Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлари эркин очилишни бошлади. Шу билан бирга, улар кириш чекланган ижтимоий тармоқлар рўйхатидан чиқарилмаган. Ҳозирча расмий изоҳ берилмади. (Кейинроқ киришда қийинлаша бошлади.)
Олий ва профессионал таълим муассасалари талабаларига 2021−2022 ўқув йили учун контракт тўловини амалга ошириш муддати 1 апрелга қадар узайтирилди. Бунгача ушбу муддат 1 мартгача этиб белгиланганди.
14 март куни Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ўз бўлимларини капитал таъмирлаш учун қиймати 621 млн сўм бўлган тендер ўтказди. Ушбу тендерда қатнашган икки корхона раҳбарлари ўзаро қариндош бўлиши мумкин. «Газета.uz» тендер иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлигини ўрганиб чиқди.
Тошкентда баҳорги режа асосида иссиқ сувни ўчириш 9 майдан бошланади ва 10 июнга қадар давом этади. Бундан ташқари, 24−25 март кунлари иссиқ сув таъминотини чеклаш орқали иситиш тизимлари синовдан ўтказилади. 30 мартдан 11 апрелгача эса иссиқлик тармоқлари чидамлилиги ва зичлилиги юқори босим остида текширилади.
Депутатлар енгил автомобилда ташиш хизматини кўрсатиш вақтида йўловчиларнинг соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ҳайдовчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга оид қонунни иккинчи ўқишда маъқуллади. Дониёр Ғаниевнинг таъкидлашича, «қанчалик оғир бўлмасин, бу тўғри қарор». Депутат Ўктам Исломов эса суғурта ихтиёрий бўлиши кераклигини айтмоқда.
Шофиркон туман ҳокимлиги «Вардонзе қўрғони» археология ёдгорлигининг 124 гектар майдонини 76 гектаргача қисқартириб, қолган қисмини фермер хўжалигига яйлов учун бериб юборгани аниқланди. Фермер эса уни экин майдонига айлантириб юборган. Бунинг оқибатида қадимги тарихий топилмалар йўқотилган ва давлатга 26,7 млрд сўмлик зарар етказилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
ДХХ Россияда ишлаш даврида халқаро террористлар таъсирига тушиб, уларнинг ғояларини ўз яқинларига тарқатганликда гумонланаётган бир қанча фуқарони қўлга олди. Яна бир ҳолатда эса Telegram орқали яқинларига ақидапарастлик ғояларини тарқатган шахсга қарши жиноят иши қўзғатилди.
25 январь куни Марказий Осиё мамлакатларида электр энергиясининг оммавий узилишига Ўзбекистон энергетика тизимидаги носозлик сабаб бўлган. Авария сабабларини ўрганиш бўйича давлатлараро комиссия шундай хулосага келди.
Сирдарё туманидаги Бахт шаҳарчасида хўжаликлараро коллекторда сув сатҳи ошиб кетиб, жами 102 та хонадон ва Бахт бозорчасини сув босди. Аҳоли хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинмоқда. Ҳозирга қадар «Хазина» маҳалласидаги 20 та уйда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилди.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ОТМларнинг илмий салоҳиятини шубҳа остига олаётганларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, таълимда ишлаётган 70−80 ёшдан ошганлар шу вақтгача илм билан шуғулланган бўлса, улар таълим учун керак. Бундан ташқари, вазир тасдиқланмаган маълумот бергани учун 23 ОТМ проректорини танқид қилди.
16 март куни эрталаб Тошкент аэропортида қуюқ туман тушиши сабабли бир қанча маҳаллий ва халқаро рейслар кечиктирилди ва бошқа аэропортларга кўчирилди.
Маданият вазирлиги Юлдуз Усмонова ўз концертида мухлисларга қўпол муносабатда бўлганини қоралади ва санъаткор мухлислар ҳурматини жойига қўйиши шартлигини таъкидлади. Аввалроқ хонанда концерт дастурида саҳна пардаси очилмай қолгани учун эътироз билдирган томошабинлардан бирига қўпол тарзда жавоб бергани акс этган видеоёзув тарқалган эди.
Шароити оғир ва кам таъминланган кексаларнинг дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади. Шунингдек, оғир касалликка чалинган ёки ногиронлиги бор кексаларнинг дори-дармонларининг 50 фоизгача бўлган суммаси коплаб берилади.
Қорақалпоғистонда ўз ходимларини уриб-сўккан йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи в.б.га нисбатан «қаттиқ интизомий жазо чораси» қўлланилди. 2021 йилнинг февралида содир бўлган мазкур ҳолат акс этган видеоёзув ЙПХ ходимларидан бирининг боди-камерасига қайд этилган ва яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.
Ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартиби тақиқланади. Шунингдек, мамлакатда фаол қариш индекси жорий этилади.
Сенат «снос» тўғрисидаги қонунни қуйи палатага қайтариши кутилмоқда. Сенаторларнинг фикрича, қонунни қайта кўриб чиқишга 7 та моддадаги камчиликлар ва очиқ қолган масалалар сабаб бўлмоқда. Депутат Расул Кушербаев эса бу нотўғри эканлигини айтиб, қонун қайтгудек бўлса, Қонунчилик палатаси ҳужжатни президентга тўғридан-тўғри киритиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Ўзбекистон халқ артисти Тўтихон Юсупова 86 ёшда ҳаётдан кўз юмди.
18 март куни шифокорлар билан учрашадиган президент, Бухорода қулаган қалъа деворини таъмирлашга 1 млрд сўм, Украинадан эвакуация қилинган талабаларнинг ўқиши кўчирилиши, Марказий Осиё президентлари неча ёшда лавозимга сайлангани ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 15 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ҳисоб палатаси Тошкент тиббиёт академияси биноси қурилишида 22,4 млрд сўм маблағ самарасиз сарфланганини маълум қилди. Бундан ташқари, 9 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси 16,7 млрд сўмлик маошга сохта «ведомост» ларни расмийлаштириб, ўзлаштиргани аниқланди.
Самарқанд вилоятида иссиқхона қуриш учун ажратилган ер майдонини 60 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар сўралган пулнинг 20 минг долларини олаётганда ушланди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг