Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Янги Орлеан шаҳрида машина одамлар орасига кириб боргани билан боғлиқ «террорчилик ҳаракати» муносабати билан Жо Байденга таъзия мактуби юборди. Ҳодиса оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган.
Бир ой олдин Экология вазирлигида иш бошлаган Эркин Муҳитдинов Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги агентлиги директори этиб тайинланди. Ўрмон хўжалиги идорасини етти йилдан ортиқроқ давомида Низомиддин Бакиров бошқариб келаётганди.
Ўзбекистонда Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалар фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилмоқда. Унга президент маслаҳатчиси Сардор Умурзаков масъул бўлади. Кенгаш давлат раҳбарига мамлакат ички ва ташқи сиёсати бўйича таклифларни мунтазам равишда тақдим этиб боради.
Шавкат Мирзиёев янги йил табригида 2024 йил «барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик натижасида» қутли ва баракали бўлганини таъкидлади. «Асосий мақсадимиз инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратишдир», — деди у.
Президент 1993 йилдаги эски қонун ўрнини босувчи «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат билан давлат сирларининг алоҳида тоифалари, уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, махфийлик даражаси ва маълумотларни махфийлаштириш муддати белгиланди.
Шавкат Мирзиёев шанба куни Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи билан танишди. У 27 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилган кўчатхонани кўздан кечирди. Давлат раҳбари вазирликлар вақтинчалик ишлаши учун мўлжалланган енгил конструкцияли бинолар билан ҳам танишди.
Депутат Одилжон Тожиев Чеченистон раҳбарининг Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдидларини мамлакат ички ишларига аралашиш деб қоралади. У Рамзан Қодировни кечирим сўрашга ва (агар у дўст бўлса) қидирувдаги икки фуқарони топишда ёрдам бериб, уларни Ўзбекистонга топширишга чақирди.
2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлати мақомини олади, деб хабар берди «Газета.uz»га ТИВ. Бундан ташқари, Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда ҳам бирлашманинг ҳамкор давлати бўлишга тайёрлигини тасдиқлаган.
Шавкат Мирзиёев бугун қурилишига старт берилган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси деб атади. Лойиҳага кўра, 20 та станция, 42 та кўприк ва 25 та туннель қурилади. Бу йўлда йилига 15 млн тонна юк ташилади.
Юз нафар фаластинлик ярадор аёллар ва болалар ўз ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга вақтинча эвакуация қилинди. Бемор фаластинликлар реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади.
Шавкат Мирзиёев ЕОИИ йиғилишида Ўзбекистон ва иттифоқ давлатлари савдосида тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик, Ишбилармонлик кенгаши йиғилишини Тошкентда ўтказиш, туризм, IT ва AI соҳаларида ҳамкорликни таклиф қилди. Мамлакат 2025 йилда ЕОТБга аъзо бўлишни режалаштирмоқда, деди президент.
Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотда Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг йўловчи лайнери ҳалокати муносабати билан яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, барча жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишни тилади.
Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойида юз берган воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия парламентга ҳисобот тақдим этди. Шунингдек, у давлат органлари учун бир қатор тавсияларни эълон қилди, улар орасида тушунтириш бериш ва фуқароларни муҳим қарорлар муҳокамасига жалб қилиш кабилар бор.
Ўзбекистон Қонунчилик палатаси оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ва уларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик киритилишини назарда тутувчи қонунни қабул қилди.
Россияга амалий ташриф билан борган Шавкат Мирзиёевни аэропортда Санкт-Петербург губернатори ва бошқа расмийлар кутиб олди. Асосий тадбирлар 25−26 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Фото.
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари саккизта вазирлик ва идоранинг бўлим раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш, шунингдек, уларни рағбатлантириш ва жазолаш ҳуқуқига эга бўлади. 15 та туманда «Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш» ҳуқуқий эксперименти ўтказилади.
«Навоий кон-металлургия комбинати» бош директори Қувондиқ Санақулов Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Ўзбекистонда ҳокимликлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Вилоятлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг янги намунавий тузилмаси тасдиқланмоқда.
Шавкат Мирзиёев 25−26 декабрь кунлари МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Йиғилишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади ва келгуси йилги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилади.
Авазжон Каримов спорт вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар вазир маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг