Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Чимкентдаги норасмий учрашувда икки давлат ўртасида саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича кўрсатмалар бердилар.
3 март куни Шавкат Мирзиёев Чимкент шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан норасмий учрашув ўтказади. Мулоқотда икки томонлама ва минтақавий масалалар кўриб чиқилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўшилмаслик ҳаракати саммитидаги нутқида ташкилот аъзоларининг БМТ Хавфсизлик кенгашида доимий ўрни бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.
Шу вақтгача Ўзбекистонга давлат котибларидан-да мартабалироқ америкалик амалдор келмаган. 1992 йилдан бери АҚШ ташқи сиёсатига масъул Давлат департаментига 11 киши раҳбарлик қилган бўлса, уларнинг тўрт нафари Ўзбекистонга келмаган. Энтони Блинкен Ўзбекистонга ташриф буюрган еттинчи давлат котибидир.
Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотда уни таваллуд куни билан табриклади. Шунингдек, зилзилалар муносабати билан яна бир бор далда сўзларини изҳор этди ва зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади. Туркия етакчиси ҳам Ўзбекистонга чуқур миннатдорлик билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қаршида фаоллар билан суҳбатда ОАВ, сўз эркинлиги ҳақида тўхталди. У кўпчилик ОАВни ёпиб қўйишни айтишини маълум қилди. «Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидай прокурор, СНБ (МХХ) текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?» — дея сўради у.
Ўзбекистон президенти Қаршидаги ҳарбий авиация билим юрти курсантлари билан тушликда Россия ва АҚШ президентлари нутқларини тилга олди. «Ҳар бир давлат ўз суверенитети, ўз халқи манфаатлари ҳақида ўйлаши учун кучли мудофаа бўлиши керак. Шунда давлат ўзини ҳурмат қилишга мажбур қилади», — деди у.
24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Қашқадарёга жўнаб кетди.
Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш бўйича халқни рози қиладиган тизим тўлиқ яратилмаганини танқид қилди. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлияда 32 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмаганини таъкидлади.
Қоҳирадаги музокараларда Ўзбекистон ва Миср раҳбарлари Исроил-Фаластин муаммоси, Россиянинг Украинага қарши уруши ва Эфиопиянинг тўғон қуриш режаларига тўхталди. Президентлар ушбу масалалар бўйича мамлакатлар позициялари бир-бирига мос келишини таъкидладилар.
Қоҳирадаги «Ал-Иттиҳодия» саройида Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси музокара ўтказди. Икки мамлакат газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик бўйича келишиб олди. Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев 20−21 февраль кунлари Миср Араб Республикасида бўлади. Олий даражадаги музокараларда сиёсий, иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларида ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
Бухорода 2023 йилда йиллик электр истеъмоли 4,3 млрд кВт соатни ташкил этиб, тақчиллик 150 млн кВт соат бўлиши кутилмоқда. Президент ўтказган йиғилишда буларни қоплаш учун 740 та корхонада 22 МВтли, ижтимоий объект ва кўп қаватли уйлар устида 11 МВтли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги айтилди.
Ўзбекистон президенти БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари лавозимидаги миссиясини якунлаётган Наталья Германни қабул қилди.
Президент Тошкентдаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 1 млрд сўмдан маблағ ажратишни тасдиқлади. Маблағлар инфратузилмани ривожлантириш ва қаттиқ совуқдан зарар кўрган муҳандислик-коммуникация объектларини таъмирлашга йўналтирилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюрди. Элчи билан суҳбатда у турк халқига ҳамдардлик билдирди ва мамлакат барча зарур ёрдамга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти 1 апрелгача Тошкентга 1000 та автобус олиб келинишини маълум қилди (аввалроқ 1 мартгача экани айтилганди). Шунингдек, жорий йилда 25 та кўчада жамоат транспорти учун ажратилган йўлаклар, 20 та кўчада пуллик тўхташ жойлари пайдо бўлади.
2023 йилда Ўзбекистон барча иқтисодий механизмларни қўллаган ҳолда инфляция даражасини 10 фоиздан пастга туширишни режалаштирмоқда. Президент озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни «даладан дастурхонгача» етказиб беришдаги харажатларни қисқартириш бўйича топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида газ қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериш ҳажми 5 баробарга оширилганини маълум қилди.
Президент Андижон вилоятига ташрифи чоғида ҳоким ёрдамчиси билан маҳалладаги ишсизлик даражасини муҳокама қилди. Маҳалла аҳолисини иш билан таъминлаш бўйича маълумотлар айтилди, бироқ ишсизлар бўйича келтирилган рақамлар банд аҳоли сонига тўғри келмаяпти.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг