Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни чет эл давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақириб, бунинг учун жиноий жавобгарликдан огоҳлантирди. Аввалроқ Россияда Қуролли Кучларда хизмат қилган хорижликларга фуқаролик бериш осонлаштирилганди.
Пойтахтда дарахтлар нобуд бўлишига шароит яратиб берганликда айбланиб ҳибсга олинган Тошкент Экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов озод этилди, бироқ жиноий ишда гумонланувчи сифатида қолмоқда. Депутат Расул Кушербаев унинг озодликка чиқишига Ўзбекистон бош прокурори ҳисса қўшганини айтди.
Чилонзор туманида 58 туп дарахтни кесиб ташлаб, табиатга қарийб 800 млн сўмлик зарар етказгани учун Dream House Stroy компанияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилди. Аввалроқ, мазкур ҳодиса Чилонзор прокуратураси рўпарасида, тунги вақтда содир этилгани ҳақида ёзгандик.
Қуйи Чирчиқ туманидаги боғчада ўз хотинини калтаклаган эркак кейинчалик уни ўлдиргани маълум бўлди. Бош прокуратура жиноят рашк сабаб содир этилганини айтмоқда. Гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари алоҳининг коммунал тўловлари учун берган жами 350,6 млн сўм маблағларини банк кассасига кирим қилмасдан, ноқонуний ўзлаштиргани аниқланди. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура Чилонзор туманидаги мактабда ягона форма харид қилиш учун прокуратура ходимлари тилхат ёздириб олгани ҳақидаги хабарни рад этди. Ўрганиш натижасида бу мактаб директорининг шахсий ташаббуси эканлиги, бироқ жараёнга ёлғондан прокуратура аралаштирилгани аниқланди.
Пойтахтнинг Чилонзор туманида $10 минг эвазига Тошкент тиббиёт академиясига, Сирдарёда $5 минг эвазига Гулистон давлат университетига киритиб қўйишга уринганликда гумонланган шахслар қўлга олинди. Самарқандда эса сохта ҳужжатлар асосида Қозоғистондан ўқишни кўчирмоқчи бўлган шахс ушланди.
Ярим йилда 1429 та жиноят иши доирасида 1785 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди. Бунда улар етказган моддий зарар қарийб 700 млрд сўмни ташкил этди. 1210 нафар мансабдор талон-торож қилиш, 158 нафари ўз мавқеини суиистеъмол қилиш, 129 нафари фирибгарлик, 74 нафари порахўрликда айбланган.
Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонасида икки маҳкум яшаш биносидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилишга уринди. Маҳкумларда оғир тан жароҳатлари аниқланган. Жиноят аломатлари бўлмагани учун прокуратура жиноят иши қўзғатмади. Ҳолатга «Эзгулик» жамияти раҳбари ҳамда Бош прокуратура муносабат билдирди.
Чуст туманидаги «Абдумалик» масжиди Маданий мерос инспекциясидан ҳокимият балансига ўказилиб, тадбиркорга 61 млн сўмга сотилгани аниқланди. Туман ҳокими қарорига кўра, объект туси ўзгартирилган ва унга 806,5 млн сўмлик зарар етказилган. Ҳокимият мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Оҳангарон туманида 26 ёшли эркак йўл четидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унинг ўлимига бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши сабаб бўлган, марҳумнинг танасида бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган. Прокуратура текширув ўтказмоқда.
Волейбол федерацияси мансабдор шахслари давлат бюджети маблағларидан 231 млн сўмни ўзлаштиргани, яна 75 млн сўмни эса асоссиз сарфлагани аниқланди. Улар етказилган зарарнинг 120 млн сўмини қоплади, деб маълум қилди Бош прокуратура. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Нукусдаги воқеалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони яна 3 кишига кўпайди, дея хабар берди Бош прокуратура. 16 киши касалхонада қолмоқда. Фуқаролар, ташкилотлар ва инфратузилмага етказилган зарар 3,1 млрд сўмни ташкил этди.
Нукусдаги намойишлар факти бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Андижон шаҳрида 2 нафар боланинг ўлимида гумонланиб, 27 ёшли аёл ҳибсга олинди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, у ушбу жиноятни оиласи бузилиб кетишига сабабчи бўлган холаваччаси билан тортишиб қолгани учун содир этганини тан олган. У шу йўл орқали холаваччасидан қасд олгани айтилмоқда.
Тошкент шаҳрида икки нафар ёшлар ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани айтилмоқда. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.
Навоий вилояти ХТБ спорт анжомларини ҳақиқий баҳосидан 787,8 млн сўмга, вилоятнинг собиқ туризм ва спорт бош бошқармаси мансабдорлари эса 598,9 млн сўмга қимматроқ сотиб олгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қорақалпоғистонда 0,5 гектар ерни 47 минг долларга, Тошкентда 6 сотих майдонни 14 минг долларга ҳамда Бухорода 4 сотих ерни 9 мингга сотишга уринган шахсларни қўлга олди. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Прокуратура Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширгандан сўнг, жиноят иши қўзғатди. Апрель ойида муассаса тарбияланувчилари ходимларнинг биридан норози бўлиб, намойиш уюштирганди. Прокуратура бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини аниқлади. Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Бош прокуратура Ўзбекистондаги 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма ўрнатилганини аниқлади. 76 та ноқонуний қурилмани буздириш бўйича ёзма кўрсатма берилди, 63 таси бўйича иш судга оширилди. Қолаверса, 26 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг