ИИВ матбуот котиби ҳар пайшанба куни АОКАда очиқ мулоқотни таъминлаш учун матбуот анжумани ўтказилишини маълум қилди. Бундан бир ҳафта олдин публицист ва блогер Шокир Шарипов тизимда давом этаётган муаммолар туфайли ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирганди.
Ўзбекистон ТИВ Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. «Сўнгги йилларда у икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди», — дейилади хабарда. Владимир Макей 27 ноябрь куни номаълум сабабларга кўра вафот этганди.
Ўзбекистонда президент Администрацияси раҳбарининг ҳудудларда фаолият юритувчи ва халқ қабулхоналари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ёрдамчилари лавозими жорий этилади. Президентнинг икки маслаҳатчиси лавозимлари бирлаштирилди. Халқ қабулхоналари ходимлари маъмурий баённомалар тузишлари мумкин бўлади.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов «конструктив зўриқиш векторлари» тушунчасига изоҳ берар экан, Ўзбекистонда давлат институтларида инерцияга хос эҳтиёткорлик борлигини таъкидлади. «Бу Ўзбекистоннинг геосиёсий мавқеига ҳам, стратегик барқарорликка ҳам чақириқ сифатида сақланиб қолаверади», — деди у.
25 ноябрь куни Навоийда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари иштирок этиб, тадбиркорлик ва хизматлар соҳаси, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий инфратузилма масалалари бўйича Нормат Турсунов тақдим этган лойиҳалар билан танишди ва тегишли кўрсатмалар берди.
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясида вилоят ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Нормат Турсунов номзоди маъқулланди. Бунга қадар у Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Сирдарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ғофуржон Мирзаев президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Депутатлар Конституцияга ўзгартишлар киритишни давом эттиришга қарор қилди. Фақат биргина депутат (эҳтимол, Алишер Қодиров) қарши овоз берди. Президент таклифига кўра, лойиҳа 8 декабрь — Конституциянинг 30 йиллигида қабул қилиниши керак эди. Энди референдумни ушбу санагача ўтказишга улгуришмайди.
Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси, Қирғизистон, Жазоир, Қозоғистон ва АҚШ давлатларининг янги элчиларини қабул қилди. Президент Ўзбекистондаги «кенг кўламли ва муқаррар ислоҳотлар» ҳақида сўзлаб, элчиларни алоқаларни янада ривожлантиришда «бор билим ва куч-ғайратини сафарбар этишга» чақирди.
Шавкат Мирзиёев келгуси ойда Қирғизистонга ташриф буюради. Президент матбуот хизмати қайд этишича, «эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган ютуғ бўлди».
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Европарламент Россияни «террор ҳомийси бўлган давлат» сифатида тан олганини изоҳлар экан, «Путин Россияни империяга айлантиришни орзу қилиб, бор қудратига ҳам тарихий зарба бериб қўйди», деди. Унинг фикрича, «Россия бу вазиятдан заиф ва ўта заиф ҳолатда чиқади».
Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Луврда «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмасини очдилар. Кўргазмадан Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги музейлардан келтирилган буюмлар ўрин олган. 70 та экспонат кўргазма учун махсус реставрация қилинди.
Франция президенти Эммануэль Макрон Париждаги Елисей саройида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевни кутиб олди.
Президент Парижда «Airbus», «Orano», «Suez», «Alstom», «Total Eren», «EDF» каби йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашди. У франциялик тадбиркорларни ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар воситасида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф билан келди. У Эммануэл Макрон билан учрашиб, Лувр ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг қадимий маданияти кўргазмаларининг очилишида иштирок этади. Ташриф доирасида 14 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.
Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифи билан Шавкат Мирзиёев Парижга жўнаб кетди. Ташрифда Елисей саройида олий даражадаги музокаралар ва Франция Миллий йиғинида учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Лувр музейи ва Араб дунёси институтига ташриф ҳам кўзда тутилган.
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси якшанба куни бўлиб ўтган сайловда Қасим-Жомарт Тоқаев сайловчиларнинг 81,31 фоиз овозини олганини маълум қилди. Овоз берувчиларнинг 5,8 фоизи «Барчага қарши» пунктини танлаган.
Экзит-полл натижаларига кўра, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президент сайловида Қосим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқот чоғида уни сайловдаги «ишончли ғалаба» билан табриклади.
Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасида ташкил этилган участкада 621 нафар сайловчидан 591 нафари овоз берди. Сайловда қатнашганларнинг тахминий кўрсаткичи 69 фоиздан кўпроқни ташкил қилди, энг юқори — Жетису вилоятида, энг ками эса — Олмаотада — 28,7%. Остонада эса 48,6% сайловчи иштирок этди.
Қозоғистондаги президент сайловларида қатнашаётган халқаро кузатувчилар, жумладан Фаластин, Италия, Ўзбекистон, АҚШ, Канада вакиллари ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Фаластин элчиси қайси участкага боришни ўзи ҳал қилганини айтса, АҚШ вакили норозилик намойишлари бўлмаганини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг