Тошкент давлат юридик университети ректори олийгоҳ биносида ноқонуний қурилиш қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. У кўп асрлик маданий мерос объекти бўлган университет биносига рухсатсиз ўзгартириш киритган.
Янги йўл ҳаракати қоидаларини жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлаган ҳукумат, Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позицияси ҳақида гапирган АҚШ элчиси, яна сотувга қўйилган «Сижжак», олд ўриндиқдаги йўловчиларнинг хавфсизлик камарини тақишлари шарт бўлгани, нархи ошиб бораётган оқ қоғоз ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 13 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Буюк Британиянинг янги санкциялар рўйхатига келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган уч аёл, жумладан Алишер Усмоновнинг икки синглиси ҳам киритилди. Уларнинг активлари музлатилади.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори Алишер Инаков матбуот анжуманида Даун синдроми бўлган болалар «ўқий олмаслигини» айтди. Бундай сўзлар ота-оналар ва жамоатчилик фаоллари норозилига сабаб бўлиб, агентликни улар билан учрашув ташкил қилишига ундади. «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов мазкур вазият юзасидан болаларнинг ўқишга ҳуқуқи ва амалдорлар сўзининг кучи юзасидан шахсий фикрини билдирди.
Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни алмаштириш муддати 1 йилга узайтирилди. Унинг муддати ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рўйхатга олиш гувоҳномаси берилган йилга боғлиқ. Агар улар 2010 йилгача берилган бўлса, 2023 йил 31 мартгача алмаштирилиши керак.
Ўзбекистоннинг янги Йўл ҳаракати қоидаларида йўлларга рухсатсиз сунъий тўсиқлар ўрнатиш тақиқланди. Одатда уларни фуқаролар ва компанияларнинг ўзлари ўрнатарди. Чунки масъул органлар пиёдаларни ҳимоя қилиш учун буни бажаришмайди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманидаги «Сижжак» дам олиш маскани яна сотувга қўйилди. Харидор оромгоҳда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириши керак.
Ҳукумат қарори билан эндиликда ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида таниша олмайди. Бунинг ўрнига ҳайдовчи саф бўлимидан ёзма маълумот талаб қилиши мумкин. Шунингдек, body camera`си бор ЙПХ ходими ҳайдовчининг мастлик ҳолатини алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида ўзи аниқлаши ва баённома расмийлаштириши мумкин.
Алексей Хен Тошкент ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У ўзи ишлаб келаётган Рақамли ривожланиш департаментига раҳбар бўлди.
1 майдан бошлаб автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт бўлади. Орқа ўриндиқларда хавфсизлик камарини тақиш ва махсус болалар ўриндиғидан фойдаланиш тавсия сифатида қолмоқда.
15 мартдан бери Адлия вазирлиги тиббиёт ва таълим соҳалари ходимлари манфаати йўлида судларга салкам 7,2 млрд сўмлик даъво киритди. Натижада 5,2 млрд сўмлик иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар ундирилди, қолаверса, 398 та шахс интизомий, 33 та шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Мурожаатларнинг энг кўпи Андижон, Қашқадарё ва Навоий ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, ССВ, Олий таълим, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари тизимида ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда.
ДХХ ўтказган тезкор тадбирда самарқандлик икки фуқаро ёнида 1 кгдан ортиқ гашиш моддаси билан ушланди. Уларга наркокурьерлик учун 1 млн сўмдан берилиши айтилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам гиёҳванд моддалар савдоси билан алоқадор бир нечта гумонланувчилар қўлга олинди.
Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Кирилл Альтман «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида нега Ўзбекистонда маҳаллий клубларга мухлислик қилинмаслиги ва футболда оддий ҳисобдан кўра нима жозибалироқ эканлиги ҳақида гапирди.
1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситасини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йилга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузилади. Бунинг учун шу йилнинг ўзида 300 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, доривор ўсимликларни етиштирувчиларга бир қатор имтиёзлар тақдим этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Шукрулло Жаҳонгиров қурилиш вазирининг янги ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Тошкент шаҳар ҳокимлигида мутахассис, Mimar Group компаниясида бош архитектор бўлиб ишлаган.
Вазирлар Маҳкамаси янги йўл ҳаракати қоидаларини жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлади. Аҳоли пунктларида стандарт максимал тезлик ўзгаришсиз (70 км/соат) қолдирилди. Республика комиссияси уни йирик шаҳарларнинг маълум жойларида 60 км/соатгача камайтириши мумкин. Мактаблар ва болалар боғчаларида тезлик 30 км/соат, аҳоли турар жойларида 20 км/соатни ташкил этди.
Бухорода ДХШ асосида янги аэропорт терминали қурилиши, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги темир йўл линияси бошқаруви ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкинлиги, МИБ ишига аралашганлик учун белгиланган жавобгарлик, 822 минг сўмгача бўлган қарздорликнинг иш ҳақидан ундирилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 12 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон халқ артисти, «Ватандошлар» жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси Шерали Жўраев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Президент тегишли фармонни имзолади.
Инсоннинг коинотга биринчи парвози бундан 61 йил аввал амалга оширилган. Космонавтика куни муносабати билан «Газета.uz»нинг Ўзбекистоннинг коинотни ўрганишга қўшган ҳиссаси ҳақидаги мақоласини эслаймиз. Ютуқлар қаторидан «ТАПОиЧ»да космонавтларни синовдан ўтказиш учун самолётлар ишлаб чиқарилгани, Тошкент муҳандислик бюросида Ой тупроғини Ерга олиб тушган қурилманинг яратилгани, Ойни тадқиқ қилиш учун Тошкентда ишлаб чиқилган асбоб-ускуналар Невич посёлкасида синовдан ўтказилгани кабилар ўрин олган.
Ўзбекистонда ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун зарур дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд, қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ, амалиётда 15 фоизлик нарх преференцияси ишламайди. Шу ва бошқа 50 га яқин муаммога ечим топилмагани президент иштирокидаги йиғилишда танқид қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг