2020 йилда «тез ёрдам» хизматларига 11,5 миллиондан кўпроқ мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,5 миллион маротаба кўпроқ. Энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кузатилган.
Қонунчилик палатаси 30 июлни Халқлар дўстлиги куни сифатида белгилайдиган қонунни қабул қилди. 2011 йилда БМТ ушбу cанани Халқаро дўстлик куни деб эълон қилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳақидаги моддага ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, таълимда тилни эркин танлаш ҳуқуқларини бузиш, давлат тилини менсимаслик учун жарима миқдори оширилади.
ДХХ, Антикоррупция агентлиги ва ДБҚ томонидан Тошкент вилоятидаги «Яллама» постида божхона расмийлаштирувини тезлаштириш эвазига пул ундириб келган гуруҳ қўлга олинди.
25 январь куни марҳум олим Андрей Кубатиннинг ноҳақ қамалгани ва унинг оила аъзоларига етказилган маънавий зарарни қоплаш юзасидан Учтепа туманлараро судида суд мажлиси бўлиб ўтди. Маънавий зарар ундириш бўйича даъвони марҳумнинг опаси Клара Сахарова киритган. Жавобгар сифатида Тошкент шаҳар Молия бошқармаси судга жалб этилган ва етказилган маънавий зарар учун 3,5 млрд сўм маблағ ундириш сўралган.
Қашқадарёда ҳайдовчи ҳужжатлари йўқлиги сабабли ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, ўзаро жанжални юзага келтиради. Бундан ташқари, машина давлат рақамисиз бўлгани маълум қилинган. Фуқарога нисбатан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
ЙПХ ходимларининг пиёда хизмат олиб бориш тизимидан босқичма-босқич воз кечиши режалаштирилмоқда. Қоидабузарликларни фақат патруль автомобиллари орқали аниқлаш тизими йўлга қўйилади.
Андижон туманидаги саноат ҳудудида 30 сотих ерни тадбиркорга 15 минг доллар эвазига олиб беришни ваъда қилган собиқ кадастр ходими қўлга олинди. Андижон шаҳар суди томонидан унга 2 йил 2 ойлик ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.
Бош прокуратура электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув таъминотидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Энг юқори жазо чораси — 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш деб белгиланган.
Навоий вилоятида кўп қаватли уй қурилишига жалб этилган кўтарма кран қулаб тушди, натижада кран бошқарувчиси жаҳорат олди. У ҳозир шифохонага ётқизилгани айтилмоқда. Кўп қаватли турар-жойни қураётган компанияга оид маълумотлар қурилиш ташкилотлари рейтингида мавжуд эмас.
Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин Қозоғистондан Ўзбекистонга янги тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилишини эълон қилди. Тезюрар поезд Туркистон — Чимкент — Тошкент йўналишида ҳаракат қилади.
2021 йилда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яна 10 та президент мактаби бунёд этилади. Маълум бўлишича, Андижондаги президент мактаби шаҳар ҳокимияти ва Андижоннома таҳририяти ўрнида қурилиши режалаштирилган. Таҳририят ходимлари учун эса алоҳида жой ҳозирланаётгани айтилди.
Ўтган йили Ўзбекистонга 1,5 миллион хорижлик ташриф буюрди, бу 2019 йилга нисбатан 77,7 фоизга кам. Кўпчилик мамлакатга қариндошларини кўриш учун киргани (87,8%) қайд этилмоқда.
Самарқандлик талаба фуқарони Қирғизистондаги университетга киритиб қўйиш, кейинчалик ўқишни Самарқандга кўчиришни ваъда қилиб, 5 минг долларни олган вақтида қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Талаба 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Республика махсус комиссияси қарори билан умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектларнинг 8:00 дан 23:00 гача фаолият юритиши билан боғлиқ чекловлар бекор қилинди.
Республика махсус комиссияси қарори билан 28 январдан бошлаб концерт тадбирларини ўтказишга рухсат берилди. Бунда концерт саройлари фақат 50 фоизгача тўлдирилиши, ўриндиқларда оралиқ масофа сақланиши ва барча ҳимоя ниқобда бўлиши керак.
Пойтахт ҳокими ажратган 30 млрд сўм нафақат дарахт экишга балки, ободонлаштириш ишларига ҳам сарфланиши мумкин. Шаҳар Кенгаши депутати Васила Алимова таъкидлашича, ҳозирда қандай дарахтларни қаерга экиш мақсадга мувофиқлиги бўйича мутахассислар ўрганишлар олиб бормоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Coca-Cola корхонасининг хусусийлаштирилиши бўйича Давактив муносабатига жавоб берди ва жараённинг давом эттирилишига эътирози йўқлигини маълум қилди.
Бош прокуратура департаменти Тошкент ва Ромитан туманларида тадбиркорлар 2,7 млрд сўмлик газ ўғирланганини аниқлади. Улар сарфлаган миқдор қиш мавсумида 200 тагача хонадонни узлуксиз газ билан таъминлашга етиши маълум бўлди. Ишбилармонларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордерлари кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг