Сенаторлар навбатдаги ялпи мажлисда «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни маъқулланди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг икки ўринбосари — Сарвар Хамидов ва Олимхон Рустамов лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистонда суд ҳукми устидан апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 суткадан 10 суткага қисқартирилади. Шунингдек, суд ҳукми, ажримини ва қарорини ижро этишда юзага келган масалаларни ҳал қилиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ва протест билдириш тартиби белгиланди.
Президентнинг Германияга ташрифи арафасида Ўзбекистоннинг янги элчиси Дилшод Ахатов ушбу мамлакатга етиб борди. У аввал Ҳиндистонда элчи бўлиб ишлаган.
Берлинда Марказий Осиё давлатлари ва Германия давлат раҳбарларининг музокаралари бўлиб ўтади. Уларда Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этади.
«Док-1 Макс» иши бўйича айбланувчилардан бири суд мажлисидаги нутқини марҳум 65 нафар боланинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиришдан бошлади. У пора олди-бердисида воситачилик қилганини тан олди ва ҳинд ишлаб чиқарувчисидан бошлиғига 33 минг долларни қандай етказиб берганини айтиб берди.
Ўзбекистонда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилиши мумкин.
«Еттилик»га айланган «маҳалла бешлиги» тизими «эшитувчи давлат» концепциясини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида яратилган, — деди Шавкат Мирзиёев. «Одамларнинг бизга берган ишончини оқлаймиз десак, бизни битта нарса қутқаради — садоқат, ватанга муҳаббат ва фидойилик».
Наманганда журналистлар шифохонага ётқизилган болалар билан боғлиқ вазиятни ёритиш бўйича расмийлар билан тортишди. Ўзини ССВ раҳбари ёрдамчиси сифатида таништирган шахс вазирга интервью бериш тақиқланганини айтди. «Болалар касалланаётган пайтда сукут сақлаб бўлмайди», деб жавоб берди журналистлар.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони Майкл Курилла билан учрашди. Томонлар ҳарбий соҳада ҳамкорликни давом эттириш имкониятларини кўриб чиқди.
Венгриянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Ёжеф Рожа ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
ЎзЛиДеП фракциясида Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, парламент палаталарига ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколатини бериш, қуйи палата спикери ўринбосарларини 7 тадан 2 тагача қисқартириш кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Италиянинг собиқ президенти, сенатор Жоржо Наполитано вафоти муносабати билан мамлакат президенти ва халқига таъзия йўллади.
Ўзбекистон президенти Чуст туманида 70 дан ортиқ боланинг заҳарланиши билан боғлиқ вазиятдан «қаттиқ ташвишда», дея маълум қилди унинг матбуот котиби. Давлат раҳбари мунтазам равишда вазият юзасидан ҳисоботлар олиб, масъулларга алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқлар бермоқда.
БМТнинг Лойиҳа хизматлари бўйича бошқармаси (ЮНОПС) Ўзбекистон билан битим имзолади. Ҳамкорлик сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, эпидемияга тайёргарлик даражасини ошириш ва мамлакат таълим инфратузилмасини яхшилаш йўналишларини ўз ичига олади.
Шавкат Мирзиёев ва Жаҳон банки гуруҳи президенти учрашувида банкнинг Маслаҳат кенгаши кўмагида инвестициялар оқимини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини таъкидлади. «Ишончим комилки, Озарбайжон яқинда Қорабоғни дунёнинг энг жаннатмакон ҳудудларидан бирига айлантиради», — деди у.
БМТ ва унинг институтлари «Ўзбекистон-2030» ислоҳотлар стратегиясини амалга оширишда ёрдам кўрсатишга тайёр, деди ташкилот раҳбари Антониу Гутерриш Шавкат Мирзиёев билан учрашувда.
Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг «C5+1» форматидаги 1-саммити бўлиб ўтди. Музокараларда терроризмга қарши кураш, минтақавий иқтисодий алоқалар ва энергия хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилди. АҚШ «C5+1» доирасида янги платформалар яратишни таклиф қилди. Тафсилотлар.
Нью-Йорк шаҳрида Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан учрашди. Унда икки давлат ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея раҳбарини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг