БМТ бош секретари Антониу Гутерриш Россия Украинада олиб бораётган ва оқибатлари бутун дунёда сезилаётган «бемаъни урушни» тўхтатишга чақирди. «Украина халқи ҳозир ҳақиқий дўззахда яшаяпти», маҳсулотлар, энерготашувчилар ва ўғитларга нархларнинг ошиши эса «катта миқёсдаги озиқ-овқат дефицити ва очликка олиб келиши мумкин», дея огоҳлантирди у.
Москванинг Лефортово суди мухолифатчи Алексей Навальнийни «фирибгарлик» ва «судни ҳақоратлаш»да айбдор деб топди ва уни 9 йилга оғир режимдаги колонияга ҳукм қилди. Сиёсатчи 1,2 млн рубль миқдорда жарима ҳам тўлайди.
Москва суди қарори билан Meta компанияси экстремистик ташкилот деб тан олинди, Facebook ва Instagram Россияда тақиқланди. Эндиликда россияликлар ушбу ижтимоий тармоқларда реклама сотиб олишса, бу экстремистик ташкилотни молиялаштириш деб қаралиши мумкин. WhatsApp мессенжерига тақиқ қўйилмади.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқот қилиб, мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан табриклар алмашишди. Шунингдек, Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Кремль яна бир маротаба Шавкат Мирзиёев Россиянинг «позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан фикр билдирганини» маълум қилди.
Европа Кенгаши (ЕК) Вазирлар қўмитаси 16 мартдан бошлаб Россияни ташкилот аъзолигидан чиқаришга қарор қилди. Россия ушбу ташкилотга 26 йилдан бери аъзо ҳисобланарди.
14 март куни Россия бош вазири Михаил Мишустин шакар ва дон экспортини вақтинча тақиқлаш бўйича фармонни имзолади. Унга кўра, шакар маҳсулотлари экспорти 31 августгача амал қилади. Шунингдек, дон маҳсулотларини ЕОИИ мамлакатларига олиб чиқиш ҳам 30 июнгача тақиқланди. Шакар экспортининг чекланиши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри (бироқ оз миқдорда) таъсир қилса, дон экспортининг чекланиши Қозоғистон орқали билвосита таъсир қилиши мумкин.
2018 йилдан бошлаб сўмнинг реал алмашув курси асосий савдо ҳамкорлари валюталарига нисбатан ўртача 31,5 фоизга мустаҳкамланди. Ушбу ҳолат ташқи ва ички бозорларда рақобатбардошликнинг пасайишига ҳамда кўпинча савдо балансининг манфий сальдоси ошишига олиб келади, дейилади Молия вазирлиги ҳисоботида. Рубль курси сўмнинг реал курсига нисбатан қадрсизланиши натижасида Россия билан савдонинг манфий сальдоси 2,4 баробарга ошиб, 3,4 млрд долларни ташкил этди.
АҚШ навбатдаги санкциялар доирасида Россияга доллар банкноталарини етказиб беришни тақиқлади. Қолаверса, автомобиль, кийим-кечак ва заргарлик буюмлари экспорти чекланди. Бундан ташқари, Россиядан икра, денгиз маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар, шунингдек, бриллиант ва олмослар импортига ҳам тақиқ қўйилди.
Россия 2021 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги мақомини қайтариб олди. Бу мамлакатдан озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, ёғоч ва бошқа товарлар катта ҳажмда келтирилади. Украина эса Ўзбекистоннинг дори воситалари, ярим тайёр металл буюмлари ва бошқаларни экспорт қиладиган тўққизинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. «Газета.uz» Ўзбекистоннинг ушбу икки давлат билан савдо-иқтисодий муносабатлари қандай йўлга қўйилгани, ҳарбий можаро ва санкциялар фонида қандай хавф-хатарлар борлигини ўрганиб чиқди.
Fitch агентлиги Россиянинг суверен кредит рейтингини «B» дан «С» гача, яъни «дефолт бўлиши муқаррар» даражасига қадар пасайтирди. Компания рейтингни 27 майда қайта кўриб чиқишни мўлжаллаган эди, бироқ мамлакатдаги ҳодисалар сабабли режадан четга чиқишга қарор қилинди. Morgan Stanley таҳлилчилари Россияда апрель ўрталаридаёқ дефолт бошланишини кутишмоқда.
22 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц «Шимолий оқим-2» лойиҳасининг сертификациясини тўхтатди. Кўп ўтмай АҚШ ушбу лойиҳа операторига қарши чекловлар қўйгани маълум қилинди. 24 февраль куни Россия Украинада «махсус ҳарбий операция» эълон қилганлиги ортидан эса газ нархлари кескин ошишни бошлади. Айни вазиятда Европа ва Россиянинг энергетика соҳасидаги кўплаб мутахассислари Европанинг Россия газисиз яшай олиш имкониятини таҳлил қилишмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Россиядан нефть, газ ва кўмир импорти тақиқланганини маълум қилди. Уран импорти эса давом этади. Шунингдек, Британия ҳам 2022 йил охирига бориб Россия нефтини импорт қилишни тўхтатади. Ушбу қарорлар ортидан дунёда энерготашувчилар нархларида жиддий ўсишлар кузатилди.
Россия Марказий банки 9 сентябрга қадар фуқароларга нақд валюта сотишни тақиқлади. Россияликлар банклардаги ҳисоб-рақамларидан 6 ой давомида 10 минг доллардан ортиқ валюта еча олишмайди. Ундан ортиғи фақат рублда берилади.
Музокараларнинг учинчи босқичи якунига кўра, Россия томони гуманитар йўлаклар ишлай бошлашига умид билдирди. Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский музокараларда кутилган натижаларга эришилмаганини таъкидлади. Украина делегацияси вакили Михаил Подоляк Украина томони ҳам олдинги силжишни кўрмаётганлигини маълум қилди.
Тадбиркор Зафар Ҳошимовнинг таъкидлашича, Россия-Украина ўртасидаги можаро натижасида логистика, банк иши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ва рубль курси қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиёти ва меҳнат муҳожирларига ўз таъсирини ўтказади. Бироқ, тадбиркор бу ҳолат Ўзбекистонда туризм ва авиацияни ривожлантириш, юқори малакали кадрларни жалб қилиш каби имкониятларни ҳам тақдим этиши мумкинлигини таъкидлади. Зафар Ҳошимов бундай шароитда Ўзбекистон нималар қилиши кераклиги ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.
РФ ҳукумати Россияга нисбатан нодўстона хатти-ҳаракатлар содир этган давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлади. Унга кўра, Россия компанияларига нодўст давлатлардан бўлган кредиторлар қарзларни РФ МБ курси бўйича рублда қайтариш ҳуқуқига эга бўлди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери 364 нафар тинч аҳоли, шу жумладан 25 нафар боланинг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Сўнгги кунларда Харьков, Винница ва Николаев шаҳарлари ҳужум оқибатида зарар кўрди.
Россиянинг Украинадаги 10 кунлик ҳарбий ҳаракатлари давомида мамлакатни 1,5 млн қочқин тарк этди. БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бу иккинчи Жаҳон урушидан бери Европада энг тез ўсаётган миграция инқирози эканлигини маълум қилди.
Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россиядаги фаолиятини тўхтатишларини эълон қилди. Агар ушбу тизимларнинг карталари Россияда чиқарилган бўлса, улар фақатгина мамлакат ҳудудида ишлайди. Бироқ бошқа мамлакатларда ва хорижий онлайн дўконларда ишламайди. Шунингдек, Россиядан ташқаридаги банклар чиқарган карталар ушбу мамлакатда қабул қилинмайди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни текшириш учун мустақил халқаро комиссия тузишга қарор қилди. Ушбу қарорни 32 давлат ёқлади, Россия ҳамда Эритрея қарши, 13 давлат эса бетараф бўлиб овоз берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг