Тошкент шаҳар ИИББ Ўзбекистон ва Ироқ ёшлар терма жамоалари ўртасидаги футбол беллашувида тош отгани учун 47 киши ҳибсга олинганини маълум қилди. 19 нафар мухлис маъмурий жавобгарликка тортилди, 28 нафарига нисбатан эса тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2000 кв. метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулкини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртмасига асосан тўғридан-тўғри аукцион савдоларига чиқаришни таклиф этмоқда. Агентлик буюртмани 3 иш кунида ўрганиб чиқади, маъқулланган тақдирда объект савдога қўйилади.
Икки нафар абитуриентни Қарши давлат университетига 10 минг доллар эвазига киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушбу пулларни олганида қўлга тушди. Сурхондарёда эса Педагогика коллежи директори ўринбосари 5 млн сўм эвазига ўқишга қабул қилишини айтиб, 100 доллар олганида ушланди.
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 51 нафар хориж фуқароси доривор кавракларни йиғиш билан шуғуллангани аниқланди, уларнинг 31 нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Суд қарори билан улар миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинди.
Қон ҳамма жойда керак, аммо унга муҳтожлар қонни ҳамма жойда ҳам ололмайди. «Қон топшириш — бирдамлик ҳаракатидир. Донорга айланинг ва ҳаётларни сақлаб қолинг» — бу Бутунжаҳон донорлар куни чақирувидир. Ўзбекистонда қон топшириш мумкин бўлган манзиллар — «Газета.uz» материалида.
Тошкентда чоршанба-пайшанба кунлари кўпчилик учун хавфли бўлмаган 4 баллик магнит бўрони кузатилиши мумкин. Шифокорнинг сўзларига кўра, бўрон вақтида артериал гипертония ва бронхиал астма билан оғриган одамлар кўпроқ азият чекади, шу боис бу вақтда камроқ ҳаракат қилиш тавсия этилади.
Сенат инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириш соҳасидаги қонунчилик нормаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишларни маъқуллади. Сенаторлар аъзо ва тўқималарни олиш мақсадида одам ўғрилаш ёки одам савдоси хавфи билан боғлиқ ватандошларнинг қўрқуви ҳақида ҳам сўз юритишди.
Бекободлик икки нафар аёл 356 минг долларни кийимлари орасига яширган ҳолда Тожикистонга олиб чиқишга уринганида қўлга олинди. Улар бу ишни хизмат ҳақи эвазига тожикистонлик фуқаро илтимосига кўра амалга оширгани айтилмоқда. Ҳозирда пулларнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ер усти метросининг 2-босқичи қурилиши 2023 йил март ойида якунланиши кутилмоқда. «Қўйлиқ»дан «Қурувчилар» массивигача бўлган 5 та бекатни йил охиригача, яна 2 бекатни «Наврўз» байрамига қадар якунлаш режалаштирилган.
Ҳукумат қарори билан хўраки ва кишмишбоп токзорларни барпо этган талабгорга Боғдорчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан, саноатбоп токзорларни барпо этганга эса Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан бир марталик субсидия берилади.
Алкоголь ва тамаки бўйича қонунни рад этган Сенат, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи 3-туннел топилгани, отаси ва акасини болға билан ўлдирган самарқандлик ўғил, сув босган «Ўрикзор» бозори, калтакланган Sevimli мухбири ва оператори ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 13 июндаги хабарлар дайжестида.
Дунё мамлакатларида озиқ-овқат танқислиги бошланди. Энди вазият ёмонлашиб бораверадими? Бизни қандай сценарийлар кутмоқда? Вазият қачон ўнгланиши мумкин? «Газета.uz» ушбу мақолада бу борадаги турли таҳлиллар ва фикрларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этади.
Қирғизистон хавфсизлик кучлари Ўш ҳудудидаги уйлардан бирида Ўзбекистонга олиб ўтувчи 177 метрлик махфий ерости туннели борлигини аниқланди. Бу сўнгги бир ой ичида топилган учинчи туннель ҳисобланади. Уни икки нафар шахс валюта ва товарлар олиб ўтиш учун қазиганлиги айтилмоқда.
Шаҳрисабз туманида сайёр кассанинг бухгалтер-назоратчиси ва кассири 150 нафар фуқаронинг март, апрель ва май ойлари учун пенсия ва нафақа пулларини ўзлаштиргани аниқланди. Улар текширув вақтида 100,5 млн сўмлик зарарни тўлиқ қоплаган. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Туризм вазирлиги Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантиришни таклиф қилди. Саёҳатни ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлаштириш, пандус, лифт ва овозли маълумотномаларни ўрнатиш, имтиёз ва чегирмалар бериш — 5 йилга мўлжалланган дастур ҳақида батафсил «Газета.uz» материалида.
Учтепа туманидаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида 800 мм диаметрли магистрал иссиқлик тармоғи қувури ёрилиб кетди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бунга куз-қиш мавсумига синов-тайёргарлик ишлари сабаб бўлганини маълум қилди.
Андижонда ички ишлар ходими Human.uz журналистига бозорда шакар учун навбатда турганларни тасвирга олишига тўсқинлик қилди. ИИВ навбатда турган фуқаролар томонидан тасвирга олишга эътирозлар билдирилганини таъкидлади, бироқ нашр буни рад этиб чиқди. Жамоатчилик журналистни ҳимоя қилмоқда.
ДХХ Сирдарё ЙПХ масканида ўтказган тезкор тадбирда фуқаронинг автомобили юкхонасида 4,5 кг «гашиш» моддаси борлиги аниқланди. Тадбир давомида гумонланувчининг қашқадарёлик шеригига тегишли хонадондан яна 11 кгдан кўпроқ «гашиш» чиқди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ургутда фуқаро ўзининг отаси ва акаси билан жанжаллашиб, уларни болта ва пичоқ билан уриб, ўлдириб қўйди. Шундан сўнг, у туман ИИБга бориб, айбига иқрор бўлган ва уларнинг жасадини уйининг томорқасига кўмиб юборганини айтган. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳафта давомида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда. Ўзгидромет маълумотига кўра, кундузи ҳарорат +42 даражагача кўтарилади, кечалари эса +21 даража атрофида бўлади. Душанба ва сешанба кунлари тоғли ҳудудларда сел келиш хавфи мавжуд.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг