Тошкент шаҳрида Бекобод туманлараро судининг собиқ судьяси ва фирма юристи фуқародан 75 минг доллар, бошқа ҳолатда яна бир адковат 17 минг доллар олишда гумонланиб ушланди. Самарқандда эса шаҳар адвокатлик ҳайъати адвокати 1,5 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.
ДХХ Андижон, Қашқадарё ва Тошкентда катта миқдорда пора олаётган мансабдор шахсларни ушлади. Уларга нисбатан жиноят иши очилиб, тергов олиб борилмоқда.
Сергели туман суди судьяси пора олганликда гумонланмоқда. Судьялар олий кенгаши унинг ваколатини тугатди ва жиноий жавобгарликка тортишни тасдиқлади.
Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьяси пора олганликда гумонланиб ушланди. Бош прокурор Судьялар олий кенгашига уни жавобгарликка тортишга оид тақдимнома киритди. Судьянинг ваколати тўхтатилди.
Янгиобод тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. У фуқаро билан келишиб, тадбиркорга шамол электр станцияларини қуриш учун 200 гектар ер олиб беришни ваъда қилган ва бунинг учун 200 минг доллар сўраган.
Шавкат Мирзиёев Бухоронинг Когон тумани прокурори 100 минг доллар билан қўлга тушгани, вазиятни ўзи кузатиб боргани, прокурор жами 200 минг доллар сўраганини айтди. Бош прокурорга эса уни ишдан олиш топширилди. «Ўзи курашчи бўлиб, ходими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик?» — деди президент.
Тошкент ва Бухорода ҳужжатларни расмийлаштириб бериш учун пора талаб қилган бош мутахассис ва архитектор қўлга олинди. Уларга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Мингбулоқ тумани суди раиси 2 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланди. У ўзининг иш юритувидаги судланувчига енгилроқ жазо тайинлаб беришини айтган.
Самарқандда пора олганликда айбланган икки нафар солиқ инспекцияси ходимига суд ҳукми ўқилди. Улар тадбиркорнинг солиқ ва пеня қарздорлигини камайтириб бермоқчи бўлган. Суд ҳукмига кўра, солиқчилар 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
«Ўзэнергоинспекция»нинг Бухоро вилояти ходими 50 минг доллар пора олишда гумонланиб қўлга олинди. У бир ёнилғи қуйиш шохобчасини қайта очишга, бошқасига эса лицензия олишга ёрдам беришга ва 2024 йилда текширувлар ҳақида хабардор қилишга ваъда берган.
ДХХ фуқародан 10 минг доллар олишда гумонланган Олий суднинг катта консультантини қўлга олди. У 2 кишининг оқланишига ёрдам беришни ваъда қилган. Шунингдек, маҳаллий тадбиркордан 6 минг доллар олишда гумонланган Сурхондарё вилоят суди судьяси катта ёрдамчиси ҳам ушланди.
Тошкент вилоятида Солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистонда эса Давлат меҳнат назорати инспекцияси ходимларини пора олаётганда қўлга олингани айтилмоқда.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга киритиб қўйиш учун 5000 доллар талаб қилган олийгоҳ бўлим бошлиғи аниқланди. У маблағдан 4800 долларини олаётганда ушланди.
«Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминотининг 2 нафар етакчи муҳандиси жарима расмийлаштирмаслик эвазига 8 минг доллар пора олганликда гумон қилиниб, қамоққа олинди.
Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, «хизмати» учун тадбиркордан 1300 доллар сўраганликда гумонланмоқда, у пулларни олган вақтида ушланди. Шунингдек, ДХХ Андижон вилоятида ҳам пора олганликда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди.
Қоракўл туманидаги мактаблардан бирининг директори 900 минг сўм пора билан ушлангани айтилмоқда. У бу пулни фуқароларни фаррош ва қоровул лавозимига ишга қабул қилгани эвазига олаётганда қўлга тушган.
Қашқадарё вилояти 1-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансери бош шифокори вазифасини бажарувчи шахс фуқаронинг касаллик тарихини тўлдириб, уни руҳий касал сифатида қайд этиш учун 4,3 млн сўм олаётган вақтида гумондор сифатида қўлга олинди.
ДХХ ходимлари прокуратура, суд, Миллий гвардия ва адвокатура ходимларини қўлга олди. Уларга фирибгарлик, пора олиш каби айбловлар қўйилган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди судьяси (эркак) 4000 доллар олганликда гумонланмоқда. Судьялар олий кенгаши бош прокурор тақдимномасига кўра уни жавобгарликка тортишга розилик берди ва судьялик ваколатини тугатди. Олий суд розилиги билан судья қамоққа олинди.
Қарши туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи пора билан ушлангани айтилмоқда. У фуқарони ишга киритиб қўйиш эвазига 500 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг