«Яшил» ҳудудлардаги диний ташкилотлар (масжидлар, черковлар) фаолияти 8 июндан бошланади. Бунда ҳимоя ниқобларини мажбурий кийиш шарти билан, шунингдек, ташриф буюрувчилар орасидаги масофа камида 1,5−2 метр бўлган ҳолда намоз ўқиш мумкин бўлади. Лекин, ҳозирча оммавий диний тадбирлар (жума намози, якшанба ибодатлари ва бошқалар) ташкил этиш тақиқланади.
Абитуриентлар ОТМларга топшириши учун талаб килинадиган ҳужжатлар рўйхати маълум бўлди. Олдинги йилларда ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун тўлов бу йил 111,5 минг сўм миқдорда бўлиши белгиланди.
2020−2021 ўқув йили учун ОТМга кириш имтиҳонларида абитуриентлар иккита фандан тест синовлари топширади. Тест синовлари карантин чекловлари тугагандан сўнг июль-август ойларида (тахминан 27 июлдан 15 августгача) ўтказилади. Ижодий имтиҳон топшириши керак бўлган абитуриентлар фақатгина битта таълим йўналишида, қолган ҳолатларда 3 та таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин бўлади.
Абитуриентлар республика ОТМларига 15 июндан 15 июлгача Ягона интерактив давлат хизматлари портали, ДТМ сайти ва Давлат хизматлари марказлари орқали онлайн ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.
40 нафардан ортиқ Фанлар Академиясининг ёш олимлари кўп қаватли уйлар учун биринчи тўловни 2019 йил ноябрда тўлаб беришган. Сергели туманидан ажратилиши керак бўлган уйлар юзасидан, Сенат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимига сенатор сўрови юборди.
Сўх туманидаги барча муаммоларни бартараф этиш учун 1 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу масала бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Cўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратилади, улар олий ўқув юртларига имтиҳонларни ўз она тиллари — тожик тилида топширишлари мумкин бўлади.
14 кунлик карантиндан кейин «Ўрикзор» савдо мажмуаси қайта очилди. Қурилиш материаллари бозори «Stroygorod» мажмуаси бундан мустасно.
4 июнь куни Яшнобод туманида жойлашган битум эритиш бассейнида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин соат 06:05 да тўлиқ бартараф этилган, ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
15 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудлар ўртасида автобуслар қатновига рухсат берилади. Бунда, автобус якуний бекатда дезинфекция қилиниши, салонга фақат ниқобдаги йўловчиларни киритиш ва ҳайдовчиларни ҳам ҳимоя воситалари билан таъминлаш талаб этилади.
15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва буюм бозорлари фаолиятига муайян шартлар асосида рухсат берилмоқда. Бунда белгиланган шартларга риоя қилиш керак бўлади.
5 июндан бошлаб «сариқ» ҳудудларда меҳмонхоналар ҳамда очиқ ҳаводаги ресторан ва кафелар фаолиятига рухсат берилади. Қўшимча равишда, «яшил ҳудудларда» тренажер заллари, таълим марказлари, диний ташкилотлар ва маданият объектлари фаолиятига маълум шартлар асосида рухсат берилади. Жумладан, масжидларда намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаш керак бўлади.
Пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкин, дея таъкидланди президент раислигидаги йиғилишда. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд оилага моддий ёрдам ажратилиши қайд этилди.
72 ёшли коронавирус бемори ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этди. Вафот этган коронавирус беморлари сони 16 кишига етди.
Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари 202,4 млн сўм микдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бош прокуратура маълумотига кўра, туман кўчаларида 75,5 млн сўмлик металл устун ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатган компания ҳисоб рақамига 278 млн сўм ўтказилган.
Фарғона вилояти Учкўприк туманида вояга етмаган «Lacetti» автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши сабабли ағдарилиб, унинг оқибатида автомашинада бўлган вояга етмаган йўловчи жароҳатланади, кейинчалик у шифохонада вафот этган.
2 июнь куни «Ганга» автомобиль кўпригида аниқланмаган «Cobalt» автомобили кескин тўхтагани сабабли 7 та бир йўналишда ҳаракатланган автомобиллар масофа сақламаганликлари туфайли тўқнашган. ЙТҲ натижасида тан жароҳати олганлар йўқлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати «яшил», «сариқ» ва «қизил» рейсларни жорий этган ҳолда босқичма-босқич халқаро авиақатновларни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бош вазир ўринбосари ва Туризм қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов мазкур тизим ва «Ўзбекистон. Кафолатланган хавфсиз саёҳат» лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.
Финляндия Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига 1 млн евро ажратди ва жамғарма донорига айланди.
Қашқадарёда ўзини ДХХ ходими деб таништириб, фуқаролардан пул талаб қилаётган шахс қўлга олинди. Унинг ёнидан сохта гувоҳнома ҳамда бошқа фуқароларнинг паспорт нусхалари ва фотосуратлари, уйидан эса ҳарбий либос топилди.
Қарши туманида фойдаланилмаётган 93 га ер майдони 132 нафар ёшга бўлиб берилди. Яна 500 га ер ўзлаштирилиб, 500 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ва ёшларга тақдим этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг