Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 19−24 сентябрь кунлари АҚШга ташриф буюриб, БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлайди.
Ўзбекистон президенти ШҲТ саммитида сўзлаган нутқида Самарқанд бирдамлик ташаббусини эълон қилди. «Ундан мақсад — умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамай келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр бўлган барчани глобал мулоқотга жалб қилишдир» — деди Шавкат Мирзиёев.
Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги вазият юзасидан юзма-юз музокара ўтказди. Икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олди.
Ноаниқликлар шароитида инсон тараққиёти бўйича ютуқларга эришиш қийин вазифага айланиши мумкин. Тенгсизликларни бартараф этиш ва одамларнинг эркинликларини кенгайтириш орқали келажакда улар фаровон яшайдиган келажакни қуриш мумкин. БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска интервьюси.
Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши борасида гапирди. Хусусан, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни Термизда — у ердаги транспорт-логистика хабидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қилди.
Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари тор доирада муҳокамалар ўтказди. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида имзолаш учун 40 дан ортиқ ҳужжат тайёрланганини қайд этди. «Биз биргаликда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш йўлида ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз», — деди у.
Самарқандга келган давлат раҳбарлари ШҲТ доирасида «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида дарахтлар экди. Кейин «Боқий шаҳар» мажмуасида Ўзбекистон президенти номидан қабул маросими ўтказилди. Кун якунида мушакбозлик уюштирилди (фото).
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин музокаралар якунлари бўйича кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Россия президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида машинасозлик, кимё, нефть-кимё ва геология соҳаларида 4,6 млрд долларлик сармоявий битимлар тўплами имзоланди.
Беларусь раҳбари Александр Лукашенко ШҲТ бош котиби Чжан Мин билан учрашувда мамлакат ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантиришга 12 йил аввал қарор қилганини таъкидлади. «Бу бизнинг сиёсий, иқтисодий ва балки ҳарбий-сиёсий келажагимиздир», — деди Беларусь президенти.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар чоғида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шавкат Мирзиёев ШҲТда меҳмон сифатида иштирок этиш учун келган Илҳом Алиев билан учрашди. Учрашувда, жумладан, Самарқандда ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити кун тартиби келишиб олинди.
Пайшанба куни Шавкат Мирзиёев Самарқандда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Давлат раҳбарлари мамлакат ва бутун минтақа манфаатларига жавоб берувчи лойиҳа — Яван ГЭСни барпо этиш бўйича ишлар бошлангани муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Дастлаб у Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди, сўнгра Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Унда Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш ва савдо учун тўсиқларни бартараф этиш муҳимлиги қайд этилди.
Самарқанддаги ШҲТ саммитида қатнашиш учун Беларусь президенти ҳам етиб келди. Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко музокаралар вақтида шерикликни изчил кенгайтириш, халқаро ва минтақавий сиёсат юзасидан фикр алмашди. Ўзбекистон томони иккинчи Ҳудудлараро форумни ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида имзоланган ҳужжатлар орасида «яшил» тараққиёт соҳасида сармоявий ҳамкорлик, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳам бор. Савдо ва сармоявий битимлар ҳажми $15 млрдни ташкил этади.
Самарқандда ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум қабул қилинди. Ҳужжатга мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва ташкилот бош котиби Чжан Минг имзо чекди.
Самарқандда ХХР раисини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида давлатлар раҳбарлари ўзаро ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашди. Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Ўзбекистон етакчиси жавоб ташрифи билан Хитойга таклиф қилинди.
«Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўллар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни кенгайтиришга хизмат қилади. Лойиҳа қарийб 20 йил давомида муҳокама қилинган.
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келди. Меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келди. Икки президентни ҳам бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг