Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси «украин дўстлар»ни Мустақиллик куни билан табриклаб, «осмони тинч бўлиши, абадий гуллаб-яшнаши ва фаровонликни» тилади.
Президент Самарқанд вилоятида электр тақчиллиги 2022 йилдагидан кўпроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У вилоят ҳокими ва унинг ўринбосари, шунингдек, энергетика вазирининг биринчи ўринбосарини танқид қилди. «Қишда свет ўчганда ҳеч ким Турдимов демайди, Мирзиёев қаёққа қараяпти, дейди», — деди у.
Туркманистоннинг янги элчиси Шадурди Мередов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Сенаторлар «Ер қаъри тўғрисида»ги қонунни рад этди. Бунга ҳужжатдаги айрим нормаларнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид кафолатларига зидлиги, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ва бошқа камчиликлар сабаб бўлди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари ҳамда уларнинг рафиқалари Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган мактабнинг очилиш маросимида иштирок этди. «Бу Қорабоғни тиклашда хорижий давлатнинг илк совғасидир», — деди Илҳом Алиев. Мактаб ҳақида нималар маълум?
Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг БМТдаги янги доимий вакили Улуғбек Лапасов бош котиб Антониу Гутерришга ишонч ёрлиқларини топширди ва иш фаолиятини бошлади.
Дэвид Хофман USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори бўлди. Миссия 2020 йил сентябрь ойида иш бошлаган. Микаэла Мередит унинг илк директори эди. USAID раҳбари Саманта Пауэр АҚШ Ўзбекистон халқини янада қўллаб-қувватлашга содиқлигини таъкидлади.
Сенатнинг 24 августдаги ялпи мажлисида валютани тартибга солиш, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ер қаъри тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилади. Сурхондарё ва Хоразм вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари натижалари ҳам муҳокама қилинади.
Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланганидан кейинги илк давлат ташрифида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Олий давлатлараро кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Савдо, саноат кооперациясини ривожлантириш, логистика масалалари ва бошқалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президенти 22−23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлади. Музокаралар якунида икки томонлама битимлар қабул қилиниши режалаштирилган.
«Ўзнефтгазинспекция» раҳбари ўринбосари сифатида ишлаб келган Аскар Исаков «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. «Газета.uz»нинг аниқлашича, компаниянинг аввалги раҳбари Беҳзот Норматов 6 ойча олдин лавозимини тарк этган, бироқ бу ҳақда расман хабар берилмаган.
Шавкат Мирзиёев Будапештда бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашди, енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатига ташриф буюрди, авлиё Иштван куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари таҳлилига кўра, Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан учрашувда энг кўп «тадбиркор», «бизнес», «солиқ» сўзларини ишлатди. Таҳлил тадбиркорларнинг энг долзарб муаммолари солиқлар ва кредитлар эканлигини кўрсатмоқда.
Шавкат Мирзиёев Президент администрациясининг янги тузилмасини тасдиқлади. Унга кўра, ПА раҳбари лавозими тугатилди, яна иккита президент ёрдамчиси лавозими жорий этилди, маслаҳатчилар сони 9 нафардан 11 нафарга оширилди.
Будапештга амалий ташриф билан борган президент Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашди.
Ўзбекистондаги жамоат ташкилотлари ва ўзбек ишбилармонлари томонидан йиғилган 10,5 тонна гуманитар юк Украинага етказилди. Улардан кийим-кечак ҳамда тиббий буюмлар ўрин олган. Аввалроқ Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафар боладан иборат гуруҳ Тошкентга етиб келганди.
«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган Хуршид Усмонов Қамаши тумани ҳокими этиб тайинланди.
2022 йилда пахта хомашёсининг ички ва жаҳон нархлари ўртасидаги катта фарқ туфайли Ўзбекистон кластерлари 6 трлн сўм зарар кўрди, деди президент. Давлат раҳбари қўллаб-қувватлаш чораларини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19−20 август кунлари амалий ташриф билан Венгрияда бўлади. У фахрий меҳмон сифатида Венгрия давлат байрами — авлиё Иштван куни тадбирларида қатнашиб, Будапештда ўтаётган енгил атлетика бўйича ЖЧ югуриш мусобақалари финалига ташриф буюради.
АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни «Марказий Осиё — АҚШ» («С5+1») форматидаги биринчи саммитга таклиф қилди. У сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессиясининг очилиш кунларида ўтказилиши режалаштирилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг