Jurabek Laboratories томонидан ишлаб чиқарилган хитой-ўзбек вакцинасининг илк партияси топширилиши, Uzcard банкоматларида доллар айирбошлаш вақтинча тўхтатилиши, Бола асраб олиш тартиблари соддалаштирилиши — «Газета.uz»нинг 30 сентябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Сенат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга профилактика инспекторлари ваколатларини кенгайтириш, уларга маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳуқуқни беришни кўзда тутган ўзгартишлар киритилишини маъқуллади. Муросага эришилган ҳолатларда жавобгарликдан озод қилишни назарда тутган маъмурий ишлар бўйича ярашув институти ҳам жорий этилмоқда.
Ушбу форум доирасида «Агробанк» АТБ томонидан Германиянинг Landesbank Hessen-Thüringen, Россиянинг «Совкомбанк» ҳамда «МКБ» банклари билан ўзаро манфаатли молиявий келишувлар имзоланди.
1−2 октябрь кунлари совуқ атмосфера фронти ўтиши билан республиканинг айрим ҳудудларида жадаллиги асосан бироз бўлган ёмғир ёғади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +12…+17 даража атрофида бўлади.
Фарзандликка олиш тартиблари соддалаштирилмоқда. Жумладан, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга фарзандликка олиш имконияти яратилади. Ушбу жараёнга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар рўйхати тасдиқланади.
Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши тўғрисидаги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Мазкур қонун билан мамлакатда ҳокимият вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланиши айтилди.
Тошкент вилоятида Чирчиқ дарёси орқали ўтадиган янги кўприк қурилиши бошланди. Кўприк 4Р12 «Тошкент — Чорвоқ» йўлидан Чирчиққа кираверишдаги дарёдаги тўғон яқинида қурилади.
30 сентябрь куни Jurabek Laboratories томонидан ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1 млн 458 минг 820 дозаси СЭС хизмати вакилларига топширилди. Ҳозирги кунда корхона томонидан жами 7 млн доза вакцина ишлаб чиқарилган.
«Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилоти аъзоси, 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкентда амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этгани гумон қилинган фуқаро қўлга олинди. Мазкур шахс 23 йилдан буён қидирувда бўлган.
Россия Ўзбекистон ҳудудида жиноят содир этганликда айбланган тўрт кишини Ўзбекистонга топширди. Улар турли вақтларда ҳибсга олинган.
Шавкат Мирзиёевнинг андижонлик сайловчилар билан учрашуви, «суперконтракт»нинг минимал миқдорлари белгиланиши, Ўзбекистонда бир кун ичида икки марта зилзила сезилиши — «Газета.uz»нинг 29 сентябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва «техпаспорт"ларни янгиларига ўзгартириш муддатини 2022 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Чоршанба куни Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида кун давомида икки марта зилзила сезилди. Зилзиланинг эпицентри Қирғизистонда бўлган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги АОКА билан биргаликда 10 дан ортиқ букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ноқонуний сайтларга киришни чеклади.
ДХХ ходимлари Тошкентда ва бир қатор вилоятларда гиёҳванд моддалар савдосининг бир нечта ҳолатларига чек қўйдилар. Қарийб 18 кг, жумладан, Амударё орқали чегарани ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқаросидан 9 кг опий топилди ва мусодара қилинди.
«Ҳудудгазтаъминот» эндиликда огоҳлантиришсиз газ ўчирилишига йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Таъкидланишича, ҳозирда хонадонларга 2 млн га яқин электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилган ва қарздорлик ҳақида SMS-хабарнома юборилиб, истеъмолчига 5 кун муддат берилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари (суперконтракт) тасдиқланди.
1 ноябрга қадар коронавирусга қарши эмланган талабаларга 2021−2022-ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз тўлов-контракт миқдорларига бир марталик 10 фоиз чегирма берилиши белгиланди.
Тошкент вилоятида 15 ёшли қизнинг онаси эри икки йил давомида қизини зўрлаб келганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда қизи ҳомиладор. Бош прокуратура жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Бачадон бўйни саратони Ўзбекистонда аёллар орасида энг кўп учрайдиган саратон касаллиги тури бўйича иккинчи, мазкур касаллик туфайли ўлим ҳолатлари бўйича эса учинчи ўринда туради. У 90% ҳолларда одам папиллома вируси инфекцияси билан бошланади. Касалликни эрта ташхис қўйиш ва тўғри даволаш орқали енгиб ўтиш мумкин. Икки вилоятда пилот скрининг дастури ишга туширилмоқда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг