Президент Рамазон ҳайити арафасида 426 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улардан 135 нафари асосий жазодан тўлиқ, 200 нафари шартли озод этилди. Афв этилганлар орасида 11 нафар хорижлик ва 3 нафар вояга етмаган шахслар бор.
Шавкат Мирзиёев ADM Jizzakh автомобиль заводида бўлиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, корхонада ишлаб чиқарилиши бошланган янги Kia Sonet автомобили билан ҳам танишди.
Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев Хивада ўтган музокараларда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа масалалар бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, улар «Хива гиламлари» комбинатини кўздан кечирди.
Урганч аэропортида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга ташриф буюрган Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаевни кутиб олди. Фото.
Юнусобод туманида 14 та давлат ташкилоти 24,5 гектарни эгаллаб турибди. Бош вазир ва Тошкент ҳокимига йирик девелоперлар учун уларнинг ўрнида савдо объектлари қуриш таклифини бериш топширилди. Шунингдек, Евро-5 стандартидаги машиналар харид қилишнинг янги механизмлари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Пойтахтдаги Махтумқули кўчасида жойлашган «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Яшнобод филиали ўрнида 21 қаватли бино қуриш режа қилинмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, бу ташаббусни банк раҳбари киритган. Бошқа банклар раҳбарларига ҳам худди шундай лойиҳаларни амалга ошириши бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон президентининг айтишича, хорижий инвесторлар Юнусобод деҳқон бозорига 40 миллион доллар сармоя киритиш ва уни ер остида икки қават, ер устида олти қаватли бозорга айлантиришни таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, бозор бир қаватли бўлгани учун «димиқиб кетган».
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳридаги илк иншоотлар қурилишини бошлаб берди. Бу ерда, хусусан, «Янги Ўзбекистон» университети, Миллий кутубхона, Миллий театр, Адабиёт музейи қурилади. Давлат раҳбари ўз нутқида: «Булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади», — деди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби билан танишди. У ўтган йили республика бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган эди. Жорий ўқув йилида 145 нафар бола биринчи синфга қабул қилинган. Фото.
Шавкат Мирзиёев Юнусобод мисолида аҳоли даромадини ошириш бўйича қандай ишлаш зарурлигини тушунтирди. Тошкент шаҳри маркази ва унинг чеккасидаги маҳаллалар ривожи ҳамда аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовут катта эканини таъкидлаб, ҳудудга 600 млн доллар инвестиция жалб этиш мумкинлигини қайд этди.
«Тошкентнинг ер ўта чекланган шароитида бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарур», — деди президент. У йирик бозорларни қават-қават усулда кенгайтириш имкониятлари ҳақида гапирди.
Президент тадбиркорларга Юнусобод туманида лойиҳалар учун бўш жой топиш қийинлигини айтди. У Амир Темур шоҳ кўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этди.
Дунёдаги мураккаб вазият, Яқин Шарқ ва Ўзбекистоннинг «асосий ҳамкорлари» ўртасидаги можаро муносабати билан иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш муҳим вазифа ҳисобланади, деди президент. Унинг қайд этишича, Москва вилоятидаги терактдан сўнг глобал вазият янада жиддийлашди.
Ўзбекистонда ташқи меҳнат бозорига киришни осонлаштириш ва ўз ватанига қайтган мигрантларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Бунда меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий қилинади, 24 соатлик Call-марказлар очилади, шунингдек, харажатларнинг бир қисми қопланади.
Биринчи чоракда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоизга, саноат эса қарийб 10 фоизга ўсади, дейилади президент билан учрашувда. У корхоналарнинг дебитор қарздорлигини камайтириш ва харажатлар асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича топшириқ берди.
Наманган вилоятида президент билан ифторлик пайтида учрашган 108 ёшли нуроний Иброҳимжон Хўжаевга давлат раҳбари томонидан Traverse автомобили совға қилинди.
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг якуний имтиҳонлардаги билими ягона тест материаллари асосида баҳоланади. Имтиҳонлар давомида ўқувчилар олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига мос келадиган фанни танлашлари мумкин бўлади. Янги ўқув йилидан 14 та мактабда инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти халқ ҳукумати раиси Эркин Туниязни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон вилоятлари ва ШУАР ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хитой билан ўзаро савдо ҳажмининг қарийб 10 фоизи ушбу минтақа ҳиссасига тўғри келади.
Президенти Наманган вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирларини кўриб чиқди. Вилоятда Туркия тажрибаси асосида заргарлик маркази қуриш, тоғ туризми ва йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, Қамчиқ довони ёнида логистика маркази очиш ва бошқалар режалаштирилмоқда.
Хитой Поп туманида жойлашган Пунган қишлоғи ва Наманган шаҳри ўртасидаги йўлни реконструкция қилади ва кенгайтиради. Президент лойиҳани маъқуллаб, бу «Янги Ўзбекистонга янги йўл» бўлишини таъкидлади. Уни амалга ошириш 2013 йилдан бери режалаштирилаётган, бироқ 2016 йилда тўхтатиб қўйилган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг