахтнинг 12 та туманида 24 соат давомида ковидга бепул тест топшириш мумкин бўлган манзиллар рўйхати эълон қилинди.
Франция тараққиёт агентлиги 2022−2026 йилларда Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантиришни молиялаштириш мақсадида 100 млн евро қарз ажратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 147,7 млн евро бўлиб, у дастлаб Қорақалпоғистон, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида, кейинчалик қолган ҳудудларда амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қирғовуллар сонини кўпайтириш мақсадида ҳудудда 2 йил давомида уларни овлашга тақиқ эълон қилди. Экоқўмита ва ИИВга қирғовулларни ноқонуний овланишнинг олдини олиш ва қойидабузарларга нисбатан чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Асилбек Ашуров Пахтакор тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 2018 йилдан бери ишлаб келаётган Шукрулло Бобоевнинг ўрнини эгаллади.
Пентагон расмий вакили Жон Кирбининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Тожикистондаги Афғонистоннинг ҳарбий самолётларини жойлаштириш масаласи ҳамон кўриб чиқилмоқда. Бироқ, у «самолёт ва вертолётлар „Толибон“ фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига» ишонч билдирмоқда.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановнинг сўзларига кўра, «5 январдан кейин мурожаат қилган беморларнинг 90−95 фоизида ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти». У даволаниш муддати ўртача 5 кунни ташкил қилаётгани ва касаллик беморларда енгил кечаётганини маълум қилди.
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Sevimli телеканалидаги «Сабрия» сериали юзасидан муносабат билдириб, «ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман», — дея таъкидлади. Қолаверса, у сериалдаги аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ва исноддан қутулишнинг ягона «тўғри» йўли сифатида ўз жонига қасд қилиш кўрсатилган эпизодлар учун ижодкорларни танқид қилди.
Тошкентнинг Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов «сиёсий буюртма, провакациялар ва босим» туфайли депутатлик фаолиятини якунлаши мумкинлигини маълум қилди. «Газета.uz» билан суҳбатда у булар ортида «туман ва шаҳар ҳокимликлари билан боғлиқ уч-тўртта депутат» турган бўлиши мумкинлигини айтди. Сенат мазкур вазиятни ўрганмоқда.
Россияга ишлаш учун борган қашқадарёлик фуқаро интернет орқали халқаро террорчи тузилмалар таъсирига тушиб қолиб, Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштиргани айтилмоқда. У Ўзбекистон ДХХ ҳамда Россия ФХХ томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди.
Ҳукумат қарори билан 2021 йилдан лимон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги ташкилотларига харид қилган табиий газга нисбатан муқобил энергия қурилмалари қийматининг 30 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади. Қолаверса, янги лимонзорлар барпо этиш ва кўчатлар харид қилишга ҳар бир сотих учун 300 минг сўмгача миқдорда субсидия берилади.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларни қўллаб қувватлаш мақсадида «Меҳр дафтари» тизими жорий қилинди. Болалар ушбу дафтарга туман ёки шаҳар ҳокими қарори асосида киритилади ва ундан 25 ёшга тўлганда чиқарилади. Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг