Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2−3 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Адлия вазирлиги 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳаси ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини яхлитлаштирувчи Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан-тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференсиялар бериш тақиқланмоқда. Қолаверса, кодексдан субсидия бериш ва молиявий санкциялар қўллаш тартиблари, «хўжалик ширкати» шаклини бекор қилиш ҳам ўрин олган.
Ўзбекистонда 1 июлдан «Миллий меросга менинг ҳиссам!» умумхалқ акцияси ташкил этилади. Унинг доирасида аҳолидан мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга тасвирий ва амалий санъат асарлари харид қилинади. Бунинг учун ҳар йили 3,5 млрд сўм, талабга кўра ундан ҳам кўпроқ маблағ ажратиб борилади. Қолаверса, «Мозийга саёҳат» дастури ҳам ўтказилади, дафтарларга киритилган фуқаролар учун музейларга кириш бепул бўлади.
1 июндан бошлаб нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари кўтарилишига қарамасдан «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензиннинг чакана нархи оширилмайди, деб маълум қилди компания.
Президент қарори билан 1 июлдан бошлаб давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 га қадар ҳамда тунги вақтларда хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади. Қолаверса, туркиялик мутахассислар иштирокида учта музей реконструкция қилинади.
Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланганликда гумонланган беш нафар шахс қўлга олинди. Улар жами 9100 долларни 100 млн сўмга сотишга уринишгани айтилмоқда. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ғаллачилик соҳасини ислоҳ қилиш нархларни оширишни эмас, эркинлаштиришни назарда тутаётганини қайт этди. «Кейинги беш йил ичида эркинлаштириш мамлакатда ғалла етиштиришнинг сезиларли ўсишига ва импортнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади», — дейилади вазирлик маълумотида. Ҳукумат ун нархининг кескин ошишининг олдини олиш чораларини ҳам ишлаб чиқди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистонда корхоналарга берилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларини таҳлил қилди. Уч ойда тадбиркорлик субъектларига 9 трлн сўмдан ортиқ имтиёзлар берилди, уларнинг аксарияти ҚҚС бўйича. Энг катта солиқ имтиёзларини оладиган компаниялар рўйхати.
Лола Муротованинг вафотига ҳамдардлик билдирган президент, халқаро мусобақа ғолиби Нодирбек Абдусатторов, Тошкентда мушукни деразадан улоқтирган бола, болалар кунига 200 минг сўмдан пул тарқатилаётгани ҳақида тарқалган ёлғон хабарлар, чек бўйича тадбиркорларни текшириш қоидаларини юмшатган Солиқ қўмитаси ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 30 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент фармони билан 1 октябрдан республикадаги кўп квартирали уй-жойлар зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказилиб, улар натижаларига кўра сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган уйлар ўрнига янгилари қурилади. Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб 9 ва ундан юқори қаватли янги қурилаётган биноларда вибродинамик ускуна ёки махсус асбоб-ускуналар ёрдамида синов ва текширув ўтказиб борилади.
Таниқли спорт журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев 86 ёшда ҳаётдан кўз юмди.
Ўзгидромет келаётган ёз аномал иссиқ бўлиши ҳақидаги гап-сўзларни рад этди. Бироқ об-ҳавонинг ўта иссиқ бўлиши ҳам истисно қилинмайди, бу — Ўзбекистон иқлимининг ўзига хос хусусиятларидир, дея таъкидлади синоптиклар. Июнь ойи бўйича об-ҳаво прогнози.
2023 йил 1 январдан адвокатлик фаолияти учун лицензия бериш онлайн тарзда амалга амалга оширилади. Шунингдек, адвокат билан масофадан битим тузиш ва ундан онлайн юридик ёрдам олиш имконияти яратилади. Давлат ҳисобидан адвокатларни ишга жалб этиш электрон тартибда тасодифий танлаш йўли билан аниқланади.
Самарқанд туманида фуқаро бошқа фуқарога қарашли иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих ер майдонининг 5 сотихини 100 минг долларга сотишга уринганликда айбланмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган тезкор тадбирда у 70 минг долларни олган вақтида қўлга олинди.
ИИВ ЙПХ ходимларини суратга олиб интернетда тарқатганлик учун 15 млн сўм жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазолашга оид қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритди. ХПД фракцияси таклифлар бўйича сабаблар асосли очиб берилмаганлиги учун мазкур қонунни биринчи ўқишда кўриб чиқишни рад этиб, уни кун тартибидан чиқариб ташлади. Бу ходимларни тасвирга олишни тақиқлашга бўлган навбатдаги уриниш, аввалроқ вазирлик таклиф этган ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.
Тармоқларда Баҳмал туманида икки нафар шахс учта бўри боласини сотиш бўйича эълон бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиззах Экология бошқармаси ходимлари бўри болаларини уларнинг машинасидан топди. Ҳуқуқбузарлар эса жаримага тортилди. Бўри болаларини экологлар парваришламоқда, улар яқин фурсатларда табиат қўйнига қайтарилади.
1 июндан бошлаб чек бермаган тадбиркорларни солиқ хизмати органлари томонидан текшириш қоидалари ўзгармоқда. Энди биринчи шикоятдан сўнг тадбиркор дарҳол жазоланмайди, лекин у билан профилактик суҳбат ўтказилади. Шунингдек, фуқаролар 24 соат ичида иккитадан ортиқ мурожаат юбора олмайди.
АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистоннинг миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ССВга совуқ занжирли ускуналар ва компьютерларни топширди. Ускуналар 671 та совутгич, 212 та музлатгич ва 150 та компьютердан иборат бўлиб, умумий қиймати 1,3 млн долларни ташкил этади.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги йўлларда кетаётган таъмирлаш ишлари сабабли Марказий темир йўл вокзали яқинидаги 6 та йўл кесишмасида машиналар ҳаракати қисман чекланади.
Uzcard пенсионер ва нафақахўрларга бир марталик ёрдам пули тарқатиш ҳақидаги хабарлар фонида фирибгарлар томонидан фуқароларнинг пластик карта маълумотларини қўлга киритишга уринишлар кўпайганлиги ҳақида огоҳлантирди. Президент фармони билан ажратилган ижтимоий ёрдам пули бир марталик пул ўтказмалари бўлиб, улар автоматик тарзда ўтказилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг