Наманган вилоятининг Уйчи ҳамда Норин туманлари орасини боғловчи «Нориндарё» кўприги қуриб битказилгунга қадар Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари аҳоли учун вақтинчалик кўприк кўтарди. Кўприкни таъмирлаш ишларини сентябрь ойида якунлаш режалаштирилган.
Ўзбекистонда биринчи марта аудиобук шаклига эга норматив ҳужжат тайёрланди. Адлия вазирининг буйруғи ҳисобланган ушбу ҳужжат нотариуслар фаолиятига тегишли бўлиб, уни республика ҳудудларидаги нотариусларга тарқатилиши маълум қилинди.
4 август куни Россиянинг Қозон шаҳридан чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинган ва «Саёхат» меҳмонхонасига карантинга олинган 31 ёшли деновлик эркак, меҳмонхонанинг 4-қаватидан ўзини улоқтириб ўз жонига қасд қилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Зоминда ўзидан олдиндаги машинани қувиб ўтмоқчи бўлган Lada-Largus ҳайдовчиси Isuzu юк машинаси билан тўқнашув содир этди. Натижада енгил автомобилнинг икки йўловчиси оламдан ўтди, тўрт киши, жумладан, икки бола жароҳатланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсонпарварлик ёрдами сифатида Ўзбекистонга 500 та кислород концентраторини жўнатди. Ҳафта охиригача лабораториялар учун зарур бўлган моддалар билан юкланган яна бир инсонпарварлик ёрдамининг келиши кутилмоқда.
Андижон вилоятида институтга киритиш эвазига 2 минг доллар олган кафедра доценти фирибгарлик устида ушланди.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги гидроэлектрстанция ҳудудида жомадон ичидан эркак кишининг жасади топилди. Ўлимнинг «механик асфиксия» натижасида содир бўлгани хабар қилинди.
Ҳафта ўрталарида ҳаво ҳарорати кундузи 30−35, кечаси 18−23 даражагача пасаяди. Тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Иш ҳафтасининг охирига келиб эса ҳарорат яна кўтарилиб, 33−38 даражага етиши кутилмоқда.
Пойтахтдаги Мирзо Улуғбек туманига кирувчи Улуғбек шаҳарчасининг аҳолиси шаҳарчани Тошкент вилоятининг Қибрай туманига ўтказишга қарши чиқди. Уларнинг фикрича, бу шаҳарча ва у ерда жойлашган Ядро физикаси институтининг ҳолатини ёмонлашувига олиб келади. Аҳолининг очиқ хати 2700 га яқин имзо тўплаган.
Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов бир қатор блоггерлар ва журналистларнинг Telegram-аккаунтларини бузишга бўлган уринишларни изоҳлаб, матбуотнинг «овозини ўчиришга» уриниш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини айтди. Шунингдек, у Facebook га кириш билан боғлиқ муаммоларга қарамай, фойдаланувчилар барибир киришда давом этишларини таъкидлади.
Бош прокуратура икки вилоятда бюджет маблағларининг талон-торож қилинганлик ҳолатлари аниқланганини эълон қилди. Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида ишламаётган ишчиларга иш ҳақи ва нафақалар тўланган — 240 млн сўмга яқин маблағлар талон-торож қилинган. Сариосиё тумани Халқ таълими бўлими ҳисобчиси бир неча йил давомида 355,3 млн сўмни талон-торож қилганликда айбланмоқда.
«Газета.uz» иқтидорли ҳаваскор фотографлардан ўтган ойлар давомида суратга туширилган Ўзбекистон кўчаларидаги ҳаёт манзараларини бўлишишни сўради.
Бекободда МФЙ раиси маҳалласида яшамайдиган ва муҳтож бўлмаган 26 фуқарога 101,5 млн сўм нафақа тайинлаб, 31,6 млн сўмини тўлаб бергани аниқланди.
Кечки овқат учун «Гўшт Сай», «Қиймадан тайёрланган қуш уяси», «Товуқли тоблатма» ва яна бошқа мазали ва қизиқарли таомлар Zira.uz томонидан тузилган таомлар рўйхатида.
Сенат Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга қарор қилди.
Сенаторлар янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида"ги қонунни маъқулладилар. Унда давлат органлари ваколатларига аниқлик киритилиб, таълим шакллари, педагоглар, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Сенат раҳбари Танзила Норбоева олий таълим тизимидаги коррупция туфайли Ўзбекистоннинг бирорта ҳам олийгоҳи дунёнинг энг яхши университетлари рейтингига кира олмаганини маълум қилди.
Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида ярим йиллик фаолияти бўйича ҳисобот берган ташқи ишлар вазири, жумладан, пандемияси сабабли хорижда қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга қўлдан келганча ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлар экан, бу борада камчиликлар ҳам борлигини тан олди. «Консулхонага ҳужум қиламиз, ўт қўямиз, консулни осамиз, деган гаплар ҳам бўлди», — деди у.
Тошкент ҳокимияти sogboling.uz сайтини ишга туширди. Сайт ёрдамида коронавирус билан оғриган беморлар тиббий хизматлар сифатини баҳолашлари, муаммолар юзага келган тақдирда, шикоят қилишлари мумкин.
Коронавирусга чалинган абитуриентлар ОТМларга кириш имтиҳонларига киритилмайди. Турли сабабларга кўра тест синовларида қатнаша олмаган абитуриентлар учун тест синовлари имтиҳонлардан 4 кун ўтгандан кейин алоҳида ўтказилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг