Абу-Бакир Ибрагимов Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани ҳокими этиб тайинланди. Туманнинг аввалги ҳокими Даулет Толибаев коронавирус оқибатида оламдан ўтган эди.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига янги ҳоким этиб Абдурасул Абдуллаев тайинланди.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра дезинфекция туннеллари тақиқланмоқда. Сентябрь ойининг бошида Соғлиқни сақлаш вазирлиги туннелларни фойдасиз деган эди. ЖССТ бу ҳақда баҳордаёқ таъкидлаган.
Россиянинг турли минтақаларидан келган 4500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси Самара яқинидаги вақтинчалик чодир лагеридан уйларига қайтиш учун имконият кутмоқда, дея хабар қилди «Новая газета». Ўзбекистон парвозларни қайта тиклашга уринмоқда, аммо масаланинг ечими кўпроқ Россияга боғлиқ, дея таъкидлади Транспорт вазирлиги вакили.
Учкўприк туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит бошқарув вақтида ухлаб қолиб, йўл четида тўхтаб турган пиёдани уриб юборди. ЙТҲ натижасида 44 ёшли фуқаро шифохонада вафот этди.
Республика болалар кутубхонаси меценатлар маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинади. Кутубхонада коворкинг учун хоналар, лабораториялар ва студия барпо этилади. Лойиҳага биноан, бинонинг тарихий кўриниши сақлаб қолинади. Иш 2021 йилнинг баҳоригача якунланиши кўзда тутилмоқда.
Россиянинг Самара вилояти ва Екатеринбург шаҳридан темир йўл рейслари орқали деярли 1700 фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди. Келганларнинг барчаси карантинга юборилди.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилди. Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг таъкидлашича, депутатлар ушбу ўзгаришларни узоқ йиллар орзу қилишган.
Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсга олинишига реаниматолог Фаррух Рустамовнинг коронавирусдан вафот этгани сабаб бўлгани маълум қилинди. Марҳум вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Унга кўра, ота-оналарга фарзандларига уй шароитида дин асосларини ўқитишга рухсат берилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўймаслик талаби бекор қилинади.
Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари якунлари эълон қилинди. Имтиҳонларда 1,2 млн нафар (95,1%) абитуриент қатнашди. 63 минг нафари эса келмаган, 1187 нафари эса тест синовларидан четлаштирилган. 90 нафар абитуриентда тана ҳарорати 37 даражадан юқори эканлиги аниқланган.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент ИИББ ходимларининг кўча сотувчиларидан ҳаво шарларини тортиб олиб, уларни осмонга учириб юбораётгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББ буни шарларнинг ёнувчи газ билан тўлдирилгани, улар портлаган тақдирда, атрофдагиларга зарар етказиши мумкинлиги билан изоҳлади.
Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимининг 6 та асосий йўналиши белгиланди. Хусусан, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамланади, меҳнат мигрантлари молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгайтирилади.
Хорижга ишга кетаётган кам таъминланган оилалар аъзоларига бир йил муддатга 10 млн сўмгача миқдорда микроқарзлар берилади. Микроқарз фоиз ставкасининг 14 фоизли пунктидан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади. Шунингдек, 446 минг сўм (40 долл) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу мақсадларга 4,1 млрд сўм маблағ ажратилади.
1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни, ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий қилинмоқда.
Korean and Migrations мансабдорлари, шунингдек, хусусий бандлик агентлиги фаолияти билан алоқадор бошқа шахслар фирибгарлик ва қалбакилаштиришда айбдор деб топилди. Агентлик директори ва Наманган вилоят филиали бошлиғига 9 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
ЙҲХББ 13 сентябрь куни бешта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берди. Бахтсиз ҳодисалар натижасида тўққиз киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳатланди.
Мактаб ўқувчиларининг иммунитети заиф бўлишининг сабаблари нимада, болалар учун соғлом уйқу ва овқатланиш рациони қай тартибда бўлиши керак? Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедованинг тавсиялари.
Саидахон Мирраҳимова Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди. Бунга қадар у Самарқанд вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Чоршанба кунидан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳароратнинг пасайиши, шамол тезлигининг кучайиши ва қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Шанба кунигача кундузги ҳарорат 27 даража атрофида бўлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг