Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда «Меҳр-3» акциясига салбий муносабатлар ҳайратланадиган даражада кўплигига эътибор қаратиб, жамиятда бошқаларга ачинишни билмайдиган, вазиятни тўғри қабул қилишни инкор этадиган қатлам кенг бўлса, бунинг ижтимоий ва сиёсий оқибатлари яхши бўлмаслигини таъкидлади.
Кўпчилигимиз учун ўтиб кетаётган йилнинг воқеалари кутилмаган, синовлари эса оғир бўлди. «Газета.uz» ўз ўқувчиларидан 2020 йил воқеаларига ўз муносабатларини, таассуротларини ёки ҳикоялар билан бўлишишларини сўрамоқда. Сўровномадан сўнг биз баъзи ҳикояларни эълон қиламиз.
Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарор вазият ҳотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини айтди. «Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, COVID-19`нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди, деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деди вазир.
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича махсус кузатувлар рўйхатидан чиқарди. Ўзбекистон ушбу рўйхатда 2018 йилдан бери бўлган.
«Меҳр-3» операцияси доирасида Суриядан 98 нафар ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди. Улардан 25 нафари аёллар ва 73 нафари болалар.
Тошкентнинг барча туманларида пиёдалар ва велосипедчилар учун узунлиги 50 километр бўлган «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилади.
Тошкентда қизил чироқда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган UZB рақамли Toyota Land Cruiser ҳайдовчиси жаримага тортилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан 104 нафар фуқарони афв этди. Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 17 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
«Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси доирасида зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам бериш мақсадида «Najot» мобил иловаси ишга туширилди. Илова ёрдамида жабрланганлар психолог онлайн ёрдамини олиш, қийин вазиятда шифокор ва адвокат билан маслаҳатлашиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси пандемия даврида МСКТ текширувлари нархларининг асоссиз оширилганини ўрганишда «Бизнес-омбудсман» қаршилигига дуч келганини маълум қилди.
Қозоғистон сенатори мамлакат тадбиркорлари Ўзбекистонга экспорт қилишда дуч келаётган асосий муаммоларни санаб ўтди. Унинг гапларига кўра, Ўзбекистон Қозоғистондан кириб келаётган 96 турдаги товарга божхона қийматидан 5 фоиздан 50 фоизгача акциз солиғини қўллайди. Қозоғистонда эса ўзбек маҳсулолари учун ўхшаш акциз солиқлари мавжуд эмас.
Президент томонидан имзоланган Миллий гвардия тўғрисидаги қонунга кўра, Миллий гвардия хизматчисининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий қилиб қўйилади. Шунингдек, Миллий гвардия ходимлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Қонун 2021 йил 20 майдан кучга киради.
Тўрткўл туманида ўғриликка ушган уйда 79 ёшли аёл ва унинг набирасини пичоқлаб ўлдириб, пул ва 2 дона уяли телефон аппаратини олиб кетганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди.
Яқин икки кун ичида Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқари, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида бироз қор ёғиши мумкин. Тун вақтларида ҳаво аёзли бўлади.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбариятининг Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати билан олиб борган музокаралари давомида қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортер корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўриладиган бўлди.
Самарқандда 4 грамм гиёҳвандлик воситасини 6 млн сўмга сотган икки шахс қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тошкентнинг Сергели туманидаги «Саноат энегрия» қозонхонасида ноқонуний равишда оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аниқланди. Газ таъминоти ташкилотларига етказилган зарар деярли 572 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди қўшма Ўзбекистон-Россия инвестиция фондини яратишни таклиф қилди.
4 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг йиғилишида бешта туман — Чортоқ, Учқўрғон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Урганч туман ҳокимларига мажбурий меҳнатга йўл қўйганликлари учун ҳайфсан берилди.
Ноябрь ойида президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлигининг жами 346 нафар раҳбарлари аттестация ўтказилган бўлиб, раҳбарларнинг 61 фоизи ундан ўта олмаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг