Ўзбекистонда яна 204 та коронавирус ҳолати аниқланиб, умумий сони 15 мингтага яқинлашди. Янги ҳолатларнинг 126 таси пойтахтда, 34 таси Тошкент вилоятида аниқланди.
Тошкентда 6 июлда коронавирус аломатлари пайдо бўлган 53 ёшли эркак бемор ҳаётдан кўз юмди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 73 нафарга етди.
Sulton Tex Group компанияси бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шухрат Тешаевни судга берди.
2020 йилнинг биринчи ярмида мамлакат ички бозорида чет эл валютасига бўлган талаб $8,2 млрд, умумий таклиф ҳажми эса $4,3 млрдни ташкил этди. Марказий банк ички валюта бозорига $2,2 млрд интервенция киритди. Шунингдек, йил бошидан миллий валюта курси 7,2 фоизга қадрсизланди.
16 июль куни Ўзбекистоннинг учта йўловчи поезди Россия ва Қозоғистон чегарасидаги 2100 дан ортиқ ўзбекистонлик йўловчиларни мамлакатга қайтариш учун Тошкент томон йўл олди. Поездлар Миллий гвардия, ИИВ ва ССВ ходимлари кузатуви остида олиб келинади.
Twitter ижтимоий тармоғига хакерлар томонидан ҳужум уюштирилиб, Илон Маск, Билл Гейтс, Барак Обама ва бошқа машҳур шахслар саҳифалари орқали биткоин бўйича ёлғон хабарлар тарқатилди. Хабарлар сайт администрацияси томонидан ўчирилди.
Адлия вазирлиги матбуот котиби Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бош юрисконсульти Адҳамжон Дехканов вафот этганини, ҳамда унда COVID-19 инфекцияси аниқланганини маълум қилди.
«Ўзбекистон 24» телеканали пойтахтнинг Бектемир тумани ҳокимлиги ходими ерни расмийлаштириб бериш учун $4000, СИСИ доценти — $10 минг, Ургутдаги поликлиника шифокори — $18 минг, НДПИ декани ўринбосари — $3000 ва ходими $8000 ҳамда БДУ ўқитувчиси — $4000 пора олаётганларида ДХХ томонидан қўлга олинганини маълум қилди.
МДҲ мамлакатлари октябрь ойида халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга тўғри келмайдиган мақсадларда ахборот технологияларидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида қўшма баёнот қабул қилишни режалаштиришмоқда.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг айтишича, эндиликда президент топшириғига биноан 103 рақамига телефон қилинганда банд бўлиш ҳолатига чек қўйилади. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам хизмати 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда етиб келиши ва COVID-19 га тест натижаларини узоғи билан бир кунда чиқарилиши таъминланади.
Вафот этган яна бир нафар ИИВ ходимида коронавирус инфекцияси аниқланганини вазирлик матбуот котиби «Газета.uz» га тасдиқлади.
Коронавирус беморлари сони 206 нафарга ортиб, жами 14787 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатлар Карантин марказида (53), Тошкент шаҳрида (101) Сурхондарё вилоятида (35) ва Қорақалпоғистонда (17) қайд этилди. Шу билан бирга, COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 72 нафарга етди.
Президент қарори билан Абдуҳаким Хаджибаев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Ўзбекистонда кун давомида қарийб 500 та коронавирус ҳолати аниқланди. Янги ҳолатларнинг 200 таси карантин муассасаларида, 291 таси — COVİD-19 беморлари билан мулоқотда бўлганлар ва 5 таси аҳоли орасида қайд этилди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани учун ҳайфсан эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўнгги ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикасини кескин бузганлиги таъкидланди.
Ички ишлар вазирлиги Сирдарё вилоятидаги ички ишлар органлари ходимлари ва судья билан боғлиқ вазиятда судьянинг тез ёрдам машинасига йўл бермаганлигини маълум қилиб, воқеа тасвирланган видеотасвирни эълон қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги Арманистан ва Озарбайжон чегарасидаги тўқнашувлар бўйича баёнот билан чиқди. Ҳолатнинг кескинлашиши тинч аҳоли орасидаги қурбонлар бўлишига олиб келиши, иқтисодий алоқаларни бузиши ва минтақавий хавфсизликка зарар етказиши мумкинлиги сабабли Ўзбекистон томонларни ўта сабр-тоқатли бўлишга ва сиёсий-дипломатик музокаларга чақирди.
Ўзбекистонда яна 173 кишининг коронавирусга чалингани тасдиқланиб, жами ҳолатлар 14466 тага етди. Янги ҳолатлар карантин марказлари, Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида қайд этилди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 37 ёшли пскентлик бемор (эркак киши) ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 69 нафарга етди.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида Nexia қаршидан келаётган SHACMAN юк машинасига урилди. Енгил автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг