Биржа савдоларни кўпайтириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари Жомбой ва Уйчи туманларида биржа орқали ғишт ҳамда бетон қоришмасини сотган корхоналарни эътироф этиб, ҳокимлар томонидан бу тажриба яхши йўлга қўйилмаганини танқид қилди. «Очиқ айтиш керак, ҳали аксарият ҳокимлар масаланинг ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор», — деди у. Президент йил охиригача ўз маҳсулотларини биржаларга олиб чиқадиган тадбиркорлар сонини 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга оширишни топширди.
Шавкат Мирзиёев Фарғонага сафари чоғида «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишини бориб кўрди. Бу ерда қарийб 300 та кўп қаватли (7 дан 25 қаватгача) уйлар, ҳиёбон ва кўл, мактаб ва болалар боғчалари, саноат зонаси ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилган. Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов массивни қурилаётганлари орасида «энг яшил ва экологик массив» деб атади. Коммуникация эса махсус туннелдан ўтказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Ташриф давомида давлат раҳбари БААнинг янги сайланган президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашиб, унга президент Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетди. Давлат раҳбари 13 май куни вафот этган БАА президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг таъзия маросимида иштирок этади. Ташриф давомида мамлакатнинг янги президенти билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлангани билан табриклади.
Президент айрим ҳокимлар йиллар давомида ер сотиш билан шуғулланиб келганини айтди. Унга кўра, ер муносабатларида ҳокимларнинг ваколати тугатилганига қарамай, ер участкаларини ноқонуний сотиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Маълум бўлишича, Фарғона вилояти ҳокимлиги ходими ер ажратиш бўйича қарор қабул қилиш учун ҳоким Хайрулла Бозоровнинг имзосини қалбакилаштирган.
Президентнинг Фарғонага ташрифи арафасида фермер Иқболжон Мелибоев Бувайда тумани ҳокими устидан шикоят қилиб, видеомурожаат йўллади. Буни ёритган фарғоналик журналистга босим ўтказилгани ва ишдан бўшаш ҳақида ариза сўралгани айтилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги вазиятни ўрганишни бошлади. Жамоатчилик фаоллари эса мазкур ҳолатни кескин қоралаб, «фермер ва журналистдан қўлларни тортишни» талаб қилмоқда.
Ўзбекистонда баҳор ойларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Бунинг оқибатида 9 нафар инсон ва 450 дан ортиқ бош чорва моллари ҳалок бўлди. 245 та хонадон ва 19 та кўприк зарар кўрди. Президент туну кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва фавқулодда вазиятларда аҳолини ҳимоя қилишни кучайтириш юзасидан топшириқ берди.
Бундан кейин туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Президент бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари буни шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чора кўришни буюрди.
1 июндан давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олади ва сотади. Шавкат Мирзиёев эски тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётганини таъкидлади. 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилади.
Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи кун сайин ортиб бораётгани, жумладан, буғдой нархи йил бошидан бери 30 фоизга қимматлашганини айтди. «Нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу — бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади», — деди у. Қолаверса, «Ўздонмаҳсулот» таркибидаги 43 та дон корхонаси харажатлари юқорилиги, бироқ рентабеллиги 2 баравар пастлиги танқид қилинди.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Шавкат Мирзиёев «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. У уруш фахрийларини байрам билан табриклаб, дунёда ҳар дақиқа синовли бўлаётганлигини таъкидлади. «Халқимиз ҳаётига шу таъсирни камайтириш бўйича чоралар кўряпмиз», — деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, давлат раҳбари Ғалаба боғидаги «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.
Президент 2023 йилда электротехника маҳсулотлари экспортини 1 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди. Ҳудудларда умумий қиймати 100 миллион доллардан кам бўлмаган электротехника лойиҳаларини ишга тушириш, Тошкент шаҳридаги «Технопарк» каби кластерлар ташкил этиш, мисни қайта ишлашни кўпайтириш, «Электроаппарат», «Технопарк», Artel ва Uzkabel каби қўшма корхоналарда тажриба-конструкторлик ва R&D марказларини ташкил этиш ва бошқа чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди.
Марказий банк президент Шавкат Мирзиёев шахсига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар ёки банкнотларни муомалага чиқармаганлигини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 50 мингдан ортиқ шикоят келиб тушганини танқид қилди. «Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг учта „хўжайини“ бор», — деди президент. Энг катта муаммо — шошилинч ёрдам беморга яқин шифохонада эмас, бакли фақатгина бириктирилган шифохонада кўрсатилишида эканлиги айтилди.
2020 йил 1 май куни Камола Аброрхонованинг илмий иши қўлёзмалари Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида сувда зарарланганди. 15 май куни мирзаободликлар билан мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев Камолага истисно тариқасида фалсафа доктори дипломи берилишини маълум қилганди. Камола «Газета.uz»га сув омбори ёрилиши унинг ҳаётини қай даражада ўзгартириб юборгани, ҳозирда кафедра мудири сифатида 35 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларга раҳбарлик қилаётгани, доцент бўлгани ва 2 йил давомида бошидан ўтказганларини сўзлаб берди.
Ўзбекистон туризм магистрали бўйлаб 31 та туман (шаҳар) ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида комплекс туризм хизматларини (автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш) қамраб олган 1 тадан «карвонсарой» барпо этилади. Шунингдек, ҳудудларда туризм кластерлари ташкил этилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макронни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга табрик йўллади. Ўзбекистон делегацияси унга олтин ва кумушдан ясалган «Пои Калон ансамбли» нинг 3D шаклидаги суратини совға қилди. «Мен [совғага] қараяпман ва уни қўйишга жой қидираяпман. Президент лол қолдиришни билади», — деб ёзади Чеченистон раҳбари.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг