Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси «Navruz Cup-2022» халқаро ўртоқлик турнири ярим финал баҳсида Қирғизистон жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Голларга Элдор Шомуродов ва дубль билан Игорь Сергеев муаллифлик қилди. Финал ўйини Угандага қарши бўлиб ўтади.
2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларининг навбатдаги босқичи бошланди. Италия ва Туркия саралашдан чиқиб кетди, Португалия ва Швеция йўлланма учун курашни давом эттиради. Шунингдек, Уругвай, Эквадор, Япония ва Саудия Арабистони терма жамоалари мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш масаласини ҳал қилди. Африкада Салоҳ ва Манэ қарама-қаршилиги кутилмоқда, Шимолий ва Марказий Америка минтақаси учун учта йўлланмага бешта терма жамоа даъвогарлик қилмоқда.
УЕФА Украинадаги вазият туфайли Чемпионлар лигаси финалини Россияда ўтказмасликка қарор қилди. Бу 25 февраль куни ўтадиган УЕФА Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида тасдиқланади.
Футболчи Элдор Шомуродов УЕФАга берган интервьюсида Италиягача бўлган йўли, Ўзбекистон терма жамоаси сардорлиги қандай кечаётгани, Европа футболи ва менталитетининг фарқи ҳақида гапирди. Интервьюнинг ўзбек тилидаги тўлиқ матни.
Германиянинг Transfermarkt сайти Марказий Осиё мамлакатлари футбол терма жамоалари рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси 31,80 млн еврога баҳоланиб, минтақа рейтингида пешқадам бўлди. Элдор Шомуродов (12 млн евро) эса ушбу минтақанинг энг қиммат футболчиси дея қайд этилган. Рейтингда охирги ўринни Туркманистон жамоаси эгаллаган.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи мураббийи Рустам Акрамов 73 ёшида вафот этди. У 1992−1994 йиллардаги фаолияти давомида жамоа билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган. Кейинги икки йилда эса Ҳиндистон терма жамоасини бошқарган.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси 2021 йилда 15,7 млрд сўм ишлаб топган, мусобақалар ўтказиш учун эса 16 млрд сўм сарфлаган, бу ЎзПФЛнинг ОАВ олдидаги илк очиқ молиявий ҳисоботида маълум қилинди. «Аввал, жамоалардан пул олмайдиган ташкилотга айланиб олишимиз, ундан кейин жамоаларга пул берадиган ташкилотга айланишимиз керак», — деди ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев. Қолаверса, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази очилиши ҳам қайд этилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасида 108 та ўйин ўтказиб, 21 та гол уришга муваффақ бўлган Одил Аҳмедов футболдаги фаолиятига якун ясади. «Сизларнинг кўз олдиларингизда бутсиларимни михга илиб, футболчилик фаолиятимни тугатганимни эълон қиламан», — деди у.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Грузия терма жамоасига кичик ҳисобда мағлуб бўлди.
«Насаф» Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасида «Сўғдиёна» меҳмони бўлиб, минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Ўйин якунида қаршиликлар сардори Умар Эшмуродов мезбонлар ҳужумчисининг бошига зарба бергани оммавий муштлашув ва ҳар икки жамоа футболчилари иштирокида тартибсизликларга сабаб бўлган.
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Малайзия ва Иордания терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Малайзия термасини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратган Ўзбекистон терма жамоаси, Иорданияга 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди.
Молдованинг «Шериф» клуби ҳужумчиси Жасурбек Яхшибоев ЕЧЛ доирасидаги ўйинда «Реал Мадрид» дарвозасига гол урди. «Сантьяго Бернабеу»даги ўйин Молдова клуби ғалабаси билан якунланди. Икки ўйиндан бери ғалаба қозонаётган Яхшибоевнинг жамоаси ўз гуруҳида 6 очко билан биринчи ўринда кетмоқда.
Октябрь ойидаги миллий терма жамоалар учун ФИФА кунлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Малайзия ва Иордания билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимига словениялик мутахассис Сречко Катанец тайинланиши мумкин. У билан оғзаки келишувга эришилди.
Мўйноқ туманидаги «Орол» стадионида туманнинг «Мўйноқ сити» ва «Жайхун» жамоалари ўртасидаги ўйинда келишмовчилик келиб чиққан ва бош ҳакам қароридан норози бўлган айрим томошабинлар майдонга чиқиб кетган. Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.
«Барселона»нинг собиқ ўйиниси Лионель Месси 2+1 схемаси бўйича «Пари Сен-Жермен» билан шартнома имзолади.
Италиянинг «Рома» клуби «Женоа» сафида тўп сурган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов трансфери учун 17,5 млн евро тўлади. Футболчи римликлар билан 2026 июнининг охиригача шартнома имзолади. Шомуродов «бўрилар» сафида 14 рақам остида ҳаракат қилади.
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди. Жамоа сардори Одил Аҳмедов эса терма жамоадаги фаолиятини якуналаганини эълон қилди. «Асосий муаммоларимиздан бири болалар футболини тўғри йўлга қўймаганмиз. Фундамент бўлмаганидан кейин натижа ҳам бўлмайди», — деди у.
ЎФA ҳакамлар департаменти бошлиғи Эркин Бахтиёров «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашувида пенальти белгиламаслик нотўғри иш бўлишини айтди. «Ўйинда учрашув муҳити, ундаги атмосфера, мухлислардан келиб чиқиб пенальти қўйилмаганида ҳакам ўша ўйин учун „2 баҳо оларди“ ва четлатиларди», — дейди у.
Журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев «Championat.asia» нашрига берган интервьюсида футболга берилаётган маблағлар, уларнинг сарфланиши ҳақида сўз юритди. Унинг айтишича, бир футбол жамоасига 20 млрд сўм сарфлагандан кўра, 4 та мактаб қуриш ёки ўқитувчиларнинг маошига устама пул қўшиб бериш мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг