Спорт зали йўқ мактабларда қиш ойларида жисмоний тарбия дарслари ўтган ўқув йилидан бошлаб қисқартирилганди. Мазкур буйруқ бекор қилинди ва эндиликда барча мактабларда ҳафтада икки марта жисмоний тарбия ўқитилади.
Маҳаллаларда иш бошлаган 9 мингдан ортиқ ҳоким ёрдамчилари, эмланмаган ишчиларнинг масофавий ишлаши, Ангрендаги сойдан жасади топилган 70 ёшли эркак, коронавируснинг кунлик ҳолати кескин ошиб бораётгани, Қозоғистоннинг янги бош вазирини табриклаган Абдулла Арипов, «Янги Ўзбекистон» боғида монументнинг кўчиб тушаётган гипслари ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 12 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ҳукумат қарори билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам ер участкасида инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, инвесторлар келиша олмаган мулкдорлардан кўчмас мулкни мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
ДХХ ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳида иштирок этиш ва жиҳод ғояларини тарқатишда гумон қилинган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. У Ўзбекистонга экстрадиция қилинган, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Истиқлол» монументининг гипс қисмларига зарар етгани акс этган суратлар тарқалди. Боғ раҳбарияти гипсли парчалар икки ой ичида бронзага алмаштирилишини маълум қилди.
Январь ойининг дастлабки 10 кунида республикада «Тез ёрдам»га қарийб 350 мингта мурожаат келиб тушган. Улар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,4 мингтадан зиёдроққа кўп. Мурожаатларнинг 32,4 мингтаси тана ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов 15 январдан ташкилотларнинг эмланмаган ишчилари масофавий ишлашга юборилишини маълум қилди. «Кейинги беш кун ичида ишчилари вакцинанинг биринчи дозасини олган муассасалар аввалгидек ишлашда давом этишлари мумкин», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.
Ангрен ИЭСга қарашли дам олиш маскани ҳудудидан оқиб ўтувчи сойдан дам олиш мақсадида келган 70 ёшли эркакнинг музлаб қолган жасади топилди. Ангрен шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
2021/2022 ўқув йилидан техникумларни «аъло» ва «яхши» баҳоларга тугатганлар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз ОТМларнинг 2-босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин. Ушбу тартиб битирувчи техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йилгача амал қилади.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида 400 доллар эвазига қалбаки диплом савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Улар орасида мактаб директорлари ҳам бор.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Словенияда коронавирусга чалинди. Шу сабабли, у Дубайда бўлиб ўтадиган йиғинда қатнаша олмайди, унинг ўрнига ёрдамчи мураббийлар машғулот ўтказади. Қолаверса, жамоа ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркиновда ҳам COVID-19 аниқланиб, карантинга олинган.
Фарғона вилоятида 7 киши «Туронбанк»нинг My Тuron мобил иловасидаги хатоликдан фойдаланиб, қарийб 700 млн сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Уларнинг 5 нафари 3,5 йилдан 5,5 йилгача муддатга қамалди.
Сешанба куни Ўзбекистонда 604 та янги коронавирус инфекцияси аниқланган ва 4 киши вафот этган. Бундай кўрсаткич охирги марта сентябрь ойида қайд этилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият хавотирли бўлиб бораётганини маълум қилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Алихан Смаиловни Қозоғистоннинг янги бош вазири этиб тайинлангани билан табриклади. Алихан Смаилов эса Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришда содиқ қолишини маълум қилди.
Тошкент кимё-технология институти келгуси ўқув йилидан «супер контракт» дан воз кечишни режалаштирмоқда. Шунингдек, ўқув йили 3 семестрли бўлиши мумкин. Бунда иқтидорли талабалар бакалавр босқичини 4 йилда эмас, 3,5 йилда битириши мумкинлиги айтилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш — фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистонда омикрон штамми аниқлангач, давлат болалар боғчаларида ҳам байрам тадбирларини ўтказиш вақтинча чекланди. Шунингдек, уларнинг ҳудудига ота-оналар ёки меҳмонларнинг киришига йўл қўйилмайди.
Тошкент-Чиноз автомобиль йўли ва пойтахтдаги Темур Малик кўчаси таъмирланиши, иккинчи марта суиқасд уюштирилган Юнусубоддаги дарахтлар, Олма-отадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчилар рўйхати тузилгани, ҚҚС имтиёзлари 4 ойга узайтириладиган озиқ-овқатлар, Тошкентда Cobalt юкхонасидан топилган андижонлик таксичининг жасади, ниқоб тақмаганлар аввалига огоҳлантирилиши, жаримага эса қўпол қоидабузарлар тортилиши — «Газета.uz» нинг 11 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
«Бухоро нефть базаси» МЧЖда муттасадилари хусусий АЁҚШларга жами 2,6 млрд сўмлик нефть маҳсулотларини тўловсиз етказиб бериб, дебитор қарздорликни яшириб келган. Шунингдек, МЧЖ қурилиш корхоналарига 298,1 млн сўм пулни асоссиз равишда тўлаб берган. Ходимларга эса 31,6 млн сўм миқдорида ортиқча иш хақи ва мукофот пуллари берилган.
Фарғона вилоятида аввалига «Ислом давлати» террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиш ниятида Туркияга борган, Сурияга ўта олмагач, Ўзбекистонга қайтиб келиб, ташкилот ғояларини тарғиб қила бошлаган 19 ёшли шахс қўлга олингани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг