Янги қабул қилинган ҳукумат қарорлари, «Ўзкомназорат» Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Odnoklassniki`нинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаши, мазкур ҳолатдан президентнинг хабар топиши — «Газета.uz»нинг 3 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
«Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев «нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун» эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши айтилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «„Ўзкомназорат“ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топгани» ҳақида хабар берди.
Президент қарори билан 1000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритган маҳаллий ва хорижий инвесторларга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашни 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи берилиши мумкин. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар ва солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлар бундан мустасно.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Япония ҳукумати томонидан «Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» билан тақдирланди. Бундай даражадаги мукофот Ўзбекистонда илк бор берилмоқда.
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши, Абдулазиз Камиловнинг россиялик журналистларга берган интервьюси, республика бўйлаб 60 дан ортиқ бозор ва мажмуаларнинг хусусийлаштирилиши кутилаётгани — «Газета.uz»нинг 2 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ҳозирда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш масаласи лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича кўплаб таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, унинг шаффофлиги нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилмоқда. «Биз нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабатини ўрганамиз», — деди Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.
Абдулазиз Камилов Саудия Арабистонининг элчиси этиб тайинланган Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди. У Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Депутатлар инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси учун беморнинг яқин қариндоши бўлиши керак деган чекловни бекор қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, донор сифатида ўз аъзоси олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда розилик берган инсон тушунилади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон билан қўшма лойиҳалар бўйича саволга жавоб берар экан, мамлакат активлари музлатилгани сабабли муваққат ҳукуматнинг молиявий салоҳияти мутлақ йўқлиги ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. «Бутун иқтисодиётни фақат гуманитар ёрдамга таяниб йўлга қўйиб бўлмайди», — деди у.
2022 йилда мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида таълим ва тиббиёт тизимига 58 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. Президент қўшимча тарзда яна 12 трлн сўм ажратиш таклифини билдирди. Шунингдек, уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.
2022 йилда Ўзбекистон президентининг Венгрияга расмий ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Венгрия бош вазирининг Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ғалабаси муносабати билан йўллаган мурожаатида айтилди.
Вазир ўринбосари ва вилоят ҳокими ўринбосарларининг интизомий жазога тортилиши, октябрь ойида инфляция 1,3 фоизни ташкил қилиши, «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосарининг журналистларга бўлган босими — «Газета.uz»нинг 1 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Бизнес-омбудсман мутахассисининг таъкидлашича, шу йилнинг 9 ойида 1000 дан ортиқ мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилиб, 225 тасига интизомий жазо қўлланилган. Судларга 28 млрд сўмлик даъво аризалар киритилган. «Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши давлат бюджети учун қўшимча харажат» — деди у.
Вазирлар Маҳкамаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришда масъулиятсизликка йўл қўйган икки нафар вазир биринчи ўринбосари ва уч нафар вилоят ҳокими ўринбосарига интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова ССВ раҳбаридан туғруқдан кейин вафот этган аёлнинг ўлимини яширишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. У мазкур хабарни рад этиб, бу «вазиятни нотўғри талқин қилиш» деб ҳисоблашини таъкидлади.
2023 йилдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги, таърифларнинг аниқлиги, атамаларнинг тўғри қўлланилганлиги ва бошқа талаблар асосида лингвистик экспертизадан ўтказилади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонда сиёсий рақиблар манфаатлари тўқнашуви эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мамлакатни бир томон туфайли бошқа томон қабул қилмайдиган позицияни танлашга мажбур бўладиган ҳолатга келтиришлари қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон муваққат ҳукумати билан учрашувлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, толиблар воқеликни тўлиқ англамоқда, янги ҳукумат халқаро ҳамжамиятга қўшилишни истайди ва «баъзи ижобий қадамлар» қўйишга тайёр. Масалан, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон делегациясининг Кобулдаги ташрифидан сўнг чегарага туташ Балҳ провинциясида эртаси куни барча қизлар мактабга чиққан.
Марказий сайлов комиссияси Шавкат Мирзиёевни президент сайлови ғолиби деб эълон қилди. У иккинчи муддатга қайта сайланди ва деярли 13 млн овоз (80,12%) тўплади. Иккинчи ўринни эса 6,63% овоз билан Мақсуда Ворисова эгаллади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг