Подполковник Икромжон Турсунов Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Ушбу лавозимда у 2023 йилнинг февралида тайинланган Миржамол Миралимов ўрнини эгаллади.
Бунгача Марҳамат тумани ҳокими бўлиб ишлаган Бобирбек Юлдашев Андижон туманига ҳоким бўлди. Шу тариқа бир кун ичида Андижон вилоятидаги учта туман раҳбари ўзгарди.
Сардоба туманига ҳокимлик қилиб келган Акмал Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди. Ўткирбек Маъмуров Андижоннинг Марҳамат туманига, Фурқатбек Бўтахонов эса Булоқбоши туманига ҳоким этиб тайинланди.
Қурбон Турсунов Ибрагимович Бухоро шаҳри ҳокими лавозимига тасдиқланди. У бунгача Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги иссиқлик таъминотини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган. Шаҳарнинг аввалги ҳокими соғлиги ёмонлашгани сабаб ишдан кетгани айтилди.
Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг маданият ҳамда санъатни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Мазкур лавозим жамоатчилик асосида жорий этилган ва унга ҳақ тўланмайди.
Рустам Сулаймонов Навоий вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Музаффар Арипов эса Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Одил Мусанов Жиззах вилояти Арнасой туманига ҳоким этиб тайинланди. У шу пайтгача вилоятнинг Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида ишлаб келаётганди.
Шохрух Далиев олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари, Отабек Маҳкамов эса вазир ўринбосари этиб тайинланди.
Рустам Ғафуров Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳокими бўлди. У бунга қадар вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи эди.
Комилжон Муллажанов Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ҳоким бўлди. Шунингдек, Абдурахим Умаров вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Элдиёр Тошматов Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили бўлди. Бунгача у Сенат раиси котибияти раҳбари бўлган.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига Музаффар Ражаббоев ҳоким этиб тайинланди. У бунгача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган. Шаҳарнинг собиқ ҳокими февраль бошида лавозимини тарк этганини эълон қилиб, аҳолига миннатдорлик билдирганди.
Сурхондарё вилояти ҳокимига Шерали Жўраев, Навоий вилояти ҳокимига эса Элбек Ғаффоров ўринбосар этиб тайинланди.
Ғанижон Солиев Фарғона вилоятининг Бағдод туманига, Қодиржон Эркабоев эса Учкўприк туманига ҳоким бўлди. Шунингдек, Азиз Эргашев Жиззах вилоятининг Бахмал туманига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Валижан Ниязимбетов Элликқалъа туманига ҳоким этиб тайинланди. Шу пайтга қадар у Тўрткўл тумани ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди.
Отавуллахон Расулов Андижон вилоятининг Олтинкўл туманига, Муҳаммад Ҳайдаров Наманган вилоятининг Учқўрғон туманига ҳоким этиб тайинланди.
Тошкент вилояти Чиноз туманига Шерзод Салихов ҳоким этиб тайинланди. Тайинловга қадар у Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган эди.
Ўзбекистоннинг Ўмонга янги тайинланган элчиси Абдусалом Хатамов Маскат шаҳрига етиб борди. У 2018 йилдан буён Екатеринбург (Россия) шаҳридаги бош консулликни бошқариб келаётганди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага Фарход Боқиев ҳамда Сардор Раджабов ўринбосар этиб тайинланди. Боқиев Сенат қўмитаси раиси ўринбосари, Раджабов эса мазкур вазирлик департаменти директори сифатида ишлаб келаётганди.
Полковник Тимур Исмаилов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бошқарманинг аввалги бошлиғи полковник Абдувохид Исмаилов эса Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг