Бош прокуратура Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги «Ўрмонқурилиш» ДУК ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази мансабдор шахслари ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Улар пора олганликда гумон қилинмоқда.
Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг собиқ ҳокими ва яна 2 шахс 11,1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун фуқародан 6 млн АҚШ доллари талаб қилган. Улар пулнинг 200 минг долларини олаётган вақтда ушланди. Шунингдек, Тошкент, Андижон ва Навоий вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Фарғона вилоятларида пора олишга гумонланган шахслар қўлга олинди. Гумонланувчилар ишга жойлаб қўйиш, маҳкумни бошқа жазони ижро этиш муассасасига кўчириб бериш ва жиноят иши қўзғатмаслик учун пора олаётганда ушланган.
«Док-1 Макс» иши бўйича судда ўзбекистонлик амалдорлар ҳиндистонлик яна бир ишлаб чиқарувчининг 11 та дори воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш учун 88 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 50 минг доллар олгани маълум қилинди.
Қаршидаги жамоат саломатлиги техникуми ва Фарғонадаги ТАТУ филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олишда гумонланганлар қўлга олинди.
Фармацевтика агентлигининг собиқ ходими «Док-1 Макс» иши бўйича судда агентлик собиқ раҳбари иккита компанияга тайинланган инспекцион текширувни бекор қилиш бўйича топшириқ берганини айтди. Амалдор эса буни инкор қилиб, ҳужжатга билмасдан имзо қўйиб юборган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Наманган шаҳри солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари тадбиркорнинг ёпиб қўйилган ҳисобрақамини очиб бериш эвазига 2000 доллар пора талаб қилгани, пулни олишда юрист (собиқ ДСИ ходими) ёрдамлашгани айтилмоқда. Ҳозирда 2 шахсга нисбатан жиноят иши очилган.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Электр тармоқлари корхонаси раҳбари тармоқдан узилган фуқарони унга қайта улаб бериш эвазига 5 млн сўм талаб қилиб, пулларни олаётган вақтда қўлга олинди.
Зангиота туманида Давлат хизматлари маркази ходими 10 гектар суғориладиган ер майдонини 24 млн АҚШ долларига сотиб олиб беришини айтиб, фуқародан пулнинг бир қисмини олётганда ушланди. Бундан ташқари, Ўрта Чирчиқ туманида 4 гектар ерни 2,5 млн долларга олиб беришини айтган шахс ҳам қўлга олинди.
Зарафшон табиий ресурслар инспекцияси бошлиғи икки кишини ишга жойлаштириш эвазига 2500 АҚШ доллари олаётган вақтида қўлга олинди.
Пойтахтдаги қурилиш корхонаси ходими кўп қаватли турар жой биноларини қуришга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига тадбиркордан 300 минг доллар олганликда гумонланиб қўлга олинди.
ДХХ «Хоразм йўл қурилиш» бўлим бошлиғини тадбиркордан 48 минг доллар олаётганда, Хивада эса Давлат кадастрлари палатаси ходимини ер сотиб олган фуқародан 60 минг доллар олаётган вақтда қўлга олди.
Пойтахт туманларидан бирининг мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарога ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 600 доллар пора олгани айтилмоқда. Яна бир ҳолатда мономарказ директори 300 доллар олганликда айбланиб ушланди.
Узун туманида ЙПХ инспектори фуқародан 800 доллар олаётганда ушлангани айтилмоқда. Ходим ҳайдовчига машинасининг ойналарини рухсатномасиз қорайтириб олган учун ҳужжат расмийлаштирмасликни ваъда қилган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими ўринбосари 8 сотих ерни ноқонуний равишда олиб беришга уринганликда гумонланмоқда. У бунинг эвазига 5,3 млн сўм олганида қўлга тушди.
Оҳангарон шаҳри прокуратураси терговчиси ва қоровули $9 минг билан қўлга тушгани айтилмоқда. Улар фуқарога жиноят ишини енгиллаштириб, ижобий ҳал қилиб беришини билдирган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали кадрлар бўлими инспектори фуқародан 400 доллар пора олганда ушланди. Муассаса ходимлари орасида етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани учун филиал директори ва кадрлар бўлими бошлиғи лавозимидан озод этилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ Самарқандда фуқародан ишга киритиб қўйиш учун 1000 доллар олаётган туман ФВБ бошлиғини, Фарғонада эса қарздорликни ёпиб бериш учун фуқародан 3500 доллар олаётган банк бошқарувчисини қўлга олди. Ушбу шахсгларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Навоий вилоятида иссиқхона қуриш учун мўлжалланган 2 гектар ерни сотмоқчи бўлган уч нафар шахс ушланди. Ҳокимлик томонидан ажратилган ер уйлар қуриш учун сотиб юборилиши олди олинди.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ҳоким ёрдамчиси 2000 доллар олаётган вақтда қўлга олингани айтилмоқда. У тадбиркорларга қурилмаган 10 та иссиқхона учун 330 млн сўм маблағни жамият ҳисоб-рақамига ўтказишда ёрдам беришини ваъда қилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг