Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Музокаралар давомида металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва замонавий корхонани ташкил этиш лойиҳаси икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг намунаси экани қайд этилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг суд қарори устидан апелляция шикояти қабул қилинди. Суд 11 декабр куни UzAuto Motors ишини қайта кўриб чиқади.
Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилди. Университет ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот тизими каби соҳаларда мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашади. Ўқитиш япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Хайрулло Жўраев Бухоро тумани ҳокими этиб тайинланди. У ҳозирга қадар «Ғиждувон» ЭИЗ раҳбари вазифасида фаолият юритган.
Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган саммитга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони таъсис этилди. Мазкур унвон геология ҳамда бир қатор йўналишлардаги тажрибали мутахассисларга берилади.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов ва АҚШ давлат котиби Майкл Помпео телефон орқали мулоқот чоғида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда америкалик инвестор ва экспортёрлар учун яратилган имкониятларни муҳокама қилди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот давомида Россия вакцинасидан фойдаланиш масаласида фикр алмашишди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатда Ўзбекистон раислигидаги МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласини муҳокама қилди. Ушбу саммит шу йили декабрда видеоанжуман сифатида ўтиши кутилмоқда. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари пандемия туфайли юзага келган глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ривожланаётганини қайд этишди.
Ўзбекистон бош вазири ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг онлайн учрашувида бизнес ҳамкорлик, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувини фаоллаштиришга шароит яратиш мақсадида ШҲТ давлатлари ўртасида парвозларни босқичма-босқич қайта тиклашга чақирди.
Ўтган 10 ойда Халқ қабулхоналарига жамоат транспорти бўйича 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйича кунига қарийб 20 млн йўловчидан бор-йўғи 4,4 млни ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. 1,2 мингта қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмаган. Президент мазкур муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан йиғилиш ўтказди.
«Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат билан педагог ходимлар беш йил олдин имтиёзли пенсияга чиқиши мумкин этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, уларга 15 фоиздан 40 фоизгача кўп йиллик хизматлари учун устамалар тўлаш кўзда тутилган. Қолаверса, ўқитувчиларни юқумли касалликларга қарши бепул эмлаш белгиланиши мумкин.
Бош прокуратура ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилмоқда. Қонун қабул қилинса, бундай қилмишни содир этганлар ва жараённи видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатганлар 1 йилгача муддатга қамалиши мумкин.
АОКА Kun.uz ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилгани, «Газета.uz», Daryo.uz ва бошқалар эса коронавирус беморлари статистикаси шубҳа остига олингани ва расмий изоҳлар тақдим этилмагани учун огоҳлантирилганини маълум қилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат хизматчиларининг хизмат машиналаридан шахсий ва оилавий мақсадларда фойдаланиши одатий ҳолга айланганини таъкидлади. У ҳокимлар томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан қиммат машиналарни сотиб олиш ҳолатлари оз эмас, ўнлаб юз берганини маълум қилди.
Энергетика вазири Алишер Султонов таъкидлашича, Ўзбекистон ҳеч қачон «Лукойл»дан қарз бўлмаган. У қарздор «Ўзбекнефтегаз» бўлганини, ҳозирги пайтда «Ўзтрансгаз» газ олганини айтди. «Ўшанинг учун бу иккита хўжалик субъектлари ўртасидаги муносабат» — деди вазир. Унинг ўринбосари Беҳзот Норматов Ўзбекистон «Лукойл» лойиҳаларида қанча даромад қилганини маълум қилди.
Қонунчилик палатаси депутатлари биринчи ўқишда қабул қилган 2021 йилги давлат бюджети билан Вазирлар Маҳкамасига берилаётган ваколат қонунга зид бўлиб чиқмоқда. Ҳисоб палатаси янги қонун лойиҳаси Бюджет кодексига мувофиқ қайта кўриб чиқилиши лозимлигини қайд этди.
Навоий вилояти прокурори лавозимида ишлаган Шохрух Аминов Сирдарё вилояти прокурори лавозимига тайинланди.
Президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйган Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи кўтарилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп ўз штабига ҳукуматни топшириш бўйича кўрсатма берганини айтди. GSA раҳбари Эмили Мёрфи Жо Байден штабига АҚШ маъмурияти унинг ғалабасини тан олишга тайёр эканлигини англатувчи мурожаат юборди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг