Тармоқларда Тошкент халқаро аэропортида унутиб қолдирган юклар 26 минг сўмдан сотилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Uzbekistan Airports ёлғон маълумотларга ишонмасликка ва фирибгарларга пул ўтказмасликка чақирди. Компания юклари сотилмаслиги ва учинчи шахсларга берилмаслиги билдирди.
«Док-1 Макс» иши бўйича 13 ноябрда бўлган судда фарзандидан айрилган тўққиз жабрланувчи кўрсатма берди. Улардан бири Фармагентлик собиқ раҳбари Сардор Кариев билан мунозарага киришди. Судда тиббиёт ходимлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъулиятсизлигига эътибор қаратиш чақириқлари янгради.
Ўзбекистонда 9 ой давомида оналар ўлими кўрсатгичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 промиллини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 промиллига тенг бўлган. Хусусан, Сирдарё вилоятида кўрсаткич 11,6 промиллидан 45,6 промиллига ошган.
Оққўрғон туманида келин-куёвни олиб кетаётган вертолёт ва еттита Captiva иштирокида тўй кортежи уюштирилди. Тошкент вилояти ЙҲХБ кортеж иштирокчиларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилганини билдирди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Лицензиялаш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилди. Энди санитария ва гигиена қоидаларини бузган фуқаролар 3,3 млн сўмгача, мансабдор шахслар 6,6 млн сўмгача жарима тўлайди. Шунингдек, лицензия шартларини мунтазам бузганлар ундан 1 йилга маҳрум бўлади.
Chery Group компанияси дунё бўйича бир ойда 200 минг дан ортиқ автомобиль сотди, бу кўрсаткич 2022 йилнинг октябридан 50,8 фоизга кўпроқ.
Самарқандда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 1 млрд 668 млн сўмлик 117 минг қутидан зиёд сигарет ва чилим учун тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди. Улар махсус техникаларда янчилиб, сувга бўктирилди ва яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилди.
Давлат байроғи куни бағишланган «Янги нафас» халқаро оммавий югуриш мусобақалари ўтказилиши муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар 17−19 ноябрь кунлари ёпилади.
Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир, деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов. Шунингдек, Марказий Осиё ва Хитой бугунги кунда атмосферага чанг чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда экани маълум қилинди.
Депутат Олтиной Маъмирова Ўзбекистонда энергетик ичимликлар учун алоҳида акциз солиғини жорий этишни таклиф қилди. У 1 апрелдан ширин газланган ичимликлар учун таклиф қилинган литри учун 500 сўм акциз солиғидан 10 баравар юқори бўлади. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров унинг таклифини маъқуллади.
Тошкент вилояти ҳокимияти эгасиз итлар сақланадиган «Ҳаёт» бошпанасининг янги филиали учун Чирчиқ четидан қарийб 2 гектар ер ажратди. Қурилишга Миллий гвардия ёрдам беради. Аввалроқ «Ҳаёт» қарзлар туфайли ҳайвонларни қабул қилишни тўхтатмоқчи бўлган эди.
Зойир Мирзаев ўзининг икки ўринбосари ва Юқори Чирчиқ ҳокимига BYD хизмат машиналарини харид қилиш учун 1 млрд 336,5 млн сўм ажратиш тўғрисида фармойиш чиқарди. Ҳокимлик автотранспортларни алмаштиришга эҳтиёж улардан 5 йилдан ортиқ фойдаланилгани сабабли туғилганини билдирди.
Аввалроқ Қонунчилик палатаси ХДП фракцияси дрондан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонун лойиҳасини кўриб чиққанини хабар қилганди. «Газета.uz» эътибор қаратгач, палата спикери ўринбосари Одилжон Тожиев жазо енгиллаштирилаётгани ва хабар таҳрирланганини маълум қилди.
Шайхонтоҳур туманидаги «Баланд» масжидининг тарихий биноси янги қуриладиган масжид билан ўраб олинади. Ҳокимлик бундай «консервация» ёндашувини келгусида тарихий аҳамиятга эга бошқа диний объектларда ҳам қўллаш режалаштирилганини қайд этди.
Kompromatuzb иши бўйича 7 йилга қамалган Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимовнинг апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Ушбу ажримдан норози тарафлар Олий судга кассация тартибида шикоят бериши мумкин.
БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросига бағишланган сессия иштирокчилари Самарқанд вилоятида 1000 туп кўчат экди. Бу ҳудуд «CRIC-21 яшил боғи» деб номланди.
Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Жазо чоралари қатъий белгиланган бўлсада, ушбу тоифадаги жиноятлар сони йилдан йилга кўпайиб бораётгани айтилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сентябрда болалар йод таркибли «Антиструмин» дорисидан оммавий заҳарлангани ҳақида гапириб, препаратни беришда доза ошириб юборилганини тан олди. Аввалроқ унинг ўринбосари Элмира Боситхонова ҳолат сабаби дори эмас, ЎРВИ бўлиши мумкинлигини билдирганди.
«Кўмир таъминот» корхонасининг Тошкент вилояти филиали бошлиғи 50 минг доллар пора олишда гумонланмоқда. У фуқарога ишга киришда ёрдам бериш учун пул олаётганда ушланди. Шунингдек, корхонанинг Самарқанддаги омборлари мудирлари 2 минг тоннадан ортиқ кўмирни талон-торож қилгани аниқланди.
«Ховренко» номидаги Самарқанд вино комбинатида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётгани аниқланди. Тадбир якунида жами 631,7 млн сўмлик товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг