ССВ раҳбари ойлиги харажатларига етмаётган шифокорларга «беморга меҳр билан ёндашсангиз, ўзи сизга бериб кетади» мазмунида таклиф билдирганди. Антикоррупция агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашига кўра, бу мамлакат сиёсатига зид ҳаракат ва тизимга халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади.
Ўтган ёзда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда иштирок этганликда гумон қилинган яна 39 нафар фуқаро устидан Бухорода суд жараёни бошланди. Улар орасида банк ҳуқуқшуноси, адвокат, журналистлар, ҳайдовчилар, ишсизлар ва бошқалар бор. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
27−30 январь кунлари оралиғида Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида одам ўлими билан боғлиқ 4 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 4 нафар фуқаро вафот этган, 2 нафари жароҳатланган.
Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосарлари Франция компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда пойтахтдаги қатор объектларга қуёш панелларини ўрнатишга қаратилган лойиҳа муҳокама қилинди. «Лойиҳанинг техник, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳужжатлари такомилига етказилмоқда», — дейилади ахборотда.
Ўзбекистонда 6−8 февраль кунлари ҳаво илиқ бўлади. Ҳарорат +20 даражагача кўтарилади. Бироқ ҳафта ўртасида мамлакатга Россиядан совуқ антициклон кириб келади. Кундузи ҳарорат −2 даража, кечаси -12 даражагача пасайиши мумкин.
Авваллари йилда бир ё икки марта рўй берадиган нарх ўсиши арафасида кузатиладиган, сўнгги 5−6 йилда эса «аввалги замон»да қолиб кетгандек туюлган бензинга навбатлар бу йилги қиш мавсумида яна кун тартибига қайтди. «Газета.uz» мухбири Тошкент АЁҚШлардаги навбатларни фотосуратларга муҳрлади.
АҚШ 2022 йилда туристик ва ишбилармонлик визаси учун ўзбекистонликлар топширган аризаларнинг 47 фоизини рад этди, бу 2021 йилга нисбатан ёмонроқ, бироқ аввалги йилларга қараганда яхшироқ кўрсаткич саналади.
Наманганда фуқаро Telegram`да экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи 9 кишилик гуруҳ очиб, унда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига қўшилишга даъват қилиб келгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши очилди.
«Агробанк» АТБ Қамаши тумани филиали мансабдор шахслари салкам 4 млрд сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Тергов давомида уларнинг 3 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича судланган Полат Шамшетов ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилди. Унга кўра марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.
Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлка фуқаролар йиғинида Nexia 3 ва юк машинаси ўртасида автоҳалокат юзага келиб, 5 нафар одам вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири ойлиги кундалик харажатларига етмаётган шифокорларга кутилмаган таклиф билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, бемор меҳр билан даволанса, ўзи рози бўлиб, баракасини бериб кетади. «Ўзини брендини яратса, халқнинг ўзи боқади», — деди Амрилло Иноятов.
Сирдарё вилоят Экология бошқармаси тармоқларда ёввойи тўнғиз одамларга ҳужум қилгани ҳақидаги видеохабар бўйича муносабат билдирди. Унга кўра, ўтган йил октябрида Гулистон туманида ҳақиқатдан ҳам бир бош ёввойи тўнғиз овланиб, тракторда судраб олиб кетилган, бироқ қолган кадрлар монтажда қўшилган.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 98 млн доллар эвазига қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров лойиҳани 2024 йил 2-чорагида эмас, балки 2023 йил охиригача якунлаш кераклигини айтиб, бунинг учун ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини билдирди.
Андижон туманида юк машинаси ҳайдовчиси йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган 21 ёшли аёлни босиб кетди. Кўрсатилган ёрдамга қарамасдан у шифохонада вафот этди.
Пешку туманида икки шахс 28 кишига, яна бири 8 кишига араб тили баҳонасида ноқонуний диний таълим бериб келаётгани аниқланди. Улар фаолияти тақиқланган Содиқ Самарқандийнинг маърузаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб келгани ҳам маълум бўлди.
Каттақўрғон туманида бир гуруҳ шахслар ичида 720 млн сўм бўлган банкоматни ўғрилаб кетди. Суриштирув давомида аппарат бўлаклари ташландиқ жойдан топилди. Ҳолат бўйича 4 киши қамоққа олинди.
Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи, Қорақалпоғистоннинг биринчи президенти Даулетбай Шамшетовнинг ўғли Полат Шамшетов тахминан юрак хуружидан вафот этди. У Нукус воқеалари бўйича айбдор деб топилиб, 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Паркент тумани Заркент қишлоғида автокран қулаб, унинг машинисти шифохонада вафот этди. Ҳодиса бўйича махсус текшириш ўтказилиб, хулосалар ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилиши маълум қилинди.
Оролбўйи минтақасида аллергик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш юзасидан «Аллергия ва астма» мактабларини ташкил этиш режа қилинмоқда. Нукус кўп тармоқли марказий поликлиникаси қошида ташкил этилаётган мактаблар аҳоли ўртасида бу турдаги хасталикларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг