Глобал миқёсда 387 нафар журналист ўз касбий вазифаларини бажаргани учун қамоқда қолмоқда. Уларнинг 61 фоизи атиги бешта давлатда ҳибсга олинган. Пандемияни ёритгани учун қамалган журналистларнинг 14 нафари ҳамон панжара ортида қолмоқда.
14 декабрь куни Фарғона вилоят судида Сўх воқеалари юзасидан суд жараёнида 5 нафар судланувчи сўроқ қилинди. Улар тергов жараёнида қийноққа солинганлигини, баъзилари эса тўполонларда қатнашмаганлигини таъкидлади. Б.Шодиев тергов пайтида бошига қоп кийгизиб, белдан пастки қисмига уришганини айтди. Судланувчи Ш. Олимов айблов варақасига қўл қўйиб бермаса, «подвалга тушасан» деб қўрқитишганини таъкидлади.
Матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Хатамов UZB, ZDF ва бошқа рақамли давлат идоралари автомобиллари ҳам жаримага тортилишини маълум қилди. У шунингдек, ЙПХ ходимлари вазирлик ва давлат идораларига тегишли автомашиналарда қоида бузилганида нега тўхтатилмаслигига ҳам ойдинлик киритди.
15 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ИИВ ходимларини ишига халақит бермаган ҳолда хоҳлаган жойда тасвирга олиш мумкинлигини айтиб ўтди.
«Ziyouz.com» портали асосчиси, журналист Давронбек Тожиалиевнинг хабар беришича, у Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилинган. Журналистнинг ёзишича, бунга қадар у Туркияга 5 маротаба борган ва ҳеч бирида бу каби муаммо кузатилмаган.
Сирдарё вилоятида профилактика инспектори кафе иш юритувчиси ва уч нафар шахсларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилаётганини суратга олгани учун улар томонидан калтакланган. Ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
«Газета.uz»нинг Тошкентдаги ДХМлар ходимлари 10 ой ярим ставка ойлик билан ишлагани ҳақида хабарига муносабат билдирилди. Давлат хизматлари агентлиги ходимлар меҳнатига тўлиқ ҳақ олганини қайд этди. Уларнинг нима сабабдан ва айнан қачондан ярим ставкага ўтказилгани ҳақидаги масала эса очиқ қолмоқда.
Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун мавжуд бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилиниб, ўрнига жарима ёки мажбурий жамоат иши жазоси қўшилмоқда.
Коронавирусдан вафот этган шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова талаб қилинган 560 миллион сўм ўрнига 462 минг сўм миқдоридаги моддий товон пули тўғрисидаги суд қароридан норози бўлиб, шикоят аризаси ёзмоқчи. Кубатин реабилитация қилинмагунига қадар давлатга хиёнат қилишда айбланиб, 2,5 йил қамоқда ўтириб чиққан эди. Унинг опаси «Газета.uz»га жиноят иши тафсилотлари, қийноқлар ва Зангиота касалхонасидаги даволаниш ҳақида гапириб берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан эълон қилинган 2020 йилги Инсон камолоти индекси ҳисоботида Ўзбекистон 106-ўринни эгаллади.
Наманган вилоятида ЗИЛ-130 ва Нексия-1 русумли автомашиналар тўқнашди. ЙТҲ оқибатида 3 киши вафот этди, икки нафар йўловчилар тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, 2021 йил 1 мартдан Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари билан биргаликда Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича Е-полисни сотиш, расмийлаштиришни амалга оширади.
Тошкентда ноқонуний диний ҳужралар фаолият юритганлиги аниқланди. Ҳужраларда ўқиган 30дан ортиқ болалар калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган.
Бош прокурорни бир нечта ҳуқуқбузарликлард айблаган Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг важларини «ҳар томонлама ва холисона текшириш» мақсадида Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда ишсизликни қисқартиришга, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳа учун 93 млн доллар ажратади.
Тошкент шаҳар Бектемир туманида ИИО ходимлари томонидан 4 млн сўмга яқин пиротехника воситалари ушлаб қолинди.
Қамчиқ довонида музлаган йўллар сабабли 13 та автотранспорт воситалари ЙТҲга учради. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳафтанинг ўрталаридан бошлаб ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади. Сешанба куни кечаси Фарғона водийси ҳудудлари ва шанба куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида қор ёғиши мумкин.
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани «Универсам» савдо мажумуасида ички ишлар орган ходимлари ер ости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи фуқароларга йўлакни бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш беришган. Огоҳлантиришларга мазкур фуқаролар рад жавобини бериб, жанжал кўтарган.
Ҳукумат қарори билан ихтисослашган болалар кўнгилочар-маърифий Aqlvoy телеканали (болалар телеканали) ташкил этилади. Телеканал ўзини-ўзи молиялаштириш асосида фаолият юритади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг