Фуқаро «Давр банк» тизимига ноқонуний уланиб, 15 млрд сўмни дўстининг карталарига ўтказган, сўнгра пул жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимлангани айтилмоқда. 11 нафар шахс гумонланувчи сифатида жалб этилган, икки нафари қидирувда.
Давлат Солиқ қўмитаси шу йилнинг биринчи ярмида 5,4 млн кишига жами 82,5 трлн сўм иш ҳақи ҳисобланганини маълум қилди. Ўртача ойлик маош миқдори — 2,8 млн сўмни ташкил этмоқда. Энг кўп иш ҳақи Тошкент ва Навоийда, энг ками эса Фарғона ва Сирдарёда тўлаб берилган.
Тошкентдаги мактабда 14 ёшли қизни жинсий алоқага мажбурлаган уч эркак шартли равишда озод қилинди. 4 йилга қамалган собиқ жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳукмдан 12 ой, унинг икки таниши эса — ярим йил ўтгач озодликка чиқди. Қизнинг онаси эса бир йилдан кўпроқ вақтдан бери адолатга эришишга уринаяпти.
Жорий йилнинг ўтган даври ичида чет эл валютасининг ноқонуний муомалага киритилиши бўйича 245 та ҳолат аниқланиб, уларнинг олди олинди. Натижада 433,2 минг доллар, 1,1 млн рубль, 702,2 минг тенге ва 1,2 млрд сўм маблағлар мусодара қилинди.
Андижонда қизча 5 нафар қариндоши, жумладан, ота-онаси қамаб қўйилганини айтиб, президентга видеомурожаат йўллади. ИИВ қизчанинг қариндошлари туман ҳокими ўринбосари ва банк раҳбарини ҳақоратлаб, куч ишлатгани, 738 млн сўм кредитни тўламагани, қизча эса қариндошлари қарамоғида эканини маълум қилди.
CSI компаниясининг self service маҳсулотлари менеджери Игорь Чечулин қандай қилиб ўзига ўзи хизмат кўрсатиш кассаларини йўлга қўйишда хато қилмаслик ва сарфланган маблағлардан максимал фойда олиш ҳақида сўзлаб берди.
Бош прокуратура Чилонзор туманидаги мактабда ягона форма харид қилиш учун прокуратура ходимлари тилхат ёздириб олгани ҳақидаги хабарни рад этди. Ўрганиш натижасида бу мактаб директорининг шахсий ташаббуси эканлиги, бироқ жараёнга ёлғондан прокуратура аралаштирилгани аниқланди.
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмонов билан Марказий Осиё таълим дастури доирасидаги лойиҳаларни муҳокама қилди. «Мамлакат раҳбарияти томонидан белгиланган барча режалар амалга ошишига менда ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди ЕХҲТ вакили.
Давлат тест маркази ОТМларга кириш учун онлайн топширилган аризалар орасида чет тилидан 56 та сохта сертификат мавжудлигини аниқлади. Тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. 28,1 мингта сертификат эса тасдиқланди, яна 955 таси талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Ҳукумат қарори билан хизмат сафари учун транспорт, меҳмонхона ва бошқа харажатларининг чекланган миқдори белгиланди. Қолаверса, айрим тоифадаги ишчилардан ташқари бошқа ходимлар 30 кундан ортиқ сафарда бўлиши тақиқланмоқда. Харажатларни онлайн юритиш учун махсус дастур ва мобил илова ишлаб чиқилади.
Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 234-сонли мактабда ўқувчини девор босиб қолгани, мактаб маъмурияти эса ўқувчининг ўлимини яширишга урингани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, ҳозирда қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонликлар мустақилликнинг 31 йиллигини нишонлаш арафасида иш ҳафтасидан қатъий назар кетма-кет 4 кун — 1 сентябрдан 4 сентябрга қадар дам олиши кутилмоқда.
Шахмат олимпиадасининг 5-турида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Словакияни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди. Нодирбек Абдусатторов беш учрашувда бешта ғалаба билан мусобақанинг энг самарали ўйинчиларидан бири бўлиб турибди. Аёллар жамоаси Вьетнамга имкониятни бой берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушоғли ҳамда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамовни қабул қилди. Музокараларда уч томонлама шериклик, қолаверса, кузда Самарқандда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда автомобиль бозори йилнинг биринчи ярмида икки баравардан зиёд ошди. Ўсишнинг асосий қисми эски автомобиллар савдоси бўйича 308 минг битим тузилган иккиламчи бозорга тўғри келди. Хорижий автомобиллар савдоси 50 фоизга ошди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги мактаблардан бирида прокуратура мактаб формасини мажбурий сотиб олиш учун тилхат ёздириб олаётгани ҳақида хабар тарқалди. Пойтахт прокуратураси ушбу маълумотни текширмоқда.
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида таътил вақтида ўқитувчилар ва бошқа ходимларни ишдан бўшатиш таҳдиди билан мактаб ҳудудини бегона ўтлардан тозалашга мажбурлаган директор 15 млн сўм жаримага тортилди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган «ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари» шу шиор остида ўтказилади. Тадбирлар дастури президент томонидан тасдиқланди.
Депутат Акмал Саидов таклифи билан президентнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» китоби учун мобил илова яратишга 2,6 млрд сўм сўралди. Бироқ лойиҳа Инновациялар вазирлиги ҳайъатида кўплаб саволлар туғдирди ва икки марта молиялаштириш рад этилиб, ғоя қайта кўриб чиқиш учун қайтарилди.
Сентябрда Самарқандда ўтказиладиган ШҲТ саммитида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича уч томонлама ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Ҳозир томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш устида фаол ишламоқда, — деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари в. б. Владимир Норов.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг