Самарқанд вилоятида келгуси 5 йилда камида 8 млрд АҚШ долларлик 5,5 мингдан ортиқ инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши ва бунинг натижасида 250 мингдан ошиқ доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Вилоят ҳокими 8 минг кмлик йўлларга асфальт ётқизилиб, вилоятда лой йўллар умуман қолмаслигини таъкидлади.
Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Асилбек Ашуров Пахтакор тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 2018 йилдан бери ишлаб келаётган Шукрулло Бобоевнинг ўрнини эгаллади.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров телефон суҳбати давомида фуқарони ҳақорат қилганлиги маълум бўлди. Вилоят ҳокимлигининг таъкидлашича, фуқаро уйи «снос»га тушганлиги сабабли ҳокимга қурилиш фирмасидан 400 кв метрли уй-жой ва Gentra автомобилини ундириб беришни сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган. Андижон ҳокимининг ҳаракатларига вилоят ҳокимлиги томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев келажакда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг халқ томонидан сайланишини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари кейинчалик ҳокимлар халқ депутатлари кенгаши раиси бўлмаслигини ҳам қайд этди. «Бу тизимни онгимизга сингдирмаганимиз учун, одамлар ўргансин деб уни ушлаб турибман», — деди у.
Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаб келган Шавкат Мавлянов Чилонзор ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги директори лавозимида ишлаган Шохруҳ Шоаҳмедов Шорахимович Паркент туманига ҳоким этиб тайинланди.
Когон шаҳар ҳокими этиб Ҳаёт Давлатов тайинланди. Бундан ташқари, шаҳар прокурори, ИИБ ва ДСИ раҳбарлари ҳам тасдиқланди.
Наманган вилояти ҳокими президент танқид қилган «Бунёдкор» маҳалласида яшашини маълум қилган эди. Ҳозирда ушбу ҳудудда контейнер ўрнатилиб, унинг атрофи девор билан ўралди. Бундан ташқари, уй ҳовлисида фуқароларни қабул қилиш, суҳбатлашиш, мурожаатларини тинглаш учун махсус айвон ҳам барпо этилмоқда.
Президент танқидидан сўнг, Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев ҳамда прокурори Баҳромжон Юлдашев ишдан бўшатилди. Шаҳар ҳокими лавозимига Ғофир Жамолов, прокурори этиб эса Хуршид Одилов тайинланди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев 2021 йилда Тошкент ҳудудининг бирон бир қисми Тошкент вилоятига ўтмаслигини таъкидлади. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, пойтахт яқинида йўлдош шаҳар қурилиши Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларидаги уй-жой муаммоларини ҳал қилишга қаратилади.
Молия вазирлигида бош бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган Мурадбек Давлатов Хоразм вилояти Хонқа туманига хоким этиб тайинланди.
Хоразм вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Темур Давлетов Хива ҳокими этиб тайинланди.
Ҳоким Шукрулла Ҳакимов Шофиркон тумани кўрсаткичлари «қониқарсиз» деб баҳолангани сабабли халқдан узр сўради ва йил охиригача вазиятни тўғирлаб, келаси йил туманни «яхши» деб баҳоланувчи даражага олиб чиқишга ваъда берди. Daryo нашри унинг нутқи вақтида айрим тингловчиларнинг мудраётганига эътибор қаратди.
Шароф Рашидов тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётган Хуршид Алимардонов Арнасой тумани ҳокими этиб тайинланди.
Ҳисоб палатаси ахборот-таҳлил шўъбаси мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган Хикматилло Латипов Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими этиб тайинланди.
Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев оламдан ўтди. Унга икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган эди. Олдинроқ, туман ҳоким ўринбосари Мансур Раҳмонов вафот этган эди.
Президент фармонига кўра, Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб бораётган Фарҳод Умаров вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган Жаҳонгир Иброҳимов Тошкентнинг Бектемир туманига ҳоким этиб тайинланди.
Тошкентнинг Бектемир тумани сектор раҳбарлари, жумладан, ҳоким Шоҳрух Мамажонов лавозимидан озод қилинди. Президент туманга ташрифи вақтида улар фаолиятини қониқарсиз деб баҳолади. Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ҳам лавозимини тарк этди.
Коронавирусга чалинган Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев оламдан ўтди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг