Маҳаллаларнинг бошқарув ходимлари сони солиқчи ва ижтимоий ходим қўшилиши ҳисобига 5 тадан 7 тага кўпайди. Маҳалланинг ўзида 70 дан ортиқ масала, жумладан, моддий ёрдам ва кредитлар ҳал этилади. Тизим эса тўлиқ рақамлаштирилади. Шунингдек, маҳалла раисининг ваколатлари кенгаяди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Samo компаниясидан тендерсиз 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга сотиб олган. 2022 йилда дорининг бир қадоғи 5500 сўмдан харид қилинган бўлса, жорий йилда 6500 сўмдан сотиб олинган. Чакана савдода эса 3000 сўмдан сотилган.
Йодид ичганидан сўнг хасталанган болаларнинг ота-оналари билан суҳбат, Kompromatuzb иши бўйича суд ҳукми, Фарғонада 83 тошбақани чегарадан олиб чиқишга уринганлар, «гармошка»ли электробус қатнови, кўйлаги учун огоҳлантирилган актриса Нилуфар Ҳамидова ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида Тянь-Шань қўнғир айиғи аниқланди. Айиқ қишлоққа озуқа излаб келиб, фермернинг икки бош қўйини олиб кетди. Экология бошқармаси ходимлари жонивор аниқланган ҳудудни назоратга олди.
Ўзбекистон ССВ Президент администрацияси вазирга «Антиструмин» қабул қилган болаларда ножўя таъсирлар кузатилаётгани билан боғлиқ вазият ҳақида интервью беришни тақиқламаганини маълум қилди. Бу ҳақда аввалроқ журналистларга ўзини вазир ёрдамчиси деб атаган шахс айтган эди.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Покистон Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Сахир Шамшад Мирза бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) чигирткага қарши курашишни янада яхшилаш учун Ўзбекистонга Toyota Hilux автомобилларини топширди.
Kompromatuzb Telegram каналига алоқадор журналистлар — Human.uz директори Хуршид Далиев ва «Ўзбекнефтгаз» собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бандлик вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевага эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Моддий маданий мерос объекти жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқаришни тақиқловчи қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу ҳуқуқбузарликни кўп миқдорда содир этиш фуқароларга БҲМнинг 25 бараваригача (ҳозирда 8,25 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Тошкентда ўнлаб болалар РШТЁИМ токсикология бўлимига заҳарланиш аломатлари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилди. Ота-оналар улар йод ичганидан сўнг хасталанганини маълум қилмоқда. Шифокорлар эса ҳолатнинг препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди. «Газета.uz» вазиятни ўрганди.
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида MAN ва HOWO юкмашиналари ҳамда Cobalt иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда юк машиналари ҳайдовчилари жароҳат олди.
Фарғонада «Қизил китоб»га киритилган 83 дона тошбақани чегарадан олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди. Улардан 5 донаси нотўғри ташилганлиги сабабли зарарланган. Жонзотлар суд қарори чиққунига қадар ҳайвонот боғига топширилди.
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидовани узун кесмали либосда саҳнага чиққани лицензия талабларини бузиш деб баҳолангани учун огоҳлантирди. Ташкилот актрисанинг фотосуратларида оёқ ва кўйлакнинг тепа қисмини хиралаштирди.
26 сентябрь куни соат 10:00 дан 18:00 га қадар Чилонзор ва Учтепа туманларининг айрим маҳалла ва кўчаларида газ таъминоти тўхтатилади.
Қўштепа туманида мактаб ўқувчиси 5 ёшли болани пневматик қурол билан отиб қўйди. 5 соат давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг боланинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони таъсис этилди. Нишон ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни арафасида топширилади. У билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида пул берилади.
Навбатдаги «Алифбо ислоҳоти»га жамоатчилик муносабати, CAU (Akfa) университети атрофидаги можаро тафсилотлари, «Антиструмин» ишлаб чиқарувчи Samo заводида текшириш бошлангани, эмланмаганлар орасида тарқалаётган кўкйўтал, Чилонзорда яна дарахткушлик ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
«Антиструмин» йод препаратини ишлаб чиқарувчи Samo компанияси фаолияти текширилмоқда. Ножўя таъсирлар туфайли касалхонага ётқизилган болаларнинг ота-оналари ушбу препаратни қўллаш сабаб бўлган деб тахмин қилишмоқда. Расмийлар эса болаларда ЎРВИ бўлиши мумкин деган фикрда.
CAU (Akfa) университетининг 2 йил тайёрлов курсини битирганлар сабабларсиз ОТМ талабалари сафидан четлатилди. Бунга эски ва янги раҳбарият ўртасидаги низо сабаб бўлмоқда. «Газета.uz» талабалар ва уларнинг ота-оналарига микрофон тутди, университет раҳбарияти эса саволларга жавоб беришни истамади.
Шайхонтоҳур туманида 1 та МЧЖ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани оқибатида 3 млрд 838 млн сўмлик зарар етди. Бу ҳажмдаги газ 29 мингдан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил этади. Корхонанинг, шунингдек, электрдан 3 млрд сўмдан зиёд қарзи борлиги маълум бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг