Жиззах вилоятининг тўртта ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини етиштириш ва сотишга уриниш ҳолатлари фош этилди. Жумладан, ургутлик шахс Бахмал туманида тўхтатиб, текширилганида, унинг ёнидан 968,79 грамм опий борлиги аниқланган.
ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Ўзбекистонга ташриф буюради. У президент, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва парламент палаталари раҳбарлари билан учрашади.
Андижонда Андижон давлат чет тиллар институти ташкил этилмоқда. ОТМ биринчи талабаларни жорий йилда қабул қилади. Талабалар иккита чет тили бўйича малакага эга бўлишади.
Май ойида инфляция 1 фоизгача тезлашди, ўтган йилнинг май ойида эса бу кўрсаткич 0,5 фоизни ташкил этган эди. Президент барча маҳалла ва қишлоқларнинг асосий маҳсулотлар билан таъминланганлик даражасини ўрганиш, зарур ҳолларда бошқа ҳудудлардан етказиб беришни тезлаштириш бўйича ҳокимларга топшириқ берди. Паррандачилик корхоналарига тухум нархини оширмагани учун миннатдорчилик билдириб, уларни қўллаб-қувватлаш чораларини маълум қилди.
Таъсисчилари орасида Алишер Усмоновнинг USM холдингига қарашли «Металлоинвест» шўба корхонаси ҳам бўлган Torgoviy Dom Metalloinvest Vostok компанияси Тошкентдаги собиқ давлат меҳмонхонасини хусусийлаштириш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Компания объект учун 78,7 млрд сўм таклиф қилди.
Чоршанбадан Тошкент метрополитенининг 15 та станциясида аввал соат 7:00 дан 19:00 гача ишлаган иккинчи вестибюллар энди соат 5:00 дан ярим тунгача очиқ бўлади.
1 июлдан энергия ва газ нархини ошириш таклиф этилгани, муҳокамага қўйилган тадбиркорлик кодекси лойиҳаси, Ўзбекистонга келиши кутилаётган Тожикистон президенти, тунда ишлашига руҳсат берилган музейлар, аҳолидан тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб оладиган давлат, 2023 йилгача божхона божларидан озод этиладиган 22 хил озиқ-овқат ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 31 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ички ишлар ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиши ва муҳокама қилинишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ташаббускорлардан қўшимча маълумотлар сўралган, шунга кўра ҳужжатга ўзгаришлар киритилади. «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчилигимизда жуда кўп бўшлиқлар бор. Керак бўлса зиддиятлар ҳам бор, уни ҳам тан олишимиз керак», — деди у.
Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома билан Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши сессиясида икки нафар депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи қонун ва президент фармонига зид тарзда кўриб чиқилгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, депутатлардан бири — Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровдир. У 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланмоқда.
3 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган фуқароларга мўлжалланган «Меҳрибон такси» хизмати йўлга қўйилади. Машиналар кўчма пандус билан жиҳозланган. Компания вакилининг сўзларига кўра, хизматдан тушган маблағнинг бир қисми ҳайрияга йўналтирилади, ногиронлиги бор шахслар ҳам ишга жалб қилинади.
Иқтисодий тараққиёт вазирлиги газ ва электр энергиясининг янги тарифлари бўйича аҳолининг харажатлари қанчага ошишини ҳисоблаб чиқди. Агар энергоресурслар истеъмоли табақалаштирилган тарифлар доирасида қолса, харажатлар 8−10 фоизга ошади, деб маълум қилди вазирлик.
«Ҳудудгазтаминот» истеъмолчилар мурожаатига кўра, суюлтирилган газ етказиб бериш тартибини янгилади. Бундан буён компания газ баллонини олиш бўйича ҳар бир мурожаатни жойига чиқиб ўрганади. Оила аъзолари кўп хонадонлар ID-карта орқали икки маротаба газ олишлари мумкин бўлади. Компания шу йўл орқали олиб сотарларга қарши курашишни мақсад қилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси март ойидан бери биринчи маротаба 11 минг сўмдан арзонроққа тушди. Евро арзонлади, рубль 4,17 сўмга кўтарилди.
2−4 июнь кунлари Ўзбекистоннинг 9 та вилоятининг тоғли ҳудудларида ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида сел-сув тошқинлари юз бериши хавфи эълон қилинди. Ўзгидромет фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришни сўрамоқда. Қолаверса, ҳафтанинг иккинчи ярмида айрим ҳудудларда шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда эса чанг тўзони кузатилиши мумкин.
2023 йилга қадар гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби жами 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилади. Қолаверса, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш амалиёти тўхтатиб турилади. Антимонополия қўмитасининг нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш бўйича ваколатлари кучайтирилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzpaynet компаниясини хусусийлаштириш мақсадида консалтинг компанияларни жалб этишни режалаштирмоқда. Давлат ўзининг 100 фоиз улушини сотиш ниятида. Компания ҳозирда 390 дан ортиқ хизматларни кўрсатади, у 2021 йилда 94,6 млрд сўм соф фойдани қўлга киритган.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таълим даражасига қараб иш ҳақи ўсишини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказди. Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақидаги устама фан доктори (DSc) илмий унвони учун 61% дан, PhD ёки фан номзоди учун 41% дан юқори эканлиги, шу билан бирга бакалавр босқичининг имтиёзли дипломига эга ходимлар меҳнат бозорида оддий диплом соҳибларига қараганда 8,5% кўпроқ маош олиши маълум бўлди.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети бўйича келишувга эришилди. Унда Россия нефтининг учдан икки қисмига эмбарго қўллаш, Сбербанкни SWIFT тизимидан узиш ва яна учта давлат телеканалининг иттифоқ ҳудудида трансляциясини тақиқлаш кўзда тутилган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2−3 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Адлия вазирлиги 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳаси ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини яхлитлаштирувчи Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан-тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференсиялар бериш тақиқланмоқда. Қолаверса, кодексдан субсидия бериш ва молиявий санкциялар қўллаш тартиблари, «хўжалик ширкати» шаклини бекор қилиш ҳам ўрин олган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг