Урганчда «Чорванасл» маркази мутахассиси фуқаронинг 50 гектар ерини янги фермер хўжалиги таркибида қайта расмийлаштириб бериш эвазига $60 минг олганида ушланди. Воқеага алоқадор туман ҳокими ўринбосари ҳам $43 минг пора билан қўлга олинди. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Янгиҳаёт туманида Veolia Energy Tashkent хорижий компанияси ходими $600 пора олаётган вақтда қўлга олинди. У шу йўл билан абонентнинг қарзини сўндиришга ваъда берган.
Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев йирик миқдорда — $110 минг пора олаётган вақтида қўлга тушди, деб хабар берди мамлакат ИИВ. Қирғизистон президенти матбуот котиби мазкур иш юзасидан кенг қамровли тергов ўтказилишини маълум қилди.
22 сентябрь куни «Тошкент метрополитени» тузилмаси ходими фуқарони ишга киритиб қўйиш учун ундан 1000 АҚШ доллари пора олаётганда ушланган. Ходим Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ўрнатилган тартибда қамоққа олинди.
Жиззах вилоятида ўрмон нозири 14 дона терак ва қайрағоч дарахтлари ноқонуний кесилгани ҳолати юзасидан жарима қўлламаслик эвазига 3 млн сўм пора талаб қилганликда гумонланяпти. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Андижонда фуқарони танишлари орқали ҳамшира лавозимига ишга киритишга уринганликда гумонланган шахс 1500 доллар олганида ушланди. Фарғонада эса бошқа бир шахс Жанубий Кореяга ишга жўнатиш эвазига олган 5400 доллардан 1000 долларини қайтарган вақтида қўлга олинди.
ДХХ Оқолтин тумани ҳокими ўринбосарларидан бирини ўз хизмат хонасида МЧЖ иш юритувчисидан 400 доллар пора олаётганда ушлади. У МЧЖни «қора рўйхат»га киритиш билан қўрқитиб, 500 доллар талаб қилган.
Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳоким ёрдамчиси 300 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. У маҳаллий фуқарога вилоят тез тиббий ёрдам марказига фельдшер бўлиб ишлашга киритишни ваъда қилганлиги айтилмоқда. Туман ҳокимияти «ҳоким ёрдамчиси аввалги иш жойидаги имконияти туфайли пора олгани, ҳозирги лавозими унга бундай ваколатлар бермаслигини» таъкидлади.
Асака тумани ҳокимлиги бош юристконсульти фермер хўжалигининг суддаги ишини ҳал қилиб бериш эвазига $1000 олаётган вақтда қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Хоразм вилояти Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.Ж. тадбиркорга 122,5 млн субсидия ажратиш эвазига 10 млн сўм олган вақтида қўлга олинган. ЖИБ Янгибозор туман суди уни айбли деб топиб, 5 йилга озодликдан, қолаверса, 2 йилга давлат ташкилотларида мансабдор сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг