ХХР раиси Си Цзиньпин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Самарқанд аэропортида уни президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Эрон президенти Самарқандга ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисий музокаралар давомида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, қолаверса, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.
Ўзбекистон президенти БМТ бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони қабул қилди. Томонлар Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва афғон халқига кўмаклашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Тошкентда Миср ва Қатарга ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу мақомни яна тўртта давлат олади.
ШҲТ саммити арафасида Самарқандда Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари музокара ўтказди. Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух икки давлат ўртасида сиёсий ва иқтисодий алоқаларга тизимли тус бериш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» ни қабул қилишга келишиб олди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон-Арманистон чегарасида юзага келган ҳарбий тўқнашув бартараф этилганини олқишлади. Шунингдек, томонларни мавжуд муаммоларни тинчлик музокаралари ва маслаҳатлашувлар доирасида ҳал этишга чақирди.
Танзила Нарбаева дарахтлар кесилиши, талабалар ётоқхонаси, пойтахтдаги тирбандликлар каби муаммолар тармоқларга чиққанидан кейингина, ҳукумат ҳаракатга тушишини танқид қилди ва президентнинг ўзи ечим топиб бераётганини айтди. «Ҳаммасини давлат раҳбарига ташлаб қўйиш керак эмас», — деди Сенат раиси.
Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ШҲТнинг асосий кучи унинг қандайдир блок ёки ёпиқ тузилма бўлишдан йироқлигида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Самарқанд саммити ташкилот халқаро ўзаро тушуниш, ишонч ва ҳамкорлик барпо этиш учун платформа эканини исботлаши керак.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитида ташкилотга мулоқот бўйича олтита янги ҳамкорни қабул қилиш тўғрисидаги қарор маъқулланиши кутилмоқда, улардан тўрттаси араб давлати ҳисобланади.
Сенаторлар ялпи мажлисда ташқи меҳнат миграциясига оид қонунни рад этди. Унда мигрантлар ўзини ўзи банд қилган шахслар қаторида бўлиши ва уларни солиққа тортиш қайд этилганди. Қонуннинг бирор моддасида эса фуқароларни касб ёки чет тилларига ўқитиш киритилмаган, дея қайд этди Сенат.
Адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икрамов Гулнора Каримованинг адвокатлари судда ғалаба қозонгани ва $303 млнлик маблағни қайтариб олиши мумкинлигига муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, суд ҳали якунига етмади ва Ўзбекистон томони Швейцария органлари билан тегишли чораларни кўрмоқда.
Қозоғистон парламенти депутатлари пойтахт номини Нурсултондан Остонага ўзгартиришни таклиф қилишди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев шаҳарни аввалги номига қайтаришни қўллаб-қувватлади. Эндиликда конституциявий қонун лойиҳасига ўзгартириш киритилади.
13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон-Арманистон чегарасида ҳарбий тўқнашув юз берди. Томонлар ўқ отишни бошлаганликда бир-бирини айблади. Икки давлат ҳарбий хизматчилари орасида қурбонлар мавжуд.
Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг жиноий шерикларининг $336 млн маблағларини мусодара қилди. Қўшимча $350 млн маблағларни мусодара қилиш масаласи кўрилмоқда. Бошқа давлатлардаги активларнинг умумий ҳажми 14,3 трлн сўмга тенг. Бу маблағларга 1400 тадан ортиқ мактаб қурса бўлади.
Украина қўшинлари қарши ҳужум бошланганидан бери Россия босиб олган 70 км гача ичкаридаги позицияларга силжишга муваффақ бўлди ва рус қўшинлари апрель ойидан бери эгаллаган 3000 кв кмдан кўпроқ майдонни қайтариб олди, дейилади ISW ҳисоботида. Уруш 2023 йилгача давом этиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон президенти шу ҳафта ШҲТ саммити доирасида Самарқандда ХХР раиси Си Цзиньпин, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳамда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади. Улар ўзаро ҳамкорликдан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади.
Шу ҳафта Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда, деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Улар қаторидан Эронни ташкилотга киритиш учун мажбуриятлари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлари аъзолигини кенгайтиришга оид ҳужжатлар ўрин олган.
Шавкат Мирзиёев Буюк Британия қироли Чарлз III`га тахтга ўтиргани муносабати билан табрик йўллаб, дўст Бирлашган Қироллик халқига тинчлик-осойишталик, давомий равнақ тилади.
Ўзбекистон президенти Афғонистонни «ШҲТ маконининг ажралмас қисми» деб атади. «Унга биргаликда ёрдам қўлини чўзиш, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиш — бизнинг маънавий бурчимиздир», — деди у.
Ўзбекистон президенти ШҲТни «маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма», деб атади. Шу сабабли ташкилотга қўшилиш истагидаги давлатлар сони ортиб бормоқда, деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг