Қонунчилик палатаси мажлисида қатнашмаётган уч нафар депутат номидан овоз берилди. Жумладан, кун тартибини тасдиқлашда овозлар инобатга олинди. Спикер депутатларнинг йўқлигини пайқагач, уларнинг овозларини ҳисобга олиш тўхтатилди.
Етишмаётган мактаб дарсликлари, букмекерликни тарғиб қилувчи 27 та сайт блоклангани, 3 соатда Cobalt, Lacetti, Damas va Labo`га 28 мингдан ортиқ шартнома тузган UzAutoMotors, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШда ўтказган учрашувлари тафсилоти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Сенат қўмитасида жиноий ва маъмурий кодексларга давлатнинг дунёвий мақомини мустаҳкамловчи қўшимчалар киритиш масаласи муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда диний блогерларнинг фақат диний қарашларини акс эттирувчи ва адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлари кўпайган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳокимиятларга иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация, шунингдек, шаҳар йўловчи транспорти тарифларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди.
Айрим хизматлар учун тарифларни пасайтириш сабаб етказилган зарарни қоплаш мақсадида давлат бюджетидан 10 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Иссиқлик таъминоти корхоналари 901,9 млрд сўм олди, бунинг 92 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келади. Газ нархидаги фарқни қоплаш учун 8,8 трлн сўм ажратилди.
Сўнгги ҳафталарда тармоқларда ота-оналар ва ўқитувчилар мактабларда дарсликлар етишмаётгани, шу боис уларни ўзлари чоп этиб олаётганини ёзмоқда. Дарсликни қўлга киритганлар болалар учун жуда қийин ва жавобсиз вазифаларни танқид қилишяпти. Мактаб таълими вазирлиги эса сукут сақламоқда.
Февраль ойида Туркияда рўй берган зилзилаларда жабр кўрган бир гуруҳ нуронийларнинг 30 нафари Ўзбекистонга келди. Улар бир ҳафта давомида мамлакат бўйлаб саёҳат қилади. Бу ташаббус Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида илгари сурилганди.
Озарбайжон «конституциявий тузумни тиклаш учун» Тоғли Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлари» бошлаганини эълон қилди. Тан олинмаган республика пойтахти Степанакерт артиллериядан ўққа тутилмоқда. Мудофаа вазирлиги баёнотида фуқаролик объектлари ва тинч аҳоли нишонга олинмаётгани айтилган.
Uzbekistan’s Club жамоаси O’zbekistonlik.Students лойиҳасини бошлади. Унда нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳақида ҳикоя қилинади. 1-сон қаҳрамонлари Оксфорд университетидан Муштарий Мадраҳимова ва Шарқий Лондон университетидан Азизбек Аҳмаджонов бўлди.
Нью-Йоркдаги учрашувда Ўзбекистон президенти ва ХВФ раҳбари Кристалина Георгиева фонднинг молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштиришга ҳисса қўшиш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштирокини муҳокама қилди.
Рақобатни ривожлантириш қўмитаси Ўзбекистонда букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи 27 та сайт блокланганини маълум қилди. ИИОга эстрада юлдузлари, спортчилар ва блогерлар томонидан тотализаторлар хизматларини реклама қилиш ҳолатлари бўйича 11 та хат ҳам киритилган.
Избоскан туманида 2 фуқаро «хонадонига хавф туғдираётгани ва қурилиш ишларига халал бергани учун» 3 туп ғарб чинори дарахтини кесганди. Суд уларга 131,4 млн сўмлик зарарни қоплаш билан бирга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
UzAuto Motors 18 сентябрь куни Cobalt, Lacetti, Damas va Labo учун контрактацияни очди. Орадан 3 соат ўтиб, компания автомобилларининг қўшимча партияси учун тўлиқ шартнома тузилгани, 28 000 дан ортиқ шартнома имзоланганини хабар қилди.
Ёзёвон туманида тўй кортежи уюштириб, жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузган 16 нафар йигит 15 суткага қамалди.
Душанба куни Ўзбекистоннинг 3 та клуби Осиё Чемпионлар лигасида ўз иштирокини бошлади. Илк турда «ОКМК» «Ал-Иттиҳод»га 3:0 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, «Насаф» «Ал-Файсалий»ни минимал ҳисобда ютди. «Навбаҳор» эса Неймар бошчилигидаги «Ал-Ҳилол» билан дуранг ўйнади.
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ва GE Healthcare, Oppenheimer, Cerberus, CNH ва Cintana каби қатор йирик корпорациялар раҳбарлари билан учрашди. АҚШ бизнесининг Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтириш бўйича «аниқ режалар» муҳокама қилинди.
Президент қарори билан 2024 йилдан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича кредитлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз пункт юқори ставкада ажратилиши белгиланди. Ҳозирда бундай кредитлар асосий ставка даражасида ажратиб келинмоқда.
Фарғона шаҳрида фарзанди билан тиланчилик қилаётган аёлни тепиб, машинага ўтиришга мажбурлаган ППХ ходими ишдан бўшатилди. Вилоят ИИБ аёл «фаол қаршилик кўрсатиб, қўлидаги боласини ерга ташлаб юбормоқчи бўлган»ини билдирди.
АҚШнинг Air Products компанияси Ўзбекистонда умумий қиймати 10 млрд доллардан ортиқ янги инвестиция дастурини амалга оширади. Келишув Шавкат Мирзиёев ва компания раҳбари Сейфи Гасеми ўртасидаги музокаралар чоғида имзоланди. Президент уни орден билан тақдирлади.
Ўзбекистонда Америка технология университети очилиши режалаштирилмоқда. Уни ташкил этиш масалалари Нью-Йоркда президент Шавкат Мирзиёев ва Cintana таълим компанияси асосчиси Дуглас Беккер томонидан муҳокама қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг