Халқ таълими вазири депутат Расул Кушербаевнинг ўқувчиси ОТМга киролмаган мактаб директорларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фикрларини популизм деб таърифлаган эди. Депутат бунга жавоб бериб, у фақат қонун устуворлиги тарафдори эканлигини айтди. «Агар демократик давлатлар қатори қонун устуворлигини таъминлаш ва муаммони суд орқали ҳал қилиш популизм бўлса унда мен эмас, аввало қонунлар ва Меҳнат кодекси бош популист бўлиб қолмайдими?», — деди Кушербаев.
Судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури тасдиқланди. 2021−2025 йилларда Ўзбекистонда 31 та суднинг янги биноси қурилса, мавжуд 107 таси реконструкция қилинади. Лойиҳаларнинг дастлабки қиймати — қарийб 644 млрд этиб белгиланган.
Сенат навбатдаги ялпи мажлисда Конституциявий суд, давлат харидлари, экологик аудит, деҳқон ва томорқа хўжаликларига оид қонунлар кўриб чиқилади. Бундан ташқари, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш юзасидан Ҳукуматга юборилган парламент сўровлари натижалари муҳокама қилинади.
«Мени онкология соҳасидаги муаммолар хавотирга солаяпти. Биз охирги 10−15 йил ичида ушбу соҳа жиловини қўйиб юбордик», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг айтишича, яқин кунларда онкология соҳасидаги муаммолар ечимига қаратилган муҳим қарор қабул қилинади. Қолаверса, жорий йилда қарийб 9 млн аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ўзбекистонда барча вилоят ҳокимлари маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафардан муҳтож қизлар ва аёлларнинг ОТМ контракт пулларини тўлаб беради, дея такъидлади президент. Униг сўзларига кўра, «қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган» хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим жорий қилинади.
Президент раислигида айни пайтда ўтаётган йиғилишда хотин-қизлар саломатлиги, аҳоли бандлиги, ижтимоий фаровонлик ва хавфсизлик муаммолари муҳокама қилинмоқда. «Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида „сазойи“ қилиш ҳолатлари оддий ҳолатга айланиб бормоқда», — дея таъкидлади президент.
Президент Фарғонадаги Шодиёна ва Намангандаги Бунёдкор маҳаллаларидаги вазиятни «президент сиёсатига хиёнат» деб атади. Давлат раҳбари «қуйидаги» муаммоларни тушуниш ҳамда вазифа ва топшириқларни «тўғрироқ» белгилаб олиш учун амалдорларга маҳаллаларга кўчиб ўтишни таклиф этди.
«Парламент Президентнинг айтганини қилади деган гап аввалги вақт учун тўғри келар эди, аввалги вақтдаги дунёқараш бу» — дейди Сенат раиси Танзила Нарбаева. Унинг сўзларига кўра, парламент ҳозир тўлиқ мустақил ва унга ҳеч ким босим ўтказмайди.
Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартибини тасдиқлади. Жараёнга жамоатчилик жалб қилинади — фуқаролар regulation.gov.uz порталида чеклист тўлдириб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.
Янги аэродром яқинида фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат дендропарк (155 гектар), шунингдек, унинг ёнида Олимпия шаҳарчаси (160 гектар) қурилиши режалаштирилмоқда. Чирчиқ дарёсининг қирғоқларида ҳам парк (270 гектар) бунёд этилиши кўзда тутилган.
Президент раислигида ўтган йиғилишда 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоиз кам бўлиши кутилаётгани айтилди. Шу боис, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 млрд кубметр сувни тежаш лозимлиги таъкидланди.
Президент раислигида ўтган видеоселекторда бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилиши маълум қилинди. Бунда, биринчи марта, сабзавот етиштиришга Марказий банкнинг асосий ставкасида кредитлар бериш учун 300 млрд сўм қўшимча маблағ ажратиш назарда тутилган.
Шуҳрат Мусаев Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бундан аввал, у вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси бўлган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Муҳаммадзокир Маматхонов Уйчи тумани ҳокими этиб тайинланди.
Президент қарорига кўра, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди. Бошқарма мустақил таркибий бўлинма ҳисобланиб, ўз ваколатлари доирасида қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойили асосида амалга оширади.
Жиноят кодексининг янги таҳририда коррупциявий жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади. Жумладан, давлат хизматчиларининг ноқонуний бойиши тўғрисида модда ва номоддий фойда тўғрисида норма пайдо бўлади.
Депутат Расул Кушербаев ОТМга киролмаган ўқувчилар сабабли мактаб директорлари ишдан олиниши «демагогия эканлиги» ва ўқитувчиларнинг бунда айби йўқлигини таъкидлади. «Боланинг тадбиркорликка қизиқиши бўлса, ўқишга киришни хоҳламаса ҳам биз ўқитувчини айблаймизми?», — деди депутат. Унинг айтишича, бундай талаб қонунчилик ёки Меҳнат кодексида белгиланмаган.
Депутат Расул Кушербаев халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслиги ҳақидаги фикрга кўшилмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «рухсат бераётганларнинг ўзи тайёр эмас». «Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деди у. Президент ҳокимларни халқ сайлаши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. Шу билан бирга, у бунга сайланаётганлар ҳам, сайловчилар ҳам тайёр бўлиши кераклигини айтган.
Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади. Унинг нутқидан асосийлари: яқин вақт ичида парламент Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилади, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлади, қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмайди, Ўзбекистон бу бўйича махсус маърузачини таклиф этишни кўзламоқда, қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ташрифи ҳам кутилмоқда.
«„Эри рухсат бермаса деяпти“. Бу ҳам ҳозир бизнинг Наманганда мана шу ибора пайдо бўляпти. Бу ибора билан ҳам курашишимиз керак. Нимага десангиз, ҳаммамиз тенг бўлиб, аёлларимизни ҳам муносиб иш билан таъминлашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг