Ҳисоб палатаси 2,5 йил давомида мактабгача таълим тизимида 48,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганини аниқлади. Уларнинг 7,2 млрд сўм қуйи бўғинларда мансабдорлар томонидан талон-торож қилинган. Болалар учун 2,2 млрд сўмга яроқсиз «сарёғ», 10,1 млрд сўмга шубҳали гўшт сотиб олинган.
Бош прокуратура Тошкентдаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг собиқ раҳбарига қарши жиноий иш қўзғатди. У ширкатга қарашли уйларни таъмирлаш учун олинган кредитдан 229,3 млн сўмни ўзлаштирганликда айбланмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 2 млн дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси хорижда ишламоқда. Энг кўп меҳнат мигрантлари Россияда — 1,5 млн фаолият юритишади. Вилоятлар ҳиссаси бўйича эса энг кўп меҳнат мигрантлари Самарқанддан — 268 минг ва Фарғонадан — 247 минг эканлиги маълум қилинди.
Мунир Мамедзаде ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари лавозимида иш фаолиятини бошлади. У инсон ҳуқуқлари, болалар ҳуқуқлари, ёшлар ва ривожланиш соҳаларида 20 йиллик раҳбарлик тажрибасига эга.
Бош прокуратура коррупция ҳақида хабар қилганларга бир марталик пул мукофоти берилишини кўзда тутувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, пул мукофоти миқдори пора, етказилган зарар миқдори ёки ўғирланган мулк қийматига боғлиқ ҳолда — базавий ҳисоблашнинг 3 бараваридан сумманинг 10−15 фоизигача берилади.
Январь-июль ойларида Ўзбекистонда 92 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилди. Энг кўп ўлим июль ойида кузатилди.
UzAuto Motors компания автомобил нархларини асоссиз оширганлиги боис, автомобиллар нархини пасайтириши кераклиги тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилишини билдирди. Компания иш бир тарафлама кўриб чиқилганини, қарор узил-кесил эмаслигини ва кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланишини таъкидлади. «Автомобиллар нархини ҳозир пасайтириш имконсиз», — дейилади баёнотда.
Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушланди. У 15 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилганликда айбланмоқда.
Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида Нексия автомобили ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини бузиш оқибатида қаршисидан келаётган «НOWO» русумли юк автомашинаси билан тўқнашган. Натижада Нексия ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчи вафот этган, улардан бири 1 яшар бола. Мошинанинг яна бир йўловчиси тан жароҳати олган.
Тошкент вилояти Бекобод тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари 5000 доллар пора олаётганида ушланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors томонидан 2020 йил март ойида автомобиллар учун тасдиқланган ва истеъмолчиларга реализация қилинган, асоссиз киритилган харажатларни чегиришни ва ушбу маблағларни истеъмолчиларга қайтариб беришни сўради. Янги шартномлар ҳам ушбу чегирмалар асосида тузилади. Бунинг оқибатида Spark 3,5 млнгача, Cobalt 10,5 млнгача, Gentra 19,8 млнгача ва Damas 15,7 млн сўмгача арзонлашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонлари 65 та жойда бўлиб ўтади. Тошкентда имтиҳонлар учун «Пахтакор» стадиони, Миллий боғ, Талабалар шаҳарчаси хиёбони, «Ашхобод» сайилгоҳи ва Ботаника боғи танланди. Бу йил абитуриентларнинг ота-оналари учун кутиш жойлари ташкил этилмайди.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ушбу тадбирларни иш кунлари кундузи 10:00 — 18:00 орасида 2 соатдан ошмаган вақт давомида ўтказишга рухсат берилади. Бу каби тадбирларни ўтказишга рухсат олиш учун ариза намойишлар ўтишидан ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатдан олдин тақдим этилиши лозим — батафсил.
Ургут туманида 21 ёшли «ЗИЛ» ҳайдовчисининг йил давомида учинчи бор ЙҲҚ бузиши қонли аварияга сабаб бўлди. Хавфли бурилишда қарама-қарши йўлдан юрган юк машинаси рўпарадан чиққан Cobalt билан тўқнашди. Енгил машинадаги 4 киши қурбон бўлди, яна 3 киши жароҳатланди.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида «Москвич» ҳайдовчиси йўлни велосипедда кесиб ўтаётган беш ёшли болани уриб юборди. Бола шифохонада вафот этди.
Инсон капитали ҳамда жамият ва давлатнинг иқтисодий ютуқлари чамбарчас боғлиқдир. Файласуф, жамиятшунос ва антрополог Валерий Хан нима учун педагогик таълим сифати Ўзбекистоннинг инновацион тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги тўғрисида фикр юритади.
Аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш мақсадида чет элдан вакциналар олиб келинади ва жойларда эмлаш пунктлари ташкил қилинади. Эмлаш ишлари сентябрь ойидан бошланиши кутилмоқда.
Қўқон ҳокимлиги шаҳар кўчаларини исириқ билан «дезинфекция» қилинаётганлиги акс эттирилган видео «Тоза ҳудуд» корхонаси ходимларининг ҳазили эканлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 20 августдан қайта тикланадиган поезд қатновлари жадвалини эълон қилди.
Тошкент ва Бўстонлиқ туманининг Юсуфхона қўрғони ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди. Кун давомида 18 та қатнов амалга оширилади, чипта нархи 10 минг сўм.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг